

Қизилтепалик Шерали Шодиев 15 йилдирки Россияда меҳнат қилиб, йилда бир уйига келади. Турмуш ўртоғи Моҳидил Раззоқова эса хусусий ва давлат шифохоналарида ҳамшира бўлиб ишлайди.
Ёшлигида олий маълумотли бўлишни орзу қилган ота шароит ва имкон йўқлиги туфайли бу ниятига эриша олмаган. Шу сабабли фарзандларини илмли қилиш унинг учун асосий мақсадига айланган.
Ўзи олисда бўлса-да, фарзандлари таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратган Шерали Шодиев мақсадига етишди: қизлари Фотима ва Зуҳра ишончини оқлаб, давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди. Уларнинг бу натижасига эришишида асосий масъулият оила бекаси Моҳидил Раззоқовага тушди.Ҳам икки жойда ишлаб, ҳам фарзандлар тарбиясини тўлиқ назоратга олиш она учун осон бўлмаган.
“20 йилдан бери Қизилтепа тумани кўп тармоқли поликлиникасида ҳамда хусусий клиникада ҳамшира бўлиб ишлайман. Турмуш ўртоғим 15 йилдан бери Россияга қатнайди. 4 нафар фарзандим бор. Турмуш ўртоғим четда эканлиги сабабли уларнинг тарбиясидаги масъулият кўпинча менинг зиммамда бўлади. Албатта, бу жуда оғир ва қийин: ҳам ота, ҳам она ролини бажараман.
Фарзандларимни ўзимдан узоқлаштирмай, бўлар-бўлмас кўчага чиқариб юбормасдан, ҳамма нарсани ўз ҳолича тушунтириб боришга ҳаракат қилганман. Тўғри, қийинчиликлар ҳам бўлган. Уларни енгиб ўтишда қизларим ҳам ёрдам берган. Айниқса эгизак қизларим кўнглимга қарайди, тушунишади. Мактабда ҳам ўқитувчиларидан бирор марта улар ҳақида негатив фикр эшитмаганман. Мана, иккаласи ҳам ўзлари танлаган йўналишда талаба бўлди. Шукур, бугун ана шу масъулиятнинг, меҳнатларимизнинг самарасини кўряпмиз.
Барибир ота-она фарзандининг қизиқишларига эътибор қаратиши, ўзининг орзу-ҳаваси учун уларнинг келажагини йўққа чиқармаслиги керак. Қизларимнинг қизиқишларига қулоқ тутганман, ўз талабимни қўймаганман.
Турмуш ўртоғим қизларимнинг тарбиясида анча қаттиққўл. Олисда бўлса ҳам, ҳар куни гаплашиб, назорат қилиб туради. Фарзанд тарбиясида отанинг роли муҳим, албатта” дейди Моҳидил Раззоқова.

Фотима ва Зуҳра бир-бирига икки томчи сувдай ўхшайди. Аммо қизиқишлари ҳар хил.
















