Қозоғистон президенти АЭС қуриш бўйича референдум ўтказишни таклиф қилди
Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатда атом электр станциясини қуриш бўйича умумхалқ референдумини ўтказишни таклиф қилди, чунки бу «Қозоғистон келажаги билан боғлиқ ўта муҳим масала».
Президент ушбу таклифни 1 сентябр куни халққа анъанавий мурожаатида маълум қилди. Унга кўра, АЭС қуриш муддати кейинроқ аниқланади.
«2019 йилда сайловолди дастуримда энг муҳим стратегик масалалар бўйича қарорлар референдум орқали қабул қилинишига ваъда бергандим. Атом электр станциясини қуриш ёки қуришдан бош тортиш мамлакатимиз келажаги билан боғлиқ ниҳоятда муҳим масаладир. Шунинг учун мен уни умумхалқ референдумига қўйишни таклиф қиламан», деди у.
Тўқаев республикада атом электр станциясини қуриш мақсадга мувофиқлиги ҳақида турли фикрлар борлигини тан олди.
«Бир томондан, Қозоғистон дунёдаги энг йирик уран ишлаб чиқарувчиси сифатида ўз атом генерациясига эга бўлиши керак. Баъзи экспертлар кичик реакторли станциялар қурилишини маъқуллайди. Бошқа томондан, кўплаб фуқаролар ва бир қатор экспертлар атом электр станциялари хавфсизлигидан хавотирда. Семипалатинск ядро полигонининг фожиали меросини ҳисобга олсак, буни тушуниш мумкин», деди у.
Президент бу борада муҳокамаларни ҳар томонлама давом эттириш зарурлигини таъкидлади.
Тўқаев, шунингдек, яқин беш йил ичида камида бир қанча гидро электр станциялар қайта таъмирланиши, янгилари қурилишини маълум қилди.
«Қозоғистон, асосан, электр энергиясини импорт қилмаслиги, қўшни давлатларга қарам бўлмаслиги керак. Ҳозир содир бўлаётган воқеаларни биринчи навбатда, давлат хавфсизлиги нуқтаи назаридан қабул қилиб бўлмайди», деди у.
Аввалроқ, Қозоғистонда биринчи атом электр станцияси Олмаота вилоятининг Жамбил туманидаги Улкен қишлоғи ҳудудида қурилиши ҳақида хабар берилган эди. Бироқ, Энергетика вазирлиги Қозоғистонда АЭС қурадиган компания ҳақида ҳали якуний қарорга келмагани айтилди.
Улкен қишлоғи Қозоғистоннинг Балқаш кўли яқинида жойлашган ва Тошкент шаҳридан тахминан 700 км узоқликда.
Мавзуга оид
21:23 / 13.11.2024
Дунёдаги зарарли чиқиндиларнинг бор-йўғи 1 фоизи Марказий Осиё мамлакатларига тўғри келади – Тўқаев
11:40 / 19.10.2024
Японияда биринчи марта 50 йилдан ортиқ ишлаётган АЭС реактори фаолиятига рухсат берилди
21:02 / 17.10.2024
Россияни ҳарбий жиҳатдан енгиб бўлмайди — Тўқаев
20:51 / 16.10.2024