07:23 / 01.09.2023
2459

«Тошкент» халқаро молия маркази лойиҳаси ишлаб чиқилди

Фото: Дунё

Тошкентда Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги оралиқ мажлиси бўлиб ўтди.

Жорий йилнинг 29 август куни Тошкентда Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг (ХИК) навбатдаги оралиқ мажлиси бўлиб ўтди.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотига кўра, унда етакчи хорижий инвестиция компаниялари, дипломатик миссиялар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, халқаро молия институтларининг жами 150 дан ортиқ вакиллари иштирок этди.

Тадбир доирасида Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш бўйича ишлар фаоллашгани ва бу ҳам жаҳон стандартлари ва халқаро ҳамкорлик этикасига содиқликнинг рамзи эканлиги қайд этилди. 

Сессия давомида «Инвестициялар тўғрисида»ги қонуннинг амалий жиҳатлари, солиқ маъмурчилигидаги ижобий янгиликлар, инвесторлар билан ишлаш бўйича «Ягона электрон дарча» платформасини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди ҳамда «Тошкент» халқаро молия маркази лойиҳаси тақдим этилди.

Тадбир якунида Ўзбекистонда инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича тизимли таклифларни ўз ичига олган Инвесторлар кенгашининг оралиқ мажлиси баённомаси имзоланди. Бундан ташқари, миллий қонунчиликни такомиллаштиришда техник ва маслаҳат ёрдамини кўрсатишга қаратилган Халқаро молия корпорацияси билан ҳамкорлик тўғрисидаги битим қабул қилинди.

Top