Бир пайтлар Тошкентнинг кўрки бўлган муҳташам “Чорсу” меҳмонхонаси аср бошидан бери қаровсиз ҳолда ётибди. Аввалига корейс, кейин турк ва араб инвесторлари ундан юз ўгирди. Мажмуа жозибадор нуқта – шаҳар марказида жойлашганига қарамай, унга нега эга топилмаётгани жумбоқли.
Пойтахт марказидаги Навоий, Беруний ва Самарқанд дарвоза кўчаларининг кесишмасида жойлашган меҳмонхона 1982-1983 йилларда қуриб битказилган. Унга дастлаб “Москва” номи қўйилган. Мустақилликдан кейин бу “Чорсу” номи билан ўзгартирилган.

“Чорсу” меҳмонхонаси 23 қаватли бўлиб, дастлабки 2 қавати ресторан, банкет зали, маъмурий бошқарув хоналари учун мўлжалланган. Бинонинг пастки қисмида баланд қилиб тиргакли деворлар ёрдамида супасимон композиция ташкил қилиниб, унинг яқинида жойлашган Кўкалдош мадрасасининг энг пастки қисмига тенглаштирилган.


Меҳмонхона 2000 йилларга қадар фаол равишда ишлайди. Кейинчалик туризм соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари доирасида реконструкция қилиш бўйича ишлар бошланади.

Хусусан, 2002 йил 26 ноябрда Вазирлар Маҳкамасининг “Чорсу меҳмонхона комплексини реконструкция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинади. Қарорда “Ўзбектуризм” ва “Emsash” (Туркия) фирмаси устав жамғармаси 10 млн доллар (Ўзбекистон томонининг улуши – 3 млн доллар, “Emsash” компаниясининг улуши – 7 млн доллар) бўлган “Чорсу Отел” қўшма корхонасини ташкил этиши кўзда тутилганди. Бунда “Emsash” фирмаси томонидан “Чорсу” меҳмонхона комплекси тўлиқ реконструкция қилиниши керак бўлган. Бироқ, лойиҳа тугалланмайди ва 2005 йилнинг баҳорида ҳукумат қарори бекор қилинади.


























