Мустақиллик тантаналари, байрам олдидан эълон қилинган афв, Сурхондарёда мактаб директорига ҳужум ва бошқа воқеалар — Kun.uz дайжестида.

Мустақилликнинг 32 йиллик тантаналари

«Янги Ўзбекистон» боғида ўтказилган байрам тантаналарида президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини қутлаб, нутқ сўзлади.

Президент мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар билан қаторда ҳали олдимизда турган, ҳал этилишини кутиб ётган вазифаларни ҳам тилга олди. Жумладан, экологик муаммолар ва сув танқислиги ҳақида гапирди.

«Бизнинг вазифамиз — ҳар икки йўналишда ҳам мувозанатни сақлашдан иборат. Ҳеч қачон унутмаслигимиз лозимки, табиий ресурслар — бу келажак авлодларимизга ҳам тегишли бўлган бойликдир. Шу боис, улардан нафақат бугунги, балки эртанги кунимизни ҳам ўйлаб, оқилона фойдаланишимиз зарур.

Бу борада сувни, энергия ва бошқа табиий ресурсларни тежайдиган иқтисодиётга тезроқ ўтиш муҳим аҳамиятга эга. Биз учун «яшил» ва рақамли технологиялар, инновацион ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиш вазифаси ҳам долзарб бўлиб турибди», — деди давлат раҳбари.

Президент ўз нутқида қўшни мамлакатлар билан муносабатларни яхшилашнинг аҳамиятига ҳам урғу берди.

«Биз — низоларни уруш билан эмас, тинчлик билан ҳал этиш йўлини танлайдиган халқмиз. Биз барча халқлар билан ҳамиша муросаи мадора, дўстлик ва ҳамкорликда яшаб келганмиз. Бугунги тараққиёт йўлимизда ҳам айнан шу тамойилларга таянамиз», — деди президент.

Президент нутқида пахта сиёсати Орол денгизини қуритгани, иқтисодиётни, таълим тизимини издан чиқаргани, оқибатда бир неча авлод чаласавод бўлиб вояга етганини афсус билан таъкидлади.