Жаҳон | 08:08 / 05.09.2023
7610
3 дақиқада ўқилади

Шолцнинг кўзида боғич билан тушган сурати ҳазил ва мемларга сабаб бўлди

Германия канцлери йиқилганидан кейин биринчи марта қандай кўринишда эканлигини кўрсатди. Унинг кўзига боғич боғланган сурати ижтимоий тармоқларда ўнлаб мемларга сабаб бўлди.

Фото: Steffen Kugler/dpa/Bundesregierung/picture alliance

Германия канцлери Олаф Шолц 4 сентябр, душанба куни ижтимоий тармоқларда ўнг кўзи боғлаб қўйилган ва юзида жароҳат изи бўлган ҳолда тушган суратини жойлаштирди. Бу сиёсатчининг дам олиш кунлари спорт билан шуғулланаётганда жароҳат олгани ҳақидаги хабарлардан бери биринчи расми. 

«Мемларни интиқлик билан кутмоқдаман. Яхши тилаклар учун раҳмат, у аслидагидан ҳам ёмонроқ кўриняпти», деб ёзган Шолц Х (собиқ Twitter) тармоғидаги постига

Германия канцлери қароқчи образида

Фойдаланувчилар узоқ куттирмади ва бир неча соат ичида ижтимоий тармоқларда Шолц билан ўнлаб мемлар пайдо бўлди. Уларнинг аксарияти қароқчиларга тааллуқли. Канцлер капитан Жек ва «Кариб денгизи қароқчилари» франшизасининг бошқа қаҳрамонлари, шунингдек, мультфильмлардаги қароқчилар билан солиштирилган. 

Баъзи мемларда Шолц 2006 йилда ташкил этилган Германия қароқчилари партиясининг юзи сифатида тасвирланган. 

Бошқаларида - қароқчилик контентини юклаб олиш учун сайт рекламасидек.

«Бахтсизликдаги дўстлар» 

Рус тилида сўзлашувчи фойдаланувчилар уни Алексей Навалнийга ўхшатди. 2017 йилда россиялик мухолифат етакчиси яшил бўёқ билан ҳужумга учрагач, худди шундай боғични тақиб юрган эди. Ўшанда Навалнийнинг кўзи куйган. 

Германия ҳукумати раҳбарининг сурати АҚШ собиқ президенти Доналд Трампнинг сурати билан солиштирилди, у ҳам яқинда интернетга мемларга сабаб бўлди.

Шолцнинг постига изоҳларда фойдаланувчилар канцлернинг тезроқ соғайиб кетишини ва ўз вазифасига қайтишини тилади. 

Шолц югуриш пайтида йиқилиб тушган

Аввалроқ Шолц 2 сентябр куни югуриш чоғида «кичик спорт жароҳати» олгани ҳақида хабар берилганди. Германия ҳукумати матбуот котибининг сўзларига кўра, 65 ёшли сиёсатчи йиқилиб, юзидан жароҳат олган.

Шу сабабли у 3 сентябр куни Гессен федерал ерида ўз партиясининг сайловолди тадбирларида қатнаша олмади. Бироқ унинг бу ҳафтадаги учрашувлари бекор қилинмади. 

Мавзуга оид