Дунёдаги барқарор демократияларни кузатар экансиз, бу давлатлардаги сиёсий қарашлар жуда турфа ва онгли эканини кўриш мумкин. Ўзбекистондаги сиёсий тафаккур ҳали бу ҳолатга етиб келмади.
Ҳар бир жамиятнинг сиёсий-психологик ҳолати бўлади. Демократик жамиятларда одамлар сиёсий мафкураларга кўра бўлинади, ўнглар ёки сўлларга мойиллигини доим англайди. Ўзбекистонда-чи? 2016 йилга қадар ўта ёпиқ бўлган бизнинг мамлакатимизда, сиёсий жараёнлар ва онг мутлақ музлатилган эди.
Ўзбекистон тарихида, давлат, яъни ҳокимият – жуда узоқ муддат халқдан алоҳида корпорация сифатида кўрилди. Айниқса, 2016 йилга қадар, ҳокимият жамият тафаккурини қўрқув билан бойитиш қобилиятини ўзининг энг устувор вазифаси деб билди. Барқарорлик шу усулда таъминланди. Натижада, ижтимоий фикрда “халқ-ҳокимият” дихотомияси шаклланди ва кристаллашди.
Шаклланиб бўлган демократик жамиятларда, инсонлар сиёсатчиларни уларнинг сиёсий қарашлари, сиёсий мойилликлари билан ўлчаса, Ўзбекистон жамиятида эса асосан “бу ҳокимият вакили” ва “бу ҳокимиятга қарши, мухолифат” деб соддалаштириш сақланиб қоляпти. Аслида, давлат бошқарувидаги шахслар, сиёсатчилар ҳеч қачон бир хил қарашда бўлмайди. Уларнинг сиёсий қарашлари, вазиятдан келиб чиқиб, сиёсий мотивлари ҳар доим турфа хил бўлади.
Ислоҳотлар – шаклланган тартибни ўзгартириш дегани. Шунинг учун, ислоҳотлар борасида, ҳокимият коридорларида, де-факто ҳар хил қараш ва кайфиятлар бўлиши табиий.
Назаримда, Ўзбекистон ҳокимияти атрофидаги шахсларда ҳам, ислоҳотлар борасида, учта йўналиш ёки қараш мавжуд. Либераллар – ислоҳотлар тарафдори бўлиб, улар ислоҳотлар орқали ҳаётий барқарор сиёсий тизим шаклланишини исташади, сиёсий тизим легитимликка асосланиши керак деб билишади.
Консерваторлар эса, аксинча, ўзгаришлар камроқ бўлишини, ёки қаттиқ назорат остида кечишини исташади. Қаттиқ назорат эса, ўзгаришларни моҳиятан ва шаклан нобуд қилади. Ўзбекистондаги сиёсий консерваторлар – бу 2016 йилга қадар даврга ориентир оладиган шахслар, гуруҳлар ва кучлар ҳисобланишади. Чунки уларнинг сиёсий қарашлари, зеҳнияти ўша даврда шаклланиб, мустаҳкамланди. Айниқса, хавфсизлик ва барқарорликни ўзларининг энг муҳим қадриятлари деб биладиган шахслар ва соҳа вакиллари энг ёпиқ консерваторлар ҳисобланишади.
Ўртадаги қатлам эса – комформистлар, конюнктурачилар. Улар қайси томоннинг қўли баланд келса, ўзларини шу томон қилиб кўрсатишади.
Ҳар қандай ҳокимият ичида манфаатлар кураши бўлиши табиий. Манфаатлар эса, дунёқараш билан талқин қилинади. Ҳудди шундай, бугунги Ўзбекистон ҳокимияти ичида ҳам, либераллар, консерваторлар ва комформистлар ўртасидаги зиддиятлар, курашлар бўлиши табиий.

















