Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Германияда Шолцнинг партияси рейтинги 16 фоизга тушиб кетди
Ҳукмрон коалициянинг бир қисми бўлган ГСДПни немисларнинг атиги 16 фоизи қўллаб-қувватлаяпти - бу август ойи охиридаги сўров натижаларидан 1 фоизга кам.
Германия канцлери Олаф Шолцнинг Социал-демократик партияси (ГСДП) фаолиятини маъқуллаш рейтинги 2021 йилги федерал сайловлардан бери энг паст даражага етди, деб хабар бермоқда Германиянинг n-tv янгиликлар канали.
Forsa ўтказган сўров натижаларига кўра, ҳукмрон коалиция таркибига кирувчи ГСДПни немисларнинг атиги 16 фоизи қўллаб-қувватлаяпти – бу август ойи охиридаги сўров натижаларидан 1 фоизга кам.
«Социал-демократлар охирги федерал сайловлардан бери энг паст даражага тушди. Христиан-демократик иттифоқ (ХДИ) ва Христиан-ижтимоий иттифоқ (ХИИ) мухолифат фракцияси раҳбари Фридрих Мерц учун ишлар бироз яхшиланмоқда», - дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ХДИ/ХИИ мухолифат альянси 27 фоиз билан рейтингнинг биринчи поғонасида, «Германия учун муқобиллик» ўта ўнгчилар партияси эса 21 фоиз овоз билан иккинчи ўринда. ГСДП кучли учликнинг охирида турибди - унинг коалициядаги ҳамкорлари «Яшиллар» ва Эркин демократик партия мос равишда 14 ва 7 фоиз овоз олди.