Италия вазири Самарқанддан лол, Молдова вазирлиги котиби озиқ-овқат хавфсизлигидан ташвишда
Самарқандда ўтаётган Халқаро озиқ-овқат хавфсизлиги конференциясида хорижий давлатлар қишлоқ хўжалиги вазирлари ва вакиллари ҳам иштирок этишмоқда. Италия қишлоқ хўжалиги вазири Франческо Лоллобрижида ва Молдова Республикаси Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазирлиги давлат котиби Юрий Скрипник журналистларнинг саволларига жавоб қайтаришди.
Италия қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва ўрмон вазири Франческо Лоллобрижида Ўзбекистон унга жуда ёққанини айтиб, келгусида Ўзбекистон билан наслдор чорвачиликни ривожлантириш масаласида ҳамкорликни кучайтириш ҳақида таъкидлаб, келгусида бу йўналишда биргаликда қўшма корхоналар ташкил этиш имконияти борлигини гапириб ўтди.
«Италия Ўзбекистондек тезда ривожланиб бораётган давлат билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор. Мен Ўзбекистонни ушбу жуғрофий зонадаги ишончли ҳамкорлардан, деб биламан. Бир неча ой аввал давлатларимиз раҳбарларининг Италияда бўлиб ўтган учрашуви муносабатларимизнинг янгича шиддат билан ривожланишига туртки бўлди. Жумладан, қишлоқ хўжалиги, жумладан чорвачилик соҳасида. Ҳамкорлигимиз қишлоқ хўжалигига оид илмий йўналишларда ҳам йўлга қўйилмоқда.
Ўзбекистон ва Италия бой тарих ва маданиятга эга давлатлар. Бу омилларнинг барчаси халқларимизни бирлаштиради ва биз келгусида илмий-тадқиқот ишларимизда ҳам муштаракликни йўлга қўймоқчимиз.
Мен муҳим тадбирга таклиф этгани учун жаноб вазир Воитовга ташаккур билдираман. Италиядаги учрашувимизда кўтарилган масалалар, келишувлар Самарқандда ҳам давом эттирилди.
Италиянинг агросаноат комплексида йирик шохли қорамоллар етиштириш дунёда етакчи ўрин тутади. Ўзбекистон билан наслдор чорвачиликни ривожлантириш масаласида ҳамкорликни кучайтирамиз, келгусида бу йўналишда биргаликда қўшма корхоналар ташкил этиш имкониятини ишга соламиз.
Сўзим якунида шуни алоҳида қайд этишим керакки, менда Ўзбекистон катта таассурот қолдирди, айниқса қадимий Самарқанд шаҳри жуда ёқди», — деди Италия қишлоқ хўжалиги вазири Франческо Лоллобрижида.
Молдова Республикаси Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазирлиги давлат котиби Юрий Скрипник халқаро конференцияда иштирок этишдан кўзланган мақсадлари ҳақида гапириб берди.
Икки-уч йил муқаддам биз озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи бу қадар долзарб бўлишини хаёлимизга ҳам келтирганимиз йўқ эди. Орада биз COVID-19 пандемиясини бошдан кечирдик, бугунги кунда бизнинг чегарамиз яқинида — Украинада уруш бормоқда. Ҳар бир давлат ўзини қандай қилиб озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашни ўйлаб қолди.
Биз шунинг учун ҳам ушбу конференцияда қатнашмоқдамиз. Биргаликда, бирлашиб олдимизда турган масалаларни ечишимиз керак. Ҳар бир давлат алоҳида ўзи учун, шунингдек, бутун дунё давлатлари бирлашиб ечадиган масалалар бор.
Хусусан, Молдовага таҳдидлар ҳақида гапирадиган бўлсам, илгари мамлакатимизга ҳар беш-олти йилда бир марта қурғоқчилик таҳдид солиб турган бўлса, энди эса деҳқонларимиз йил оралаб сувсизликдан қийналишмоқда. Бу бизнинг келгусида қандай қилиб кўпроқ, сифатлироқ маҳсулот етиштириш бўйича стратегиямизни тубдан ўзгартиради.
Бутун дунёни оладиган бўлсак, ҳар бир мамлакатнинг алоҳида эҳтиёжини қондирадиган даражага чиқиш учун ҳали биргаликда кўп меҳнат қилишимиз керак. Чунки йилдан йилга сайёрамизда ҳаво исиб кетяпти, бундай шароитда дон маҳсулотларини етиштириш ҳам, мева-сабзавот етиштириш ҳам қийинлашиб бораверади. Яъни биз кейинги ўн йилликларда қандай яшашимиз, озиқланишимиз, қишлоқ хўжалигида нималар қилишимиз ҳақида қайғуришимиз керак. Бош мақсад — халқ дастурхонидан озиқ-овқат маҳсулотлари узилмаслигига эришиш.
Айни пайтда биринчи галда маълум бир озиқ-овқат маҳсулотларига эҳтиёжи бўлган мамлакатларнинг талабини қондириш билан шуғулланиш керак. Масалан, Украинада мавжуд ғалла захираларини Африка қитъасига қандай етказиш чораларини излаш керак.
Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz мухбири