Cамарқандда илк бор Халқаро озиқ-овқат хавфсизлиги конференцияси 7-8 сентябр кунлари ўтказилмоқда. Муҳим анжуманга тайёргарлик кўриш, уни ўтказишдан кўзланган мақсад хусусида Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов журналистлар билан брифинг ўтказди, сўнгра Kun.uz мухбири саволларига жавоб берди.
— Тадбирдан кўзланган мақсад нима? Умуман, бундай нуфузли анжуманнинг Ўзбекистонда ўтказилиши қандай бошланди?
— Конференцияни ўтказишдан асосий мақсад — дунё ҳамжамияти олдимизда турган асосий масалаларни биргаликда қайта кўриб чиқиш ва мавжуд муаммоларга биргаликда ечим топишдан иборат. Яъни давлатларнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, очликни бартараф этиш йўналишида олиб борилаётган ишлари билан танишиш, тажриба алмашиш ва асосий масалаларга ечим топишдан иборат.
Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференциянинг бу тарзда ташкил қилиниши президентимиз Ш.Мирзиеёвнинг роппа-роса бир йил муқаддам мана шу шаҳарда ўтган ШҲТ саммитида кўрсатган ташаббуси туфайли юз бермоқда.

Президентимиз ўтган йили илгари сурган ташаббус бугунга келиб нечоғлик долзарб бўлиб турганини кўриб турибмиз. Геосиёсий вазият, иқлим ўзгаришлари, табиий ресурслар етишмовчилиги билан боғлиқ глобал муаммолар замонида озиқ-овқат хавфсизлиги нафақат бизнинг халқимизни, бутун дунёдаги инсонларнинг соғлом таомланиши жуда катта масала бўлиб турганига барчамиз гувоҳмиз.
Шунча давлатлардан вазирлар, мутахассислар, умуман, шу соҳа вакилларининг йиғилиши — ушбу муаммонинг қанчалик долзарблиги, шунингдек, Ўзбекистонда соҳада олиб борилаётган ислоҳотларга қизиқиш ва ишонч борлигидан далолат беради.
Маълумот ўрнида: Қайд этиб ўтиш керак, мазкур нуфузли анжуман Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти — FAO’нинг техник кўмаги билан ташкиллаштирилмоқда.
Анжуманда 30 дан ортиқ давлатдан вазирлар ва дипломатлар, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Жаҳон банки, Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Ислом ташкилоти, Осиё тараққиёт банки каби ва бошқа халқаро ташкилотлар, молия институтлари ва илмий ташкилотларнинг вакиллари иштирок этади










