Полша бош вазири Матеуш Моравецкийнинг айтишича, ҳатто «Вагнер» раҳбари Евгений Пригожиннинг ўлими ҳам Полша хавфсизлигига Россия томонидан таҳдидни камайтирмаган. Полша ҳукумати узоқ йиллардан бери шарқий чегарани мустаҳкамлашга жиддий ёндашади. Россия ва Украина ўртасида кенг кўламли уруш бошланганидан кейин бу қарор мантиқийлигига ишонч ортди.

Пригожин исёни ва унинг ёлланма аскарларининг Беларусга кўчиши Полша-Беларус чегараси яқинидаги поляк қўшинлари сони деярли икки баравар кўпайишига олиб келди — уларнинг сони 10 мингга етиши мумкин. Полша Фанлар академиясининг сиёсатшунослик кафедраси доценти ва Hertie бошқарув мактаби Халқаро хавфсизлик маркази профессори Моника Сус «Медуза» нашрига Россия-Украина уруши Полшанинг ўз хавфсизлиги ҳақидаги ғояларига қандай таъсир қилгани ва бу вазият Полша ҳукмрон партияси учун нега фойдали эканини тушунтирган.

— Сўнгги ойларда Полшанинг шарқий чегарасида кескинлик анча кучайганга ўхшайди. Умуман олганда, Россиянинг Украинага бостириб кириши Полша хавфсизлик сиёсатига қандай таъсир ўтказди?

— Қисқароқ қилиб, шундай жавоб бериш мумкин: Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини Полша учун кутилмаган ҳолат бўлмади. Совуқ уруш тугаганидан кейин Полша Россияни ўз хавфсизлигига асосий таҳдидлардан бири деб ҳисоблади. Россия 2008 йилда Гуржистонда урушиб, 2014 йилда Қримни аннексия қилиб, ўз империалистик сиёсатини давом эттирганида, унинг (Украинага) бостириб кириши муқаррардек туюлди, бироқ ҳеч ким бу тўлиқ миқёсли уруш бўлишини ўйламаганди.

Поляклар ғарбнинг бошқа давлатларини Россия тобора тажовузкор сиёсат олиб бораётганидан огоҳлантирган. Полша НАТОга (1999 йилда) қўшилганидан бери унинг устувор вазифаси алянсни шарқий қанотни мустаҳкамлаш зарурлигига ишонтириш бўлган. Бу масала бўйича Полша АҚШ билан яқиндан ҳамкорлик қилган (ва ҳозир ҳам қилмоқда). Лекин, албатта, бу Варшаванинг Европа Иттифоқи доирасидаги мудофаа интеграциясига қарши эканини англатмайди. Масалан, Полша Германия ва Буюк Британиянинг Литва билан бу борадаги ҳамкорлигини олқишлайди. Шунингдек, у (Европа Иттифоқида) хавфсизлик ва мудофаа соҳасида ҳамкорлик қилишга қаратилган турли ассоциациялар аъзоси, масалан, PESCO (Хавфсизлик ва мудофаа масалалари бўйича доимий ҳамкорлик).

Кенг кўламли босқин бошлангач, менимча, Полшанинг хавфсизлик сиёсати йўналиши ўзгармади. Аммо мудофаа харажатлари сезиларли даражада ошди. НАТО аъзоси сифатида Полша ялпи ички маҳсулотининг икки фоизини мудофаа харажатларига сарфлайди. 2022 йилда ҳукумат мудофаа мақсадлари учун ялпи ички маҳсулотнинг деярли 2,5 фоизини ажратди ва 2024 йилда бу миқдорни 4 фоизга олиб чиқишни режалаштирмоқда. Ўйлашимча, АҚШдан ҳарбий техника сотиб олиб, ўз сафига янги ҳарбий хизматчиларни жалб қилишга интилаётган Полша армияси Европа Иттифоқининг энг кучли армияларидан бирига айланиш арафасида (Полшада мажбурий ҳарбий хизмат тўғрисидаги қонун йўқ, одамлар ихтиёрий равишда армияга қўшилади; гарчи бу мавзуда баъзида мунозаралар бўлиб турса ҳам, ҳозирча буни ўзгартириш режалаштирилмаган).