Дунёнинг бизнес маркази – Ню-Йоркдаги эгиз бинолар. Оддий кунлардан бири ва биноларда одатдагидай иш қизғин. Шу пайт олдинма-кейин иккита бинога ҳам нимадир келиб урилиб, улар қаттиқ силкиниб кетади. Одамлар нима бўлганини тушунишга улгурмай, тепа қаватлардан бетон бўлаклари пастга учиб туша бошлайди. Ёнғин юз беради ва кўп ўтмай 110 қаватли иккита бино батамом қулаб тушади.

Бундан роппа-роса 22 йил аввал, 2001 йил 11 сентябр куни АҚШда мисли кўрилмаган терактлар амалга оширилади. «Ал-Қоида» террорчилик ташкилотининг аъзолари бўлган одамлар тўртта йўловчи самолётини парвоз давомида эгаллаб олишади.

Сўнг улардан иккитасини Ню-Йорк шаҳрининг бизнес рамзи – Жаҳон савдо марказининг иккита осмонўпар биносига, бирини Пентагонга (АҚШ Мудофаа вазирлиги бош идораси) ва яна бирини Вашингтондаги Оқ уй ёки Капитолийга (Вашингтондаги Конгресс биноси) йўналтиришади.

Террорчилар учта самолётни режада белгиланган биноларга олиб бориб уришади. Иккитаси Ню-Йоркдаги осмонўпар эгиз биноларга урилиб, уларнинг қулашига сабаб бўлади.

Ўғирлаб кетилган учинчи самолёт Пентагон биносига зарар етказади. Тўртинчи самолёт Пенсилвания штатидаги Шанксвилл яқинидаги далага қулаб тушади.

Терактлар оқибатида 3000 дан ошиқ одам, шунингдек, самолётларни эгаллаб олган 19 нафар террорчи ҳам ҳалок бўлади.

Аввалги материалимизда ушбу ҳодисанинг келиб чиқиш сабаблари, ҳодисадан сўнг АҚШ армиясининг Афғонистон ва Ироққа бостириб кириши ва бошқа ҳодисалар батафсил ҳикоя қилинганди. Бу материалда терактнинг қисқача тафсилотлари ва унда айбланган шахслар ҳақида маълумот берамиз.

Ҳодиса тафсилотлари

Ню-Йоркдаги Манхеттен оролида жойлашган Жаҳон савдо маркази еттита бинодан иборат мажмуа эди. Унинг марказида иккита 110 қаватли шимолий ва жанубий осмонўпар эгиз бинолар жойлашганди.

Ҳар бир бинода тахминан 35 минг киши ва 430 компания учун офис майдони бўлган. Террорчилар ўз ҳаракатларини 2001 йил 11 сентябр куни эрталаб бошлашади.

Бу пайтда савдо марказида ишлаб турган одамлар бироздан сўнг бошларига нима тушишини хаёлларига ҳам келтирмаган ҳолда одатдагидай ишлар билан банд бўлишади.