Иқтисодиёт | 07:54 / 12.09.2023
10062
2 дақиқада ўқилади

Германия Ўзбекистонда янги тўқимачилик фабрикасини ишга туширади

Германияда Ўзбекистон тўқимачилик саноати кунлари бўлиб ўтди.

Фото: Юрий Корсунцев

Шу йилнинг 28 август - 2 сентябрь кунлари Германия бўйлаб Ўзбекистон тўқимачилик саноати кунлари ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Ўзбекистон тўқимачилик саноати кунлари доирасида «Ўзбекистон-Германия» тўқимачилик форуми, В2В шаклидаги учрашувлар уюштирилди. 

Музокаралар натижасида машҳур немис брендларини жалб қилиш ва ўзбек тўқимачилик маҳсулотларини Европа бозорига етказиб бериш бўйича Германиянинг йирик Würth Modyf, FALKE ва Lidl компаниялари ҳамда ELMOD ритейлери билан келишиб олинди. Nina Von C брендининг Ўзбекистонда янги ишлаб чиқариш фабрикасини ишга тушириш ва мазкур ёрлиқ остидаги маҳсулотларни Европа бозорига етказиб бериш бўйича келишувларга эришилди.

Бундан ташқари, трикотаж ишлаб чиқариш учун малакали технолог мутахассисларни тайёрлашга ихтисослашган Германия олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, онлайн вебинар ва ўқув курсларини ташкил этиш бўйича бир тўхтамга келинди.

Ўзбекистон делегацияси аъзолари Helaba Bank, OddoBank ва LBBW Bank банклари раҳбарлари билан музокаралар ўтказди. Учрашувлар давомида германиялик ишлаб чиқарувчилар билан амалга ошириладиган янги тўқимачилик лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этишни молиялаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид