5 йилда қарийб 1 млрд доллар сармоя – Ўзбекистонда сув таъминоти тизимини яхшилашга ҳаракат қилинмоқда
Ҳозирда 25,6 фоиз аҳолига ичимлик сув махсус техникалар ёрдамида ташиб келтирилади. 2030 йилга келиб марказлашган ичимлик сув билан таъминланганлик даражасини 90 фоизга етказиш режа қилинмоқда.
Сенаторлар томонидан Жиззах вилояти Зафаробод туманидаги Бирлик ва Ёрқин маҳаллалари аҳолисининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш масаласи кўтарилган эди. Мазкур маҳаллалар ҳудудигача диаметри 450 мм бўлган, узунлиги 13,5 км ичимлик сув қувурларини янгидан қуриш учун 7 млрд сўм ажратиш режалаштирилган.
Ушбу масала юзасидан Сенатнинг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси масъул этиб белгиланиб, тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда масалага ечим топиш юзасидан ишлар олиб борилди.
Маълум қилинишича, “Ўзсувтаъминот” АЖ, Жиззах вилояти ҳокимлиги ишчи гуруҳ тузиб, “Файз коммунал қурилиш” МЧЖ томонидан 7,2 млрд сўмлик 15 км ичимлик сув тизимларини қуриш ишлари амалга оширилган. Натижада ҳар икки маҳалла аҳолиси ичимлик сув билан таъминланган.
Кейинги йилларда республикада ичимлик сув таъминоти тизимини яхшилашга доир кўплаб ишлар амалга ошириляпти. Бу мақсад учун сўнгги беш йил ичида қарийб 1 млрд доллар сармоя киритилган.
Маълумотларга кўра, 2017-2023 йиллар мобайнида жами 5 870 та объектда қурилиш ишлари олиб борилиб, салкам 32 минг км ичимлик ва оқова сув тармоқлари қурилган ва реконструкция қилинган. Ушбу ишлар натижасида 11,8 млн аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланиб, 6,6 млн аҳоли илк бор ичимлик сув билан таъминланган.
Ўзбекистонда 2030 йилга келиб марказлашган ичимлик сув билан таъминланганлик даражасини 90 фоизга етказиш режа қилинмоқда: 2023-2030 йилларда республика бўйича қарийб 50 минг кмдан зиёд ичимлик сув тармоқлари ҳамда 2 000 дона иншоот қуриш ва реконструкция қилиш кўзда тутилган. Ушбу ишларга 28,5 трлн сўм (18 трлн сўми халқаро молия институтлари иштирокида) маблағ ажратилади.
Ҳозирги кунда республикада 25,6 фоиз аҳолига ичимлик сув махсус техникалари ёрдамида ташиб келтирилади. Мавжуд бўлган 10 942 та сув иншоотининг ҳар бештасидан биттаси, 89 минг км марказий ва ички тармоқларнинг 26,5 фоизи таъмирталаб ҳолатга келиб қолган.
Мавзуга оид
09:56 / 24.09.2024
Жиззахда ҳайдовчи Дамасга катта ёшдаги 14 кишини миндириб ҳаракатланди
14:28 / 08.09.2024
Бировнинг номига 20 млн сўм кредит олиб ўзлаштириб юборган шахс ушланди
12:32 / 08.09.2024
“Ўзсувтаъминот” муҳим эслатма билан чиқди
22:38 / 07.09.2024