
Фото: agroinspeksiya.uz
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2050 йилга бориб сув ресурслари Ўзбекистоннинг асосий дарёлари — Сирдарё ҳавзасида 5 фоизгача, Aмударё ҳавзасида 15 фоизгача камайиши кутилмоқда.
Бошқа томондан, аҳолининг ўсиши ҳисобига Ўзбекистонда 2030 йилга бориб сувга бўлган талаб 7 млрд метр кубни ташкил этиши, 2050 йилга бориб бу кўрсаткич икки баробарга ортиши — 14 млрд метр кубга етиши мумкин.
Шуларни инобатга олиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда сув ресурсларидан фойдаланиш тубдан ислоҳ қилинмоқда. Асосий масала — сувдан оқилона ва самарали фойдаланиш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш.
Жумладан:
· 2017–2023 йилларда жами 1,2 млн ha ер майдонларида (ёки қишлоқ хўжалиги экин майдонларининг қарийб 31 фоизида) сув тежовчи технологиялар жорий этилди. Бу томчилатиб, ёмғирлатиб, дискрет суғориш, эгилувчан қувур, плёнка тўшаб суғориш каби технологияларни ўз ичига олади, ушбу йилларда 630 минг ha ер лазер ёрдамида текисланди;
· 2019 йилдан сувни тежовчи технологияларни жорий этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича субсидия ажратиш механизми йўлга қўйилиб, 2022 йилдан бошлаб ушбу тизим рақамлаштирилди;
· Сув хўжалиги соҳасига рақамли технологияларни жорий қилиш мақсадида 5479 та «Ақлли сув» қурилмаси, насос станцияларига 1446 та онлайн назорат қурилмаси ҳамда мелиоратив кузатув қудуқларига минераллашганлик даражасини онлайн назорат қилувчи 5055 та «Diwer» қурилмалари ўрнатилди, 45 та йирик сув хўжалиги объектларининг бошқарув жараёни автоматлаштирилди;

Амалга оширилган бу чора-тадбирлар натижасида, 3 млрд метр куб сув иқтисод қилиниб, қўшимча 400 минг ha майдонда сув таъминоти яхшиланди. Сувни бошқариш жараёнини автоматлаштириш орқали йўқотишлар 10 фоизгача камайтирилди.
Сув тежовчи технологияларни маҳаллийлаштириш даражаси 80 фоиз бўлиб, мамлакатда бу билан шуғулланадиган корхоналар сони 50 тадан ошган. Ўзбекистон сув тежовчи технологияларни жорий қилиш бўйича Марказий Осиёда биринчи, МДҲ давлатлари орасида иккинчи, Осиёда тўртинчи ва дунёда 13-ўринни эгаллайди.

















