Иқтисодиёт | 12:20 / 18.09.2023
19635
2 дақиқада ўқилади

2023 йилнинг 8 ойида давлат бюджети дефицити 39 трлн сўмга етди

Январь-август ойларида Ўзбекистон давлат бюджети тақчиллиги 39 трлн сўмга етди. Бу ўтган 2022 йилдаги умумий консолидациялашган бюджет дефицитидан (35,2 трлн сўм) ҳам кўп. Ҳукумат прогнозларида 2023 йил якунлари бўйича 4,2 трлн сўмлик бюджет профицити бўлиши керак эди.

Фото: Kun.uz

Жорий йилнинг дастлабки 8 ойи давомида давлат бюджети даромадлари 140,4 трлн сўмни, харажатлари эса 179,4 трлн сўмни ташкил этди. Мазкур даврда бюджет дефицити 39 трлн сўмга етган.

Хусусан, биринчи ярим йиллик якунлари бўйича давлат бюджети даромадлари 102,3 трлн сўм, харажатлари эса 129,1 трлн сўмдан иборат бўлгани маълум қилинганди. Июль-август ойларида эса бюджет даромадлари 38,1 трлн сўм, харажатлари эса 50,3 трлн сўм бўлган.

Маълумот учун, ҳукумат жорий йилги давлат бюджетининг даромадлари ва харажатлари ўртасидаги ижобий фарқ 4,2 трлн сўмга (профицит) тенг бўлишини прогноз қилганди. Хусусан, 2023 йилда даромадлар 232,1 трлн сўмни, харажатлар 227,8 трлн сўмни ташкил этиши керак эди.

2023 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонун билан жорий йилда консолидациялашган бюджет тақчиллигининг чекланган миқдори ЯИМга нисбатан 3 фоиз миқдорида белгиланган. Қонунга кўра, йил давомида давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш, шу жумладан дефицитни молиялаштириш учун олинадиган қарзлар миқдори 2 млрд доллардан ошмаслиги керак.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунда ҳам дефицит бўйича 3 фоизлик лимит кўрсатилган, лекин давлат харажатлари даромадлардан кескин ортиб кетиши ортидан, бюджет қонунига ўзгартириш киритилиб, лимит 4 фоизга кўтарилганди.

Ўтган йили бюджет тақчиллигининг белгиланган лимитдан ошиши ижтимоий соҳа, иқтисодиёт ва аҳолини қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасига инвестиция харажатларининг ошиши билан изоҳланганди. Тақчилликнинг 47 фоизи халқаро молия институтларидан олинган қарз эвазига қопланган.

Мавзуга оид