Украина дон импорти тақиқи учун Полша, Венгрия ва Словакия устидан ЖСТга шикоят қилди
Даъвога учта мамлакат томонидан Европа комиссияси тавсияларига зид равишда Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўз ҳудудига киритишга қўйилган тақиқни узайтиргани сабаб бўлган.
Украина ҳукумати Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) доирасида Полша, Венгрия ва Словакия билан маслаҳатлашув ўтказиш учун талаб киритди. Даъвога учта мамлакат томонидан Европа комиссияси тавсияларига зид равишда Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўз ҳудудига киритишга қўйилган тақиқни узайтиргани сабаб бўлган.
«Биз учун Европа Иттифоқига аъзо давлатлар Украина товарлари импортини алоҳида тақиқлай олмаслигини исботлаш муҳим. Шунинг учун биз уларга қарши ЖСТга даъво аризасини топширамиз. Шу билан бирга, умид қиламизки, бу давлатлар ўз чекловларини олиб ташлайди ва биз узоқ вақт давомида судларда қолиб кетмаймиз. Бизга улар билан бирдамлик ва фермерлар манфаатларини ҳимоя қилиш зарур. Биз қўйган қадамлар ва Европа комиссияси ва бошқа аъзо давлатларнинг босими Украина ва қўшни давлатлар ўртасидаги нормал савдони тиклашга ёрдам беради, шунингдек, ўртамизда бирдамликни намоён этади», деди Украина бош вазири биринчи ўринбосари, иқтисодиёт вазири Юлия Свириденко.
Вазир сўзларига кўра, бир томонлама импорт тақиқлари туфайли украиналик экспортчилар аллақачон катта зарар кўрган ва кўришда давом этмоқда. Украина буни Европа Иттифоқининг уч мамлакати томонидан халқаро мажбуриятларининг бузилиши деб ҳисоблайди.
Еврокомиссия май ойида Украина донини Полша, Болгария, Венгрия, Руминия ва Словакияга олиб киришга вақтинчалик тақиқ жорий қилди. Бу ушбу мамлакатлар расмийлари томонидан Украина ғалласининг арзонлиги ўз бозорлари ва фермерларига зарар етказаётгани ҳақида шикоят қилганидан кейин содир бўлди.
16 сентябрда Европа Комиссиясининг тақиқ муддати тугади ва Брюссел уни узайтирмади. Украина, ўз навбатида, бозорда нархларнинг кескин кўтарилишига йўл қўймаслик учун турли ҳуқуқий чораларни (шу жумладан экспортни лицензиялаш тизимини) жорий этишга рози бўлди. Полша, Венгрия ва Словакия Брюсселнинг қарорига рози бўлмади ва бир томонлама тақиқлар киритилганини эълон қилди.
Мавзуга оид
08:37
Сибига: Украина қанчалик узоқроқ зарба берса, уруш шунчалик тезроқ тугайди
01:00
Боррел АҚШ Киевга 300 километргача бўлган масофада Россия ичкарисига зарба йўллашга рухсат берганини тасдиқлади
22:02 / 18.11.2024
Украина узоқ масофага учадиган ракеталар учун рухсат олди: энди нима бўлади?
21:08 / 18.11.2024