Байден БМТ Хавфсизлик кенгашини ислоҳ қилишга чақирди
БМТ Бош ассамблеясида нутқ сўзлаган АҚШ президенти Хавфсизлик кенгаши аъзолари таркибини кенгайтиришни таклиф қилди ва бутун дунёни Украинага ёрдам бериш учун бирлашишга чақирди.
АҚШ президенти Жо Байден 19 сентябр, сешанба куни БМТ Бош ассамблеясида нутқ сўзлаб, БМТ Хавфсизлик кенгашини ислоҳ қилишга чақирди ва Украинани қўллаб-қувватлашини яна бир бор таъкидлади. Унга кўра, иқтисодий жиҳатдан кичикроқ давлатлар халқаро институтларда кўпроқ таъсир ва салмоққа эга бўлиши керак. Шунинг учун, деди Байден, БМТ Хавфсизлик кенгашини ислоҳ қилиш, доимий ва доимий бўлмаган аъзоларни киритиш зарур. «Биз тараққиётга ва кенгашда консенсусга тўсқинлик қиладиган блокадаларни енгиб ўтишимиз керак», деди Байден.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш ўзининг кириш сўзида ҳам ташкилот Хавфсизлик кенгашини ислоҳ қилишга чақирди. «Дунё ўзгарди, лекин бизнинг институтларимиз ўзгармади. Агар институтлар дунёни ҳозиргидек акс эттирмаса, биз ҳозирги муаммоларни самарали ҳал қила олмаймиз. Улар ечим ўрнига муаммоларнинг бир қисмига айланиши мумкин. Кўп томонлама тузилмаларни 21-асрнинг иқтисодий ва сиёсий воқелигига асосланган ҳолда ўзгартириш вақти келди», деди Гутерриш.
Байден бутун дунёни Украинага ёрдам беришга чақирди
Жо Байден, худди бир йил олдинги каби, ўз нутқининг бир қисмини Украина урушига бағишлади. «Россия дунё чарчаши ва Украинадаги воқеалар учун чоралар кўрмаслигини кутмоқда. Лекин мен сизга савол бермоқчиман: агар биз уни тинчлантириш учун БМТ Низоми асосий тамойилларидан воз кечсак, бошқа аъзо давлатларнинг етарлича ҳимояга эга эканига ишончи қоладими?» - дея АҚШ президенти йиғилиш иштирокчиларига мурожаат қилди.
«Агар биз Украинанинг бўлинишига йўл қўйсак, бирон бир давлатнинг мустақиллиги таъминланадими? Жавоб - йўқ. Эртага бошқа потенциал тажовузларнинг олдини олиш учун бугун бунга қарши туришимиз керак», - деди Байден.
Бразилия президенти урушни «мулоқот» орқали тугатишга чақирди
Бразилия президенти Луиз Инасиу Лула да Силва ҳам Украинадаги уруш мавзусига тўхталиб, «мулоқот» орқали ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирди. Уруш, деди у, «Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомининг мақсадлари ва тамойилларига риоя қилишни таъминлашда жамоавий муваффақиятсизликни» кўрсатди. «Агар у мулоқотга асосланмаса, ҳеч қандай ечим доимий бўлмайди», деди да Силва.
20 сентябр, чоршанба куни Бразилия президенти Ню-Йоркда БМТ Бош ассамблеясида иштирок этган Владимир Зеленский билан учрашади.
Мавзуга оид
17:00 / 05.11.2024
Ўтган юз йилда цунами 260 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди — БМТ
14:10 / 05.11.2024
БМТ: РФ ва КХДР ўртасидаги ҳамкорлик «хавфли эскалация»га олиб келади
13:50 / 05.11.2024
Исроил БМТга UNRWA фаолияти тақиқлангани ҳақида расман хабар берди
14:50 / 01.11.2024