Жаҳон | 09:39 / 21.09.2023
7737
3 дақиқада ўқилади

Боку: Арманистон бошқа мамлакатларнинг геосиёсий рақобати воситаси бўлмаслиги керак

Ҳожиевнинг айтишича, Арманистон Зангезур коридорини очиш билан боғлиқ муаммолар яратишда давом этмоқда.

Фото: Anadolu Agency

Озарбойжон президентининг ёрдамчиси Ҳикмат Ҳожиев Арманистонни бошқа давлатларнинг геосиёсий рақобати воситасига айланмасликка чақирди. Маҳаллий матбуот ёзишича, Ҳожиев бу ҳақда Бокуда журналистлар учун ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтган.

Унинг фикрича, бошқа давлатларнинг геосиёсий рақобатини Жанубий Кавказга ўтказишга ҳожат йўқ. 

Ҳожиев қайд этишича, Озарбойжоннинг позицияси - минтақавий муаммоларни минтақада ҳал қилиш керак. «Жанубий Кавказ минтақаси узоқ вақтдан бери можаролар ва таҳдидлардан азият чеккан. Арманистон, ўз навбатида, бундай сиёсатни амалга оширишда воситага айланмаслиги керак», — деди у. 

Ҳожиевнинг айтишича, Арманистон Зангезур коридорини очиш билан боғлиқ муаммолар яратишда давом этмоқда. 

«Уч томонлама баёнот доирасида Арманистон ўз зиммасига олган мажбуриятлардан бири Нахчиваннинг Озарбойжон асосий қисми билан боғланишини таъминлаш эди. Лекин у бу мажбуриятларини бажармади ва Зангезур йўлагини очишда муаммо туғдирмоқда», - дея таъкидлади у. 

Ҳажиевнинг сўзларига кўра, Озарбойжон Қорабоғнинг арман аҳолиси вакиллари билан 21 сентябр куни Евлах шаҳрида бўлиб ўтадиган учрашувда музокаралар олиб боришга тайёр. Ҳозирги босқичда асосий масала - Қорабоғнинг арман аҳолисини реинтеграция қилиш, деди у. 

Ҳожиев, шунингдек, расмий Боку минтақада тинчликка эришиш ва Ереван билан муносабатларни нормаллаштириш тарафдори эканини таъкидлади. 

У Озарбойжон томонидан Қорабоғда олиб борилаётган терроризмга қарши чора-тадбирлар арман тинч аҳолисига қарши қаратилган эмаслигини таъкидлади. Аммо Қорабоғда ноқонуний қуролли гуруҳлар мавжудлиги унинг арман аҳолисининг Озарбойжон жамиятига қайта қўшилишига тўсқинлик қилган, дейди у. 

«Бу маҳаллий, чекланган миқёсдаги тадбирлар эди. Озарбойжон армияси жуда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилди ва тинч аҳоли манзилларига зарба бермади», деди у. 

Ҳожиевнинг сўзларига кўра, арман томони ҳарбий объектларни турар жой ва фуқаролик муассасаларига жуда яқин жойлаштиришга уринган. 

Тинчлик келишуви Озарбойжоннинг ташаббуси бўлди, дейди Ҳожиев. 

«АҚШ ва бошқа давлатлар тинчлик келишуви учун платформалар тақдим этди. Лекин гап қаерда муҳокама қилишда эмас, нимани муҳокама қилишда. Тинчлик шартномаси, менимча, 70 фоизга келишилган. Аммо ҳозирча бу ўзаро жараён бўлиши керак», — деди у. 

Мавзуга оид