Ўзбекистон | 08:19 / 21.09.2023
2643
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ҳудудида маҳсулот ва хизматларни ихтиёрий экологик маркировкалаш тизими жорий этилади 

Хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш, фойдаланиш, истеъмол қилиш, транспортда ташиш, сақлаш ва утилизация қилишда атроф-муҳитга таъсири бир турдаги маҳсулотлар гуруҳи учун экологик маркировкалаш стандартларида белгиланган мезонларга мос келувчи маҳсулотлар ва хизматлар экологик маркировкалаш объекти ҳисобланади.

“Ўзбекистонда маҳсулот ва хизматларни ихтиёрий экологик маркировкалаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг Ўзбекистон ҳудудида ISO 14024 халқаро стандартига мувофиқ бутун ҳаётий даври бўйича (I тип) Yashil belgi (Green Mark) маҳсулот ва хизматларни ягона ихтиёрий экологик маркировкалаш тизимини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланади.

Экология вазирлиги маҳсулот ва хизматларни ихтиёрий экологик маркировкалашни тартибга солиш соҳасида ваколатли давлат органи этиб белгиланади ва унга қуйидаги вазифалар юклатилади:

экологик маркировкалаш тизимини тартибга солиш ҳужжатларини, шу жумладан, экологик маркировкалаш тизими ва экологик маркировкалаш органини авторизациядан ўтказиш қоидалари, хорижий давлатларининг экологик маркировкалари билан ўзаро тан олиш ҳамда экологик маркировка белгисини қўллаш тартибларини тасдиқлаш; 

экологик маркировкалаш органларига қўйиладиган талабларни тасдиқлаш;

экологик маркировкалаш стандартларига мувофиқ, экологик жиҳатдан афзал, шу жумладан ресурсларни тежовчи, кам чиқитли ва чиқиндисиз, атроф-муҳитга салбий таъсири камайтирилган маҳсулотларни кенг ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга қаратилган таклифларни ишлаб чиқиш ва киритиш;

экологик маркировкалаш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;

экологик маркировкалаш стандартларини ишлаб чиқиш;

экологик маркировкалаш соҳасида фаолият юритувчи ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш.

Хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш, фойдаланиш, истеъмол қилиш, транспортда ташиш, сақлаш ва утилизация қилишда атроф-муҳитга таъсири бир турдаги маҳсулотлар гуруҳи учун экологик маркировкалаш стандартларида белгиланган мезонларга мос келувчи маҳсулотлар ва хизматлар экологик маркировкалаш объекти ҳисобланади.

Экологик маркировка маҳсулот ва хизматларнинг Ўзбекистон ҳудудида амалда бўлган экологик маркировкалаш стандартларига мувофиқлиги сертификатлаштириш (мувофиқлигини баҳолаш) жараёнидан ўтганини ва экологик маркировкалаш сертификатига эга эканини англатади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид