Жамият | 16:57 / 22.09.2023
25707
8 дақиқада ўқилади

Орамиздаги одамлар: бир қўл билан бўлса-да бахтли яшаётган Озодбек

Озодбек баҳордан то куз фасли бошлангунга қадар далада бир қўли билан ғишт қуяди. Бармоқсиз қолган қўл совуқда газак олмасин деб салқин ҳаво кириб келиши билан мавсумий ишни тўхтатади. Қиш ичи қишлоғида қурилишларда ишлайди. Пахта титиш корхонасида юз берган бахтсиз ҳодисада Озодбек бир қўлидан айрилган. Бир қўл билан қолиш уни ҳаётда янада кучлироқ бўлишга ундади.

Оилага бахтсизликлар кетма-кет келди. 2006 йилда Озодбек бир қўлидан айрилди. 2020 йилнинг кузида унинг синглиси жигар хасталигидан вафот этди. Орадан 4 ой ўтиб эса Тошкентга иш билан борган акаси Азизбекни юк машинаси босиб кетиб ҳалок бўлди. Кетма-кет бахтсизликлар оила катталарининг бошини эгиб қўйди. Озодбекнинг отаси Парпитош ака эски, аммо қишлоқбоп машинасида киракашлик қилади. Кўчага чиқиб одамлар билан гаплашсам кўргиликларни унутгандай бўламан, дейди икки фарзандини тупроққа қўйган Парпитош ака. Ота бугун Озодбекка суяниб қолган.

Салкам 40 ёшни қаршилаган Озодбекнинг бир қўл билан бўлса-да одамларга манфаати тегяпти. Ёзда ғишт қуяди, куз келди дегунча қишлоғида қурилишларда ишлайди.

“Андижоннинг Шаҳрихон тумани Найман маҳалласида яшайман. 3 нафар фарзандим бор. Ғишт қуйиб тирикчилик қиламан. 2006 йилда цехда “станокка” кириб кетган қўлимни кесиб ташлашган.

Бахтсиз ҳодисадан кейин ҳам цехда ишладим, аммо баъзи келишмовчиликлар сабаб кетдим у ердан. 2012 йилда мактабга қоровул бўлиб ишга кирдим, у ерда ҳам 5-6 йилча ишладим. Иш топиш қийин бўлди. Бир нечта шериклар билан келишиб, ғишт қуядиган бўлдик. Шу-шу 2018 йилдан бери ғишт қуйиб келаман. Қўлдан келганча қиляпман. Кунига 300-400 та ғишт қуяман.

Қўлим кесилгач, бошида жуда қийин бўлган. Докторнинг операцияга кираётганда ҳамширага «аррани ҳам ол» деган гапи ҳеч эсимдан чиқмайди. Қўлимни кесма, деб ҳақорат ҳам қилганман уларни. Ҳаёт мен учун тўхтаб қолгандек эди. Яшагим ҳам келмаган бошида. Вақт олий ҳакам экан. Энди ҳаммасига кўникдим. Атрофимдаги одамларга ҳавас қиламан. Баъзида бирор иш қилаётганимда худди қўлим бордек олиб келаман, аммо бўлмайди... Инсон ҳар нарсанинг қадрига етиши керак экан.

Ногирон экан деб кўпчилик қизини бермаган. Борманглар деганман уйдагиларга. Сўнг аёлим билан ўзим кўришиб гаплашганман, ҳолатимни тушунтирганман, тайёрман деб рози бўлган. Шукр, 3 фарзанднинг отасиман.

Оилада 4 фарзанд эдик. Акам Тошкентда ишлаб юрган пайтда бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этган. Ўзимдан 2 ёш кичик синглим ҳам турмушга чиққач, жигар циррози бўлди, даволатдик, лекин барибир бўлмади. Бу йўқотишлар ота-онамга жуда қаттиқ таъсир қилди. Ўзим тиргак бўлиб суяшга ҳаракат қиламан. Отам таксичилик қилади. Баъзида менга шу ҳолингда ўзингни қийнама деб қоладилар, лекин меҳнат қилиш керак барибир.

Отам-онам, оилам, бу дунёдан ўтиб кетган акам билан синглимнинг фарзандлари соғ-саломат, ўйнаб-кулиб юрса, мен учун шу бахт.

Болаларим қўлингизга нима қилган, деб сўраб қолади. “Станок”да кесилиб кетган деб бошимдан ўтганини айтиб бераман. Жиянларим сўраб қолса, каламуш еб кетган деб ҳазиллашиб қўяман, улар жавобимдан кулишади.

Кунига 300-400 атрофида ғишт қуяман. Ҳозирда донасини 350 сўмдан сотяпмиз, бир ойда 10 мингта қуйсам, 3,5 млн сўм бўлади. Ғиштдан ташқариям ҳар хил ишлар қилиб юраман, бекор қолиш керакмас. Ҳалол ризқ топиб юрибмиз, шукр. Сенга қийин бу аҳволда ғишт қуйиш, дейишади. Ўрганиб қолганман. Қурилишларда бетон қуямиз, ғишт терамиз. Мавсумга қараб ишлар чиқиб туради.

Бир вақтлар менинг ҳам тўрт мучам соғ эди. Одамларни кўрганда кўнглимдан нимадир ўтади, чунки бу ҳам бир катта бахт-да. Аммо Худога шукр қиламан, шунчасига қурбим етяпти, ҳаётимдан нолимайман.

Акам билан синглим ўтиб кетгач, ота-онам анча чўкиб қолишди. Бахтимизга сен соғ бўлгин, тўрттадан иккита қолдинглар, дейишади. Доим эҳтиёт бўлишимни тайинлашади.

Фарзандларимнинг каттаси қиз. Отам ҳам, мен ҳам шу қизимни Тошкент Ислом университетида ўқишини ният қилиб юрибмиз. Катта ўғлим 3-синфда ўқийди, инглиз тилига кўпроқ қизиқади, таржимон бўламан, дейди. Кичик ўғлим ҳали эркамиз...”

Парпитош ака икки фарзандидан бевақт айрилгач Озодбекка суяниб қолди. Қишлоқ кезиб киракашлик қилиб ўтмиш хотиралардан ўзини чалғитишга ҳаракат қилади

Парпитош ака

“Тақдир шу экан, икки фарзанд билан қолдим. Озодбек 2006 йилда пахта цехида ишлаб юрганда қўлини “станок” тортиб кетган. Анча қийналди. Лекин ёшлигидан тиришқоқ бўлгани учун ҳаёт учун курашди. Менам ғишт қуйиб сотаман, деди. Сенга оғир бўлади, бошқа енгилроқ иш топ, деганман, лекин ҳали ёшман, меҳнат қилишим керак, деб ўз сўзида туриб олди. Ҳеч тинч ўтирмайди, томорқагаям қарайверади.

Акаси билан синглиси ўтгач, шу ўғлимга суяниб қолганман. Синглиси касал бўлганда икки йил даволатдик, аммо умри қисқа экан. Сўнг катта ўғлимни машина босиб кетиб ҳалок бўлди. Ўғлимдан тўрт, қизимдан бир фарзанд ёдгорлик қолди. Ота-онага фарзанд доғи оғир бўларкан.

Ўзим кира қилиб юраман. Мақсадим пул топишмас, пенсиям, ўғлимнинг топгани рўзғорга етади, ошиб кетмаса ҳам.

Шу билан ўзимни овутаман. Ҳеч ота-она фарзанд доғини кўрмасин экан. 4 ой ичида икки фарзанддан айрилиш ўта оғир бўларкан. Худойим шуни раво кўрибди бизга, тақдир экан. Аёлимга ҳам кўп қайғураверма, қолган болаларингнинг, невараларингнинг бахтини кўрайлик, дейман. Кўча-кўйда кўрган одам дарди йўқ, бемалол юрибди, дейиши мумкин, лекин ичда оғир юк бор. Уйда ўтирсам, хаёлга шу болаларимнинг юрганлари келаверади. Эсга тушавергач, одам баттар эзилиб кетади.

Қизим касал пайтида хўжаликда борини сарфладим. Охири бўлмагач, ҳовлимнинг ярмини сотдим. Бола экан-да, жони оғриса, сизнинг ҳам жонингиз оғрийди.

Тўнғич ўғлимдан 3 ўғил, 1 қиз қолган. Келиним шу 4 боланинг бошини қовуштириб олиб ўтирибди. Ўзиям ишга чиқиб туради. Қўлимиздан келганча ёрдам берамиз. Кўп эзилиб юрганимни сезиб, Озодбек ҳам уринманг, дейди менга. Ҳамма ишни ўзи қилади. Уйда ўтирганимда болаларим эсга тушиб қолса, уйда туролмай сиқилиб қоламан. Аёлим билан бир жойларга чиқиб кетамиз айлангани.

Озодбекнинг уйланиш вақти келганда аёлим билан роса ўйланиб, қўшни маҳалладаги бир оилага бордик. Келин билан кўришиб, бир-бирига маъқул бўлгач, тўйни бошлавордик.

Шунча йилдан бери хизматимизни қилиб, болалари, Озодбекка қараб юрибди шу келин. Ҳамма мақтайди, ўзим ҳам хурсанд бўлиб қўяман”.

Қаҳрамонимиз Озодбек Исмоновга ёрдам бермоқчи бўлган ҳамюртларимиз учун унинг карта маълумотлари: 8600 0424 6298 0037 (Ismonov Ozodbek Parpitoshovich, ўзининг номида, UZСARD)

Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев

Мавзуга оид