Палма ёғининг кенг истеъмол қилиниши сабаб Ернинг экваторга яқин қисмларида ўрмонлар кесилиши кескин давом этяпти. Бу эса иқлим ўзгариши муаммоларини катталаштиради.

Бунга ечим топиш мақсадида Буюк Британиянинг Эдинбург шаҳрида жойлашган Қиролича Маргарет университети озиқ-овқат бўйича экспертлари палма ёғи ўрнини босиши иддао қилинаётган маҳсулотни яратди.

ПАЛМА-АЛТ ҳақида

Олимлар ўз маҳсулотлари ҳозирги палма ёғига қараганда экология учун 70 фоизга хавфсизроқлигини, тўйинган ёғлар даражаси 80 фоизга, калорияси эса 30 фоизга камроқ эканини даъво қиляпти. Энг муҳими маҳсулот тўлалигича ўсимликлардан олинади, сунъий яратилмайди.

Олимлар жамоасининг етакчиларидан бири Катриона Лиддлнинг айтишича, улар яратган маҳсулот табиий палма ёғи билан таъм ва кўриниш жиҳатдан ҳам бир хил, ҳатто таъмни ажратиш бўйича ўтказилган синовда ҳам иштирокчилар уни ҳақиқийсидан фарқлай олмаган.

Янги палма ёғи ўрнини босувчи маҳсулот ПАЛМ-АЛТ деб аталади, у майонезга ўхшаш тузилишга эга. Таркибига палма, кокос ёғлари, зиравор, шакар, таъм ва ранг берувчилар қўшилмаган, асосан, зиғир ва колза ёғи ҳамда табиий толалар асосида тайёрланади.

Палма саноати

Бутунжаҳон табиатни муҳофаза қилиш фони маълумотига кўра, айни пайтда палма ёғи энг кўп ишлаб чиқарилаётган ўсимлик мойи ҳисобланади. У жами ишлаб чиқариладиган ёғларнинг 40 фоизини ташкил қилади.

Фото: Getty Images

Бу ёғ озиқ-овқат саноатидан тортиб косметика ишлаб чиқарувчилар орасида ҳам оммабоп, рангсиз, таъмсиз ва ҳидсиз бўлиб, асл маҳсулотнинг сифати, кўриниши ва таъми, ҳидини ўзгартириб юбормайди. Табиий қўшимча сифатида маҳсулотларга силлиқлик беради, уларнинг кўриниши узоқ вақт яхши ҳолатда сақланишини таъминлайди. Яна юқори ҳароратда ҳам таркибини ўзгартирмасдан сақлаб қолади.

Шунинг учун палма ёғини шоколадлардан тортиб шампун, тиш паста ва дезодорантлар таркибида ҳам учратамиз.

Фото: Getty Images

Дунё бўйича палма дарахтларини етиштиришнинг 85 фоизи Индонезия ва Малайзияга тўғри келади. 1970 йилда палма 3,3 млн гектар ҳудудда етиштирилган бўлса, ҳозир бу миқдор 28,7 млн гектарга етган.