FT: Россия нефтининг катта қисмини нарх чегарасини четлаб ўтган ҳолда экспорт қиляпти
Россия нефт экспортининг тўртдан уч қисмини Ғарб давлатлари белгилаган нарх чегарасини четлаб ўтган ҳолда амалга оширишга муваффақ бўлди, деб ёзади Financial Times. Россия 2023 йилда 15 миллиард долларга кўпроқ фойда олиши мумкин.
Россия нефт экспортининг катта қисмида Ғарб давлатлари томонидан белгиланган бир баррел учун 60 долларлик чегарани четлаб ўтишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда 25 сентябр, душанба куни Kpler таҳлилий компанияси маълумотларига таяниб, Financial Times (FT) газетаси ёзяпти.
Шу тариқа, август ойида Россиядан денгиз орқали нефт ташишнинг деярли тўртдан уч қисми нархнинг юқори чегарасига риоя қилиш воситаси бўлиб хизмат қилиш учун мўлжалланган Ғарб суғуртасисиз амалга оширилди. Бу Россия нефт нархи ўсиб бораётганидан катта фойда кўришини англатади, деб ёзади FT. Россиянинг Urals нефти бир баррели нархи июл ойида 60 доллардан паст бўлган ва ҳозирда 80 долларга кўтарилган. Киев Иқтисодиёт мактаби мутахассисларининг ҳисоб-китобларига кўра, бундай динамика ва «шифтни» четлаб ўтиш туфайли Россия 2023 йилда нефт экспортидан 15 миллиард доллар кўпроқ фойда олиши мумкин.
Аввалроқ Киев Иқтисодиёт мактаби санкциялар, чекловлар ва тўловларни қайтариш Россия 2022 йил февралидан бери нефт экспортидан 100 миллиард доллар йўқотишига олиб келганини ҳисоблаб чиқди. Бироқ, шу билан бирга, Россия Ғарб суғуртаси ва техник хизматидан фойдаланмаслик учун нефт экспортида танкерларнинг «соядаги флоти»ни яратишга муваффақ бўлди, дея таъкидлайди нашр.
Россиянинг нефт нархи юқори чегараларини кенг миқёсда бузиши
Март ойида Киев Иқтисодиёт мактаби буюртмаси билан бир гуруҳ халқаро экспертлар томонидан олиб борилган суриштирув Ғарб томонидан ўрнатилган Россия нефтига нарх чегараси кенг миқёсда бузилаётганини кўрсатди. Текширув натижаларига кўра, 2023 йилнинг дастлабки уч ойида Россиянинг Приморск ўлкасидаги Козмино портидан экспорт қилинган нефтнинг 95 фоизи ўртача бир баррел учун 73 доллардан сотилган, яъни ўтган йилдаги чегарадан анча юқори. Суриштирувчилар таъкидлашича, Козминодан рус нефти асосан Осиё мамлакатларига юбориляпти.
Август ойида Bloomberg агентлиги Ғарб компаниялари ҳам нарх чегарасини бузган ҳолда Россиянинг Urals нефтини сотиб олаётгани ҳақида хабар берган эди. Агентлик маълумотларига кўра, Болтиқбўйи ва Қора денгиз портларидан Россия нефтини экспорт қиладиган барча кемаларнинг тахминан 40 фоизи Ғарб компанияларига тегишли, бироқ бу кема эгаларининг кўпчилиги, шунингдек, суғурталовчилар юк қандай нархда сотилгани борасида аниқ маълумотга эга эмаслигини даъво қилмоқда. Шу билан бирга, Россиядан нефт экспорт қилувчи кўплаб кемалар ҳали ҳам Лондон орқали суғурталанади, дейилади материалда.
Россиядан нефт нархининг максимал чегараси 2022 йил декабрида G7 давлатлари, Европа Иттифоқи ва Австралия томонидан келишилган. Санкция ташаббускори бўлган мамлакатлар компанияларига Россия нефтини ташиш ва Россия нефт маҳсулотларини бир баррел учун 60 доллардан ошиқ нархда олиб ўтувчи танкерларни суғурталаш тақиқланди.
Мавзуга оид
15:35 / 05.11.2024
Россия армиясига ёлланган яна бир ўзбекистонлик 5 йилга қамалди
09:50 / 05.11.2024
Россия КХДРга ҳарбий ёрдам учун 600 000 тонна гуруч таклиф қилмоқда
09:30 / 05.11.2024
Россиядаги «ватанпарварлик акциялари» 91 млрд рублга тушди
01:01 / 05.11.2024