Бир нарсани фақат битта ишлаб чиқарувчидан олиш имконингиз бўлса – алтернатива бўлмаса – бу ишлаб чиқарувчи билан ўзига хос муносабатларга киришасиз.

Бу муносабатларни “боғлиқлик” деб қисқа атаса бўлади, аммо бу ҳолатнинг нозик ва нозик бўлмаган тафсилотлари бор. Уларни санаб ўтамиз:

1. Бу ишлаб чиқарувчи истаган пайтида сиздан ўз маҳсулоти учун ортиқча пул ололади. Ахир бозорда бошқа маҳсулот йўқ – у маҳсулотининг устига истаган нархини қўйиши мумкин.

2. У сизнинг истагингизни ҳурмат қилишга мажбур бўлмагани учун, маҳсулотини ўзи истагандай қилиб ишлаб чиқараверади, сизга қулай бўлишини, ёқишини ўйламайди ҳам. “Нега энди, у яхши одам бўлса-чи?” дейишингиз мумкин. Ҳа, албатта, яхши одам бўлса бошқача бўлиши мумкин, аммо корхона битта одам эмас ва тажриба шуни кўрсатадики, битта бозорда битта нарсанинг битта ишлаб чиқарувчиси бўлса, айниқса бу сунъий монополия бўлса, харидор, яъни сиз, ҳурматга сазовор бўлмайсиз. Рақобатли вазиятда сизни бошларига кўтаришса, бунақа вазиятда манзара сизнинг фойдангизга бўлмайди ва буни ҳеч нарса ўзгартира олмайди. Фақат рақобат ўзгартира олади.

3. Бозорнинг якка ҳокими учун ҳам бу аслида зарар. Чунки бунақа корхона эгаларининг ўзлари ҳам билиб туришади ўйин ҳалол эмаслигини, йиғиб сотаётган маҳсулотлари одамларга мажбурлаб сотилаётганини, натижада одамлар ич-ичидан ишлаб чиқарувчига нисбатан “яхши” тилаклар билдираётганини... Ва бу албатта қалбларда йиғилиб бораверади ва уларни қора қилади. Ҳалол бозорда пул топиб, мазза қилиб яшаш қаерда-ю, қорайган-бежалган қалб билан яшаш қаерда? Шу учун монополистларни кўпайтириш бу – бир тўда қалби қорайган бечораларни кўпайтириш. Аммо бу ҳаммаси эмас.

4. Ҳар қандай ривожланишнинг омиллари бор – иш ривожи маълум тартибларга амал қилишни, маълум даражада тежамкорлик қилишни, ишлаб топилган фойданинг маълум қисмини ривожланиш учун олиб қўйишни ва ҳоказо ва ҳоказоларни талаб қилади. Монополистнинг топган даромади уриниш, изланиш, тер тўкиш бўлмагани учун, биз юқорида айтган ривожланиш омиллари бу ерда мавжуд бўлмайди ва... табиийки ривожланиш бўлмайди. Монополистлар аслида – бахтсиз одамлар.

Алтернатива ҳар бир соҳада бўлиши керак. Масалан, қишлоқ хўжалигида ҳам. Фермер етиштирган маҳсулотни сотиб оладиган корхоналар кўп бўлиши, фермер маҳсулотини кимга истаса, шунга сота олиши керак – алтернатива бўлиши керак ва айнан шу омил – фермерларнинг ўз ишига қизиқиши ортишига олиб келади. Қишлоқ хўжалиги учун бу энг асосий нарса.

Иши ривожланган фермерни жамият сувни тежашга ҳам ундаши мумкин, эрксиз фермерни ундай қила олмайсиз, чунки эрксиз фермер унчалик фермер ҳам эмас, ёлланма ишчидай гап.