Ўзбекистон | 14:17 / 27.09.2023
43956
2 дақиқада ўқилади

Синоптиклар октябр ойида об-ҳаво қандай бўлиши тўғрисида маълумот берди

Республика бўйича ҳарорат кечалари +10...+15 даража илиқдан +3...+8 даража илиққача, кундуз кунлари +23...+28 даражадан +13...+18 даражагача ўзгариб туриши кутилмоқда. 

Фото: Kun.uz

Кузнинг биринчи ойи - сентябр охирига етиб келмоқда. Кўпинча кузатилганидек, ушбу йилнинг сентябр ойи жуда қулай ҳарорат фони билан қуруқ бўлди.

“Ўзгидромет” хабарига кўра, бу йилнинг октябр ойи ҳам қуруқ ва бироз илиқ об-ҳаво билан бошланади.

Ойнинг биринчи ҳафтасида асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Кечаси ва эрталаб ҳаво ҳарорати +11...+16 даража атрофида бўлган салқинлик ҳис этилади. Кундуз кунлари қуёш нурлари ҳавони +23...+28 даражагача, жанубда баъзи жойларда +30 даражагача иситади.

Кейинчалик ойнинг охиригача республика ҳудуди бўйича ҳарорат кечалари +10...+15 даража илиқдан +3...+8 даража илиққача, кундуз кунлари +23...+28 даражадан +13...+18 даражагача ўзгариб туриши кутилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида ва Навоий вилоятининг шимолида ой иккинчи ярмида кечаси ва эрталаб -0...-3 даража совуққача кузатилиши мумкин. Бундай ҳарорат октябр ойининг иқлимий меъёрига яқиндир.

Октябр ойида ёмғирлар биринчи ўн кунликнинг охирида, шунингдек иккинчи ва учинчи ўн кунликларнинг айрим кунларида кутилмоқда.

Иқлимий меъёрларга кўра, Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик октябр ойида 4 кундан 8 кунгача, республика энг чекка жанубида 1 кундан 3 кунгача кузатилади. Ёғингарчилик асосан ёмғир кўринишида бўлади, аммо ҳавода кескин совуқ кузатилганда ёмғир қисқа муддатга қорга айланиши истисно қилинмайди.

Мавзуга оид