Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
OXUS – қайта тикланаётган кўп асрлик тамаддун
Инсоният тарихига назар солинса, бугунги кунда машҳур бўлган аксарият тамаддунлар сув бўйида асос солинган. Бу бежиз эмас, чунки сув – ҳаёт манбаси, усиз тириклик ҳам, тараққиёт ҳам бўлмайди.
Худди шунингдек, Марказий Осиё (ЮНЕСКО томонидан қабул қилинган илмий дастурларда Марказий Осиё деганда Ғарбдан Шарққа: Мўғулистондан Хуросонгача, Шимолдан Жанубга: Қозоғистондан Покистонгача бўлган кенг ҳудуд, тор маънода эса Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Шарқий Туркистон (Уйғуристон) тушунилади) ҳудудидаги илк тамаддун Амударё билан боғлиқ. Помир тоғларидан бошланиб, Марказий Осиёнинг юрагидан оқиб ўтган ва Орол денгизига бориб қуйилган ушбу дарё турли даврларда турлича номлар билан аталган: Окс, Ўкуз, Аракс, Амуй, Омул, Термиз дарёси, Балх дарёси... Уни араблар Жайхун деб атаган бўлса, қадимги лотин ва юнон манбаларида ушбу дарё Oxus (Оксус) сифатида тилга олинади.
Дунёда халқлар, миллатлар жуда кўп, аммо улар орасида ўз тамаддунини яратган халқлар бармоқ билан санарли. Аждодларимиз бронза давридаёқ ана шундай қадимий тамаддунни ярата олишган ва у фанга “Окс тамаддуни” номи билан кирган. Ушбу атамани америкалик профессор Карл Ламберг-Карловский ўз тадқиқотларида биринчи бўлиб қўллаган. Бундан ташқари, қатор тадқиқотларда у “Турон тамаддуни”, “Ўрта Осиё тамаддуни”, “Бақтрия тамаддуни” ва бошқа шаклларда ҳам учрайди.
Ҳар бир цивилизациянинг аҳамияти унинг жамият тараққиётига, инсоният ривожига қўшган ҳиссаси билан ўлчанади. Шу маънода Бақтрия ва Марғиёна ҳудудларида шаклланган Окс тамаддуни Марказий Осиё халқлари тараққиёти, маданий ривожланишида бешик вазифасини бажарган дейиш мумкин. Тарихчиларнинг аниқлашича, бу даврда Марказий Осиёда илк шаҳар маданиятига асос солинган, цивилизациянинг асосий белгиси бўлган ёзув кашф этилган. Бу омиллар Марказий Осиё ҳудудидаги илк шаҳар-давлатнинг юзага келишида муҳим аҳамият касб этган. Манбаларда келтирилишича, бу даврда ҳунармандчилик тараққий этган, металлсозлик оммалашган, меъморчилик санъат даражасига кўтарилган.
Мавзуга доир сўнгги илмий-тадқиқот ишлари хулосаларига кўра, оксликлар Хараппа, қадимги Эрон, Сурия, Хетт, Месопотамия халқлари билан алоқа ўрнатишган. Окс тамаддуни милоддан аввалги III минг йиллик сўнгида Бақтрия ва Марғиёнада шаклланиб, II минг йиллик давомида у шарқий Афғонистон, Белужистон, шарқий Эрон, Ҳиндистоннинг шимолий ҳудудларига тарқалган ва жаҳон тамаддунининг энг қадимги ўчоқларидан бири сифатида тарих саҳифаларига муҳрланган. Айрим тадқиқотчилар ушбу тамаддун янада кенгроқ ҳудудларда тарқалган деб ҳисоблашади.
Бугунга келиб қайсидир маънода қадимги Окс тамаддунини қайта тикланяпти дейиш мумкин. Буни жаҳон халқларининг диққат эътибори яна минтақамизга қаратилаётгани, Марказий Осиё давлатлари энди дунё эътибордан четда қолдириб бўлмайдиган муҳим регионга айланиб бораётгани, минтақа Осиё ва Европа чорраҳасида жойлашган стратегик географик жойлашуви туфайли иқтисодий ўсиш ва сиёсий ислоҳотларнинг жадал суръатларини бошдан кечираётгани, минтақа иқтисодий ривожланиш марказига, Шарқ ва Ғарбни, Шимол ва Жанубни боғлайдиган транспорт-коммуникация кўпригига айланиб бораётганида ҳам кўриш мумкин.

Жаҳон ҳамжамиятида Марказий Осиёнинг аҳамияти ва роли ошиб бораётгани минтақа ва йирик давлатлар ўртасида кўп томонлама ҳамкорликнинг турли форматлари ташкил қилинаётганида ҳам намоён бўлмоқда. Шу пайтгача мавжуд бўлган “Марказий Осиё – АҚШ”, “Марказий Осиё – Европа иттифоқи”, “Марказий Осиё – Корея Республикаси”, “Марказий Осиё – Япония” каби мулоқот форматлари қаторига охирги йилларда “Марказий Осиё – Ҳиндистон”, “Марказий Осиё – Хитой” ва “Марказий Осиё – Россия Федерацияси” сингари янги форматлар қўшилди. Мазкур ҳолат, биринчидан, минтақадаги ижобий ўзгаришлар натижасида юзага келган мутлақо янги муҳит дунёнинг етакчи давлатлари томонидан Марказий Осиёга нисбатан эътиборнинг ошганини кўрсатса, иккинчидан, чет эл давлатлари минтақа мамлакатлари билан нафақат икки томонлама ҳамкорлик доирасида, балки ягона минтақавий кўп томонлама муносабатларни ривожлантиришга аҳамият қаратаётганидан далолатдир.
Шу йилнинг 14 сентябр куни Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи маслаҳат учрашуви доирасидаги саммитда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, Марказий Осиёда барқарорлик ва бирдамлик мустаҳкамланаётганини алоҳида таъкидлаган ҳамда минтақа ғарбни шарқ ва шимолни жануб билан боғлайдиган транспорт хаби бўлишдек тарихий вазифани яна ўз зиммасига ола бошлаганини эътироф этганди. 19 сентябрь куни Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари ва Америка Қўшма Штатлари президенти иштирокида “C5+1” форматида ўтказилган биринчи саммитда ҳам минтақа ривожи учун стратегик аҳамиятга эга устувор йўналишлар муҳокама қилинганди. Бу эса Окс тамаддуни деб номланмиш буюк цивилизация яратилган минтақа давлатлари яна инсоният тараққиётида қандайдир бурилиш ясашига умид уйғотади.
Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовга кўра, Марказий Осиёда ҳозирги айтилаётган иқтисодий интеграция – ҳали интеграциянинг ярим даражаси, умумий пировард мақсад – кучли сиёсий бирлик бўлиши ва унинг замирида хавфсизлик масаласи туриши керак. “Марказий Осиё давлатлари ўз олдиларига аср охирига бориб умумий платформада, ягона ўзлик асосида, ягона кучга айланиш вазифасини қўйиши шарт”, дейди эксперт.
Кези келганда Марказий Осиё давлатлари қаршисида тўлақонли интеграциялашувга эришиш, ташқи кучларнинг фитналарига учмаслик, чегаралар билан боғлиқ низоли масалаларга ечим топишдан бошқа қатор муаммолар ҳам турганини қайд этиб ўтишимиз ўринли. Минтақадаги иқлим ўзгариши билан боғлиқ инқирозларни ҳал қилиш, келажакда кутилаётган сув танқислигига тайёр туриш, бунинг учун эса трансчегаравий дарёлардан унумли ва оқилона фойдаланиш кабилар шулар жумласидандир.
Сайёрамиз миқёсида учта инқироз, яъни иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланиши кучайиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Афсуски, бу муаммолар минтақамизни ҳам четлаб ўтмаяпти. Музликларнинг эриши, табиий офатлар, шунингдек, шиддатли демографик ўсиш, урбанизация жараёнлари ва саноатлашув натижасида юзага келаётган техноген омиллар туфайли минтақада сув ва экология билан боғлиқ вазият ёмонлашиб бораётгани ва унинг оқибатлари алоҳида хавотир уйғотмоқда. Кутилмалар эса ёмон сценарийларга тайёр бўлиш кераклигини кўрсатаётир.
Ана шундай мураккаб шароитда Орол денгизи фожиасига қарши курашни давом эттираётган Марказий Осиё иқлим ўзгаришлари олдида энг заиф минтақалардан бирига айланмоқда.
Глобал муаммо бўлган Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш йўлида Ўзбекистон ўз имкониятлари даражасида ҳаракат қилмоқда. Сўнгги йилларда Орол денгизининг қуриган тубида 1,7 миллион гектар майдонда қурғоқчиликка чидамли ўсимликлардан иборат яшил ҳудудлар барпо этилди.
Кейинги 30 йилда минтақамизда ҳаво ҳарорати бир ярим градусга кўтарилди. Бу – дунёдаги ўртача исишдан икки карра кўпдир. Оқибатда музликлар умумий майдонининг қарийб учдан бир қисми йўқолиб кетди. Ушбу тенденция сақланиб қолса, яқин йигирма йилда минтақамиздаги иккита йирик дарё – Амударё ва Сирдарё оқими 15 фоизга қисқариши мумкин. Жон бошига сув билан таъминланиш даражаси 25 фоизга, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги эса 40 фоизга камайиши кутилмоқда. Агар ўз вақтида бу муаммоларга ечим топилмаса, минтақа давлатлари биргаликда эҳтимолий прогнозларга қарши чораларни ишлаб чиқмаса, ушбу муаммолар оқибатлари Марказий Осиё давлатларининг ижтимоий-иқтисодий барқарорлигига жиддий путур етказиши ҳеч гап эмас.
Шу сабабли ҳам президент Шавкат Мирзиёев халқаро доиралардаги чиқишларида жаҳон афкор оммасининг эътиборини минтақадаги экологик муаммолар, салбий кутилмалар, таъсири бутун сайёрага дахл қилиши мумкин бўлган ушбу масалаларни ҳал этиш учун халқаро ҳамжамиятнинг ёрдами зарур эканига эътибор қаратиб келади.
Жумладан, Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқида БМТ Бош котибининг Сув ресурслари бўйича махсус вакили лавозими таъсис этилиши, Марказий Осиё сувни тежайдиган технологиялар платформасини яратиш жараёнида “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – сув ресурслари” механизмини ишга солиб, энг илғор технологияларни жалб этиш ва татбиқ қилиш кераклигини таклиф қилганди.
Окс, яъни Амударёнинг Марказий Осиё давлатлари тараққиётида катта аҳамиятга эга. Зеро, сувсиз минтақа ривожини тасаввур қилиш мушкул. Умуман, олганда тириклик манбаи бўлган сув ҳар дунёдаги ҳар бир мамлакат учун муҳим. Шу боис ҳам милоддан аввалги даврларга мансуб Миср. Шумер, Шан, Ҳинд (Хараппа), Миной тамаддунлари Нил, Евфрат, Ҳинд ва Хуанхе дарё ҳавзалари бўйларида шаклланган.
Таъкидлаш керакки, бугунга келиб Марказий Осиёда сув тақчиллиги муаммоси ўткир ва муқаррар тус олди ҳамда бундан буён у тобора чуқурлашиб бораверади. Экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, минтақанинг айрим ҳудудларида 2040 йилга бориб сув ресурсларига бўлган эҳтиёж уч баробар ошади. Вақт ўтиши билан иқтисодий зарар ялпи минтақавий маҳсулотнинг 11 фоизига етиши мумкин. БМТ маълумотига кўра, ҳозирнинг ўзидаёқ минтақа давлатлари сув ресурслари тақчиллиги ва ундан самарасиз фойдаланиш оқибатида йилига 2 миллиард долларгача маблағ йўқотмоқда.
Мана шундай вазиятда Афғонистон шимолида толиблар томонидан Амударёдан сувни буриш учун қурилаётган узунлиги 285 километрли Қўштепа канали минтақада сувдан фойдаланиш жараёнида Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳеч қандай мажбурият асосида боғланмаган янги иштирокчи пайдо бўлгани мавжуд муаммоларни янада чуқурлаштирмоқда. Ушбу каналнинг ишга туширилиши Марказий Осиёдаги сувдан фойдаланиш тартиби ва мувозанатини тубдан ўзгартириб юбориши мумкин.
Шу сабабли Ўзбекистон томони Афғонистон вакилларини сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича минтақавий мулоқотга жалб этиш, Қўштепа каналининг қурилиши ва унинг Амударё сувидан фойдаланиш тартибига таъсири билан боғлиқ барча жиҳатларни илмий тадқиқот институтларини жалб этган ҳолда ўрганиш, канал қурилишида замонавий технологиялардан фойдаланиш орқали сув исрофининг олдини олиш, жараёнга БМТ шафелигида халқаро экспертларни жалб этишни илгари суриб келмоқда. Бу муаммонинг ечими учун эса Марказий Осиё давлатлари худди қадимда бўлганидек бир мушт бўлиб бирлашиб ҳаракат қилишлари жоиз.
Буларнинг барчаси гарчи орадан минглаб йиллаб ўтиб кетган бўлса-да, Окс тамаддуни ҳамон минтақа давлатларининг ҳаётида муҳим ўринга эга экани, аждодларимиз томонидан кўплаб асрлар аввал англаб етилган ҳақиқатлар биз яшаётган замонавий дунёнинг тамал тоши бўлиб қолаётганини кўрсатмоқда. Бир сўз билан айтганда, бугунги Марказий Осиё минтақасини Амударё, яъни Окс тамаддунисиз тасаввур қилиб бўлмайди.