Иқтисодиёт | 21:31 / 29.09.2023
46629
4 дақиқада ўқилади

Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўли қурилиши қолдирилди – ОАВ

Муаммо молиявий маблағларга тақалгани, шунингдек, лойиҳа асосий сармоядор Хитой учун устувор бўлмай қолгани айтилмоқда.

Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўл линияси қурилиши номаълум муддатга қолдирилди. Шу йилнинг кузида бошланиши керак бўлган лойиҳа асосий сармоядор Хитой учун устуворлигини йўқотган. Бу ҳақда Транс-Евросиё ташувлари бўйича халқаро мувофиқлаштирувчи кенгаш бош котиби Геннадий Бессонов маълум қилди. 

«Лойиҳа тайёр, аммо Пекин, Бишкек ва Тошкент ҳозирча пул масаласида, аниқроғи уни молиялаштириш нисбати бўйича келиша олмаяпти. Бу узоқ вақт талаб қилиши мумкин. Қирғизистон ва Ўзбекистонда лойиҳани молиялаштириш учун маблағ йўқ. Хитой ҳамма нарсани ўз зиммасига олиши мумкин, аммо ушбу темир йўли бугунги куннинг устувор йўналиши эмас. Бу лойиҳа юкларни Европага етказиб бериш учун мўлжалланмаган, чунки ҳозир Транс-Сибир темир йўли ва Дўстлик (Қозоғистон) - Оренбург - Брест йўналиши бўйича поездлар қатнови мавжуд. Марказий Осиёнинг барча республикаларида транспорт лойиҳалари ҳақида жуда кўп баҳс-мунозаралар кетмоқда, ҳамма юк ташувчи марказга айланишни истайди, бироқ, ҳаммаси пулга боғлиқ», деди у. 

454 километрлик «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўли лойиҳаси Хитой ва Ўзбекистон темирйўлларини Қирғизистон орқали боғлаш, сўнгра уларни «Янги Ипак йўли» транспорт тизимининг бир қисми сифатида Туркманистон, Эрон ва Туркия орқали Европа темирйўллари тармоғи билан боғлашни мақсад қилган эди. 

Қайд қилинишича, ушбу лойиҳада қандайдир замонавий технологиялар ютуғи йўқ: темирйўл бир изли ва электрлаштирилмаган бўлади. Демак, Хитой товарларини Европага етказишда заиф бўғинга айланади. 

2003 йилда Хитой темирйўл линиясининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш учун 20 миллион юан (2,4 миллион АҚШ доллари) ажратди. Темирйўлнинг дастлабки техник-иқтисодий асосини ишлаб чиққан хитойлик мутахассислар янги йўналишнинг бир қатор афзалликларини қайд этдилар: янги темирйўл мавжуд транспорт йўлагидан 900 километр қисқароқ, темирйўл қурилиши Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги транспорт алоқаларини йўлга қўйиш ва уларнинг денгиз портларига қулай чиқишини таъминлайди. 

Ҳукуматлараро келишувларга кўра, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўли қурилишини Хитойнинг China National Machinery Import & Export Corporation (CNMIEC) компанияси амалга ошириши керак эди. 

Таъкидланишича, муаммо фақат пулда эмас: бир неча миллиард доллар Хитой учун муаммо туғдирмайди. Аммо геосиёсий қўшниларни айланиб ўтувчи темирйўл қурилиши туфайли Қозоғистон ва Россия билан муносабатларнинг муқаррар равишда ёмонлашиши — ҳозирги кунда Хитойга керак бўлмаган бошоғриғи. 

Нашрнинг таъкидлашича, Қўшма Штатларнинг Осиёга нисбатан ўсиб бораётган экспансияси фонида вазият бирмунча беқарор бўлиб қолди, бу эса Пекинга таъсир қилади. Қўшма Штатлар билан Тайван бўйича вазият муаммоси Хитой раҳбарияти учун тобора реал бўлиб бормоқда ва кучайиб бораётган кескинлашув шароитида ҳар бир иттифоқчи муҳим аҳамиятга эга. Бу борада Россия Хитойни қаттиқ қўллаб-қувватлайди, бу эса ҳамма учун тушунарли. 

Мавзуга оид