Олимлар булутларда микропластмасса топди, бу иқлимга ва одамлар саломатлигига таъсир қилиши мумкин
Ушбу пластик зарралар танамиздаги табиий гормонлар ишлаб чиқаришни бузадиган кимёвий моддаларни ўз ичига олади, бу репродуктив касалликлар ва саратоннинг айрим турлари хавфини оширади.
Микропластмассалар бизнинг атрофимизда - овқатимизда, сувимизда ва ҳатто ҳавода. Энди олимлар унинг булутларга етиб борганини ва уларнинг шаклланишига, дунё иқлимига таъсир қилиши мумкинлигини аниқладилар.
Environmental Chemical Letters журналида чоп этилган тадқиқотда айтилишича, олимлар Япониянинг Фудзи ва Ояма тоғларини ўраб турган ва 1300-3776 метр баландликда бўлган булутлардан сув йиғишди. Таҳлиллар уларнинг таркибида микропластмасса борлигини кўрсатди.
Қайд қилинишича, микропластмасса концентрацияси литрига 6,7 дан 13,9 донагача, ўлчами эса 7,1 дан 94,6 микрометргача бўлган. Ҳаммаси бўлиб тўққиз хил турдаги пластик полимер ва бир турдаги каучук-резина аниқланган. Ушбу микропластмассаларнинг аксарияти сув билан боғланиши мумкин бўлган молекулаларни ўз ичига олади. Бу шуни кўрсатадики, улар булут шаклланишида рол ўйнаши мумкин.
Илмий жиҳатдан бу «булутларнинг конденсация ядроси» деб аталади ва у бутун дунё бўйлаб об-ҳаво шароитларига таъсир қилиши мумкин.
«Эркин тропосферада микропластмасса кўчиб юрибди ва глобал ифлосланишга ҳисса қўшади. Ҳавонинг пластик ифлосланиши муаммоси ҳал этилмаса, иқлим ўзгариши ва экологик хавфлар ҳақиқатга айланиб, келажакда атроф-муҳитга жиддий зарар етказиши мумкин», деди тадқиқот иштирокчиларидан бири, Васэда университети вакили Хироши Окотчи.
Ушбу кашфиёт ёмғир сувида микропластмассалар мавжудлигини кўрсатадиган олдинги тадқиқотларни тўлдиради. Масалан, 2020 йилда Юта университети томонидан ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, ҳар йили 1000 тоннадан ортиқ пластик зарралар АҚШ жануби-марказидаги қўриқланадиган ҳудудларга тушади.
Васэда университети тадқиқот ҳақидаги баёнотида «микропластмасса ҳам одамлар, ҳам ҳайвонлар томонидан ютилади ёки нафас йўли орқали ўпкага ўтиб, юрак ва қонда, йўлдош ва нажасда топилади» деб таъкидламоқда.
Микропластмасса - бу узунлиги 5 миллиметрдан кам бўлган ҳар қандай пластмасса бўлиб, уни саноат чиқиндилари ва косметика маҳсулотларида топиш мумкин, шунингдек, каттароқ пластик чиқиндилар парчаланганда ҳам ҳосил бўлади.
Ушбу пластик зарралар танамиздаги табиий гормонлар ишлаб чиқаришни бузадиган кимёвий моддаларни ўз ичига олади, бу репродуктив касалликлар ва саратоннинг айрим турлари хавфини оширади. Шунингдек, улар юзасида оғир металлар каби токсинларни олиб юриши мумкин.
Мавзуга оид
16:09 / 04.11.2024
Олимлар миянинг қаришини секинлаштирадиган ўйинни аниқлади
16:41 / 08.10.2024
Apple ақлли соатлари касалликни бир неча кун олдиндан прогноз қила олиши маълум бўлди
15:59 / 07.10.2024
Спиртли ичимликлар ёш ва соғлом одамлар юраги учун ҳам хавфли — тадқиқот
21:01 / 09.09.2024