Қатар билан ҳамкорликни кенгайтириш Ўзбекистонга Форс кўрфазига чиқувчи коридор ташкил этиш, қатор соҳалар, хусусан энергетикага инвестициялар жалб қилиш ҳамда “Толибон” билан музокаралар учун қўл келади, дейди сиёсатшунос Фарҳод Каримов.

1-2 октябр кунлари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қатарга давлат ташрифини амалга оширди. Kun.uz мухбири бу араб давлати билан ҳамкорликка доир саволлар билан “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунос Фарҳод Каримовга мурожаат қилди.

— Ўзбекистон ва Қатар муносабатлари тарихи ва ҳозирги босқичи ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсангиз.

— Охирги 5 йил ичида Ўзбекистон жуда фаол ташқи сиёсат олиб боряпти. Ташқи сиёсатнинг бир йўналиши сифатида араб, Форс кўрфази давлатлари билан ҳам алоқалар яхшиланмоқ, хусусан, Қатар билан ҳам. Саудия, БАА каби давлатлар билан анча олдин муносабатлар ўрнатганмиз, сўнгги йилларда Қатар ҳам булар қаторига қўшилди.

Ўзбекистон ва Қатар муносабатлари мустақилликнинг илк йилида бошланган. 1991 йил 30 декабрда Қатар Ўзбекистон мустақиллигини тан олган ва алоқалар бошланиб кетган. Аммо кенг кўламли ишлар бўлгани йўқ. Чунки собиқ иттифоқ тарқалгач, аҳолиси мусулмон бўлган Марказий Осиёга Форс кўрфази давлатлари қизиқиб, ҳаддан ташқари фаоллик кўрсатди, шунинг учун минтақа давлатларида масофа сақлаш бўлди. Ваҳобийлик каби ҳаракатлар ортидан ўртага бироз совуқчилик тушган пайтлар ҳам бўлди.

Қатар Ўзбекистон билан муносабатларни Москвадаги элчихонаси орқали мувофиқлаштирарди. Кейинги 2010 йилдан бошланган фаоллик ҳам бор, яъни сўнгги 20 йилда Қатар жуда катта капиталга эга бўлди ва ташқи сиёсатда ҳам фаоллик кўрсата бошлади. Қатар томони таклифи 2010 йилда биринчи президент Ислом Каримов Қатарга давлат ташрифи билан борган эди. Ҳозирги алоқаларимизнинг ҳуқуқий асоси ўша ташриф доирасида ҳужжатлаштирилган. Аммо бу ташрифдан кейин ҳам ҳамкорликда кескин бир ўсишлар бўлмади.

2016 йилдаги иккинчи ҳукумат давридан энди кескин ўзгаришлар бўла бошлади. Ва Қатар Ўзбекистонга яна қизиқа бошлади. 2017 йилдан бошлаб турли доирадаги учрашувлар бўлди, Ўзбекистон томонидан ҳам Қатар капиталига қизиқиш кучайди. 2010 йилда таклиф этилган Туркманистон, Эрон, Уммон орқали Форс кўрфази давлатларига чиқадиган транспорт коридорини фаоллаштириш ҳам кўзда тутила бошланди. Умуман, 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон ва Қатар муносабатлари янги босқичга кўтарилди, асосан иқтисодий йўналишларда. 2023 йил май ойида Ўзбекистонда Қатар элчихонаси очилди.