Янги Зеландиядан велосипедда йўлга чиққан франциялик ёшлар Ўзбекистонга келди. Улар дунё кезиб, одамларнинг глобал сув муаммосидан хабардорлигини оширишни ният қилган. Жамоа турли мамлакатларда болалар учун мактабларда сув филтрлари ўрнатиб, ҳожатхоналар қуриб берди. Улар Kun.uz билан суҳбатда велосипедда саёҳат қандай экани, йўлда кўрган кечирганлари, Ўзбекистон ва дунёдаги сув муаммолари ҳақида гапирди.

Сув учун дунёни велосипедда кезиш

Бу франциялик тўртовлон яқиндагина ўқишни тамомлаб, бирга дунё кезиб, одамларга сув ҳақида маърузалар қилиш, уларнинг эътиборини сув муаммоларига қаратишга оид лойиҳани бошлашга қарор қилган.

Жамоа аъзолари – Петронил Сартарио, Вилям Прадие, Уго Додигие, Сезар де Гувил.

Улар саёҳатини 2022 йилнинг ноябр ойида Янги Зеландиядан бошлаган. Жамоа 20 та давлатни кезиб, сафарни 2024 йил феврал ойида Францияда тугатмоқчи.

Сентябрда Тошкентга келган французлар учун Ўзбекистон 11-давлат бўлди. Бунгача улар Янги Зеландия, Австралия, Индонезия, Сингапур, Малайзия, Ветнам, Камбоджа, Лаос, Ҳиндистон ва Қозоғистонда бўлган.

Шу пайтгача 8000 километр масофани босиб ўтишган, сафар сўнгида умумий масофа 20 минг километр бўлади.

“Бир умр эсда қоладиган иш бошлашга қарор қилдик” – Вилям

Биз болаликдан яқин дўстлармиз, шу сабабли жамоа бўлиб нимадир қилишни хоҳлагандик. Ҳаётимизни катта аҳамиятга эга ва бутун умримиз давомида ёдда қоладиган нарсалар билан бошлаш биз учун муҳим эди. Дунё бўйлаб велосипедда саёҳат қилиш шу мақсадимизни амалга оширишнинг ажойиб йўли эканини тушундик. Сув муаммоси кундан кунга долзарб бўлиб бормоқда. Биз одамларга сув барча нарсанинг марказида туришини тушунишда ёрдам беришимиз керак деб ўйладик. Шундай қилиб ўзимиз учун шахсий ютуқ ва одамларга фойда бўладиган ғояни бирлаштирдик.

Бу лойиҳа устида 1 йил ишладик. Бу вақт ичида ҳомийлар топдик ва улар билан музокаралар олиб бордик, Янги Зеландиядан то Франциягача бўлган бутун сафарни режалаштирдик. Лойиҳамизнинг саёҳат қисми эса 15 ой давом этади.