Жаҳон | 01:47 / 06.10.2023
16284
4 дақиқада ўқилади

Германиядаги Алишер Усмонов билан боғлиқ объектларда янги тинтувлар ўтказилди – ОАВ

Тинтувда бир нечта қимматбаҳо автомобиллар олиб қўйилгани айтилмоқда. Тадбиркорнинг адвокатлари тинтув ўтказилган мулклар унга тегишли эмаслигини таъкидламоқда.

Фото: ТАСС

Германия полицияси ва божхонаси 6 октябр куни россиялик миллиардер Алишер Усмоновга тегишли мулкларда янги тинтувлар ўтказди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Германия божхонасининг «Матрёшка» (Matrjoschka) номли махсус тергов комиссиясининг хабар беришича, тергов ҳаракатлари Мюнхен ва Тегернзе шаҳарларида бўлиб ўтган. Bild газетасининг ёзишича, Алишер Усмонов тўхтаган Роттах-Эгерн шаҳридаги виллада ўтказилган тинтувлар натижасида бир нечта қимматбаҳо машиналар олиб қўйилган.

Тадбиркор матбуот хизмати хабарига кўра, тинтув ўтказилган мулклар Усмоновга тегишли эмас. У «бир пайтлар ўзи асос солган» трест мулки устидан назорат қилиш ҳуқуқига эга эмас ва «трестга тегишли мулк билан ҳозир нима бўлаётганини билолмайди», деди Усмонов вакили.

«Ўтказилган тинтув қўрқитиш ва сиёсий таъқибнинг навбатдаги эпизодига ўхшайди», деди Усмонов матбуот хизмати. Шунингдек, улар немис божхона махсус комиссиясининг «Матрёшка» деб номланишида тадбиркорнинг «миллатига ишора» борлигини кўришган.

Алишер Усмонов 2022 йил кузида Бремен портида Dilbar яхтасида тинтув ўтказилгани сабабли Германия Федерал Конституциявий судига даъво аризаси билан мурожаат қилган эди. Яхтадаги тинтув миллиардернинг «уй-жой дахлсизлиги» ҳуқуқини бузади ва «инсон қадр-қимматига тажовуз ҳисобланади», дейилган даъво аризасида.

Германия Федерал жиноят полиция бошқармаси (BKA) ўтган апрел ойида Dilbar яхтаси Усмоновнинг синглиси деб айтилган Гулбаҳор Исмоиловага тегишли эканини маълум қилган эди.

Шунингдек, ўтган йил кузида немис полицияси Усмоновга тегишли деб ҳисобланган виллада тинтув ўтказди. Reuters улар санкциялардан бўйин товлаш, шунингдек, пул ювиш иши билан боғлиқлигини ёзди. Франкфурт прокуратурасининг таъкидлашича, исми ошкор этилмаган россиялик тадбиркор 2017-2022 йиллар оралиғида миллионлаб еврога тенг бўлган бир қанча операцияларда пул келиб чиқишини яшириш учун «компаниялар ва корпорацияларнинг кенг ва мураккаб тармоғидан» фойдаланган.

Май ойида Франкфурт суди Усмонов билан боғлиқ объектларда тинтув ўтказилишини ноқонуний деб топди. Август ойида Ҳамбург суди ҳам Австриянинг Kurier газетаси билан келишмовчиликда Усмоновни ҳақ деб топди. Нашр ўз мақоласида миллиардер Путиннинг «севимли олигархи» обрўсига эга эканини таъкидлаган. Суд бу даъвони асоссиз ва Усмоновнинг ҳуқуқлари бузилган деб ҳисоблади.

Сентябр ойида Франкфурт-Майн ҳудудий суди туман судининг Усмонов манфаатларини ҳимоя қилувчи Мюнхен адвокатлик идорасида тинтув ўтказиш ҳақидаги қарорини бекор қилгани маълум бўлди. Суд хулосасига кўра, прокурорларнинг жиноят содир этилгани ҳақидаги дастлабки гумонлари учун асос йўқ ва уларнинг далиллари «ноаниқ» ва «асоссиз». Усмоновнинг вакили Ҳудудий суд қарорини миллиардерга нисбатан «қонун устуворлиги ва адолатни тиклашдаги яна бир муҳим қадам» деб атади.

Усмонов 2022 йил февралида, Россиянинг Украинага босқини бошлангач, Европа Иттифоқи санкциялари остида қолган эди. Европа Иттифоқи ўз изоҳида Усмоновни «Россия президенти Владимир Путин билан айниқса яқин алоқага эга бўлган олигарх» деб атади. Усмонов буни рад этади ва Европа умумий юрисдикция судида санкцияларни бекор қилишни талаб этмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид