Путин ва Мирзиёев қўшма баёнот берди
Россия ва Ўзбекистон иккитомонлама ҳамкорликка янги суръат беришга қарор қилди.
Москвада бўлиб ўтган Россия-Ўзбекистон музокаралари якунлари бўйича қабул қилинган қўшма баёнот икки давлат ўртасидаги сиёсий, савдо ва сармоявий, шунингдек, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликка қўшимча туртки беради, деди Россия президенти Владимир Путин.
«Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шерикликни чуқурлаштириш бўйича қабул қилинган қўшма баёнот сиёсий, савдо-инвестициявий, маданий-гуманитар соҳаларда, хавфсизлик, жумладан, биологик ва ахборот хавфсизлиги соҳаларида қўшма тадбирларга қўшимча туртки беришга қаратилган», деди у Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан музокаралар якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида.
Шавкат Мирзиёев келишувлар бўйича йўл харитаси имзоланиши ва унинг ижроси қаттиқ назоратга олинишини маълум қилди.
«Бугун биз тор доирада ҳам, кенгайтирилган шаклда ҳам келишиб олган бўлсак, буларнинг барчаси бўйича қўшма йўл харитасини қабул қиламиз, уни ҳам имзолаймиз, ҳам қаттиқ назоратга оламиз, чунки биз жуда жиддий масалаларни муҳокама қилдик ва яхши пойдевор ва яхши истиқболлар бор. Назорат бўлса, ҳақиқий натижа бўлади», деди Ўзбекистон президенти.
Шунингдек, у Путинни ўзи учун қулай бўлган исталган вақтда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф қилганини айтди.
Президентларнинг қўшма баёноти Кремл сайтида эълон қилинди.
«Мудофаа соҳасида ўзаро ҳамкорликни, ҳарбий-техник соҳадаги ҳамкорликни амалдаги ва келажакдаги келишувлар асосида ривожлантириш бўйича ишлар давом эттирилади», дейилади ҳужжатда.
Шунингдек, Москва ва Тошкентнинг диққат марказида терроризм, экстремизм, наркотикларнинг ноқонуний айланмаси, қурол-яроғ, ўқ-дорилар ва портловчи моддалар, трансчегаравий уюшган жиноятчилик, одам савдоси ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлади.
Баёнотда «халқаро муносабатларда суверен давлатларда ҳокимиятнинг конституцияга зид равишда ўзгаришини қўллаб-қувватлашга йўл қўйиб бўлмайдиган ҳаракатлар, шунингдек, учинчи кучларнинг сиёсий ва иқтисодий босим ўтказиш мақсадида иккитомонлама ва минтақа ичидаги ишларга аралашишга уринишлари қабул қилиниши мумкин эмаслиги» таъкидланади ва қораланади.
«Томонлар давлатлар ўртасидаги низоларни оппортунистик сиёсий манфаатлар йўлида ҳал қилишнинг халқаро механизмларини суиистеъмол қилиш тенденциясини қоралайдилар ҳамда халқаро адлия ва халқаро назорат органлари ўз фаолиятини халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва нормаларини бузган ҳолда амалга оширишига қарши чиқадилар», дейилади баёнотда.
Россия ва Ўзбекистон, шунингдек, айрим давлатларнинг ўз хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ҳар қандай уринишларни ҳисобга олган ҳолда, халқаро хавфсизлик архитектурасини ажралмаслик, ҳудудий яхлитлик, ҳақиқий тенглик ва манфаатларни ўзаро ҳисобга олиш тамойиллари асосида мустаҳкамлашга кўмаклашишда давом этиш ниятини билдирди. Давлатларнинг ўз хавфсизлигини таъминлаши бошқаларнинг хавфсизлиги ҳисобига бўлмаслиги таъкидланди.
«Томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва хавфсизлик соҳаларида ноҳақ рақобат ва хавф-хатарлардан ҳимоя қилиш бўйича мувофиқлаштирилган чораларни кўриш ниятида», дейилади ҳужжатда.
Мавзуга оид
13:15
Шолц: Путиннинг Украинадаги уруш ҳақидаги қарашлари ўзгармади
09:31
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
21:50 / 17.11.2024
Берлинда Россия мухолифати томонидан уюштирилган урушга қарши марш бўлиб ўтди
14:56 / 17.11.2024