1991 йил август ойида СССР парчаланиб кетгач Россия оғир вазиятга тушиб қолади. Ҳукуматда сиёсий инқироз юзага келади ва Москвага ҳарбийлар киритилади.

Бундан ташқари, Кавказда чеченлар мустақил бўлиш учун ҳаракат бошлашади. Тарихга Биринчи Чечен уруши номи билан кирган урушда Россия армияси муваффақиятсизликка учрайди.

1991 йилдан 1994 йилгача давом этган бу урушда Россия чеченлар билан сулҳ тузишга мажбур бўлади. Сулҳга кўра, Россия армияси Чеченистондан тўлиқ олиб чиқилади. Чеченистоннинг келажакдаги статуси 2001 йилгача музлатилади.

Шу тариқа бир муддат Чеченистон Москва таъсир доирасидан чиқади. Бироқ 1999 йилда Владимир Путин Россия бош вазири бўлгач чеченларни бўйсундириш учун Иккинчи чечен урушини бошлайди.

Иккинчи Чечен урушида Россия армиясининг Чеченистонга кириш йўналишлари

Иккинчи чечен урушида Россия армияси оғир йўқотишлар эвазига бўлса ҳам ғалаба қозонади ва Чеченистон Россия таркибига қайтарилади.

Иккинчи чечен уруши давом этар экан, россиялик кўплаб журналистлар ва жамоат фаоллари Россия ҳарбийлари тинч аҳолини ҳам ўлдираётгани ва бу билан ҳарбий жиноятлар содир этаётгани ҳақида бонг уришарди.

Ана шундай ҳарбий жиноятлардан бири 2000 йилда содир бўлади. Россия армияси подполковниги Юрий Буданов 18 ёшли чечен қизни зўрлаб, сўнг ўлдиради.

Юрий Буданов Чеченистондаги урушда

Ожизанинг зўрланиши ва ўлдирилиши

2000 йил 26 март куни тунда Чеченистоннинг Ўрис-Мартан туманида жанговар ҳаракатларда иштирок этаётган 160-гвардия полки командири Юрий Буданов штаб бошлиғи Иван Фёдоров билан қизи туғилгани муносабати байрам уюштиради.

Маст бўлиб қолган бу икки зобит учта зирҳланган пиёдалар жанговар машинасини яқин атрофдаги овулга ҳайдашни буюради.

Катта лейтенантлардан бири маст зобитларнинг буйруғини бажаришдан бош тортади. Шунда улар лейтенантни дўппослаб, чуқурга ташлашади.

27 март куни соат 1:00 лар атрофида подполковник Юрий Буданов зирҳли жанговар машинага ўтириб Чеченистоннинг Ўрис-Мартан туманидаги Танги овулига кириб боради.