Ўзбекистон | 09:36 / 11.10.2023
5837
2 дақиқада ўқилади

Бразилия Тошкентда элчихона очиш масаласини ўрганмоқда

Ўзбекистон элчиси Фурқат Сиддиқовнинг Бразилияга ташрифи жорий йил охиригача ташкиллаштирилади.

Фото: Дунё АА

Ўзбекистон элчиси Фурқат Сиддиқов Бразилиянинг АҚШдаги элчиси Мария Виотти билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Мария Виотти Бразилияда ўрнатилган протокол тартиб ва таомилларга мувофиқ ҳамда Ўзбекистон элчисини аккредитация қилиш масаласини тезлаштириш мақсадида, ушбу мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги унга ишонч ёрлиғи нусхасини қабул қилиш учун ваколат берганини маълум қилди. Бразилиянинг АҚШдаги дипломатик ваколатхонасида Ўзбекистоннинг Бразилиядаги элчиси (қароргоҳи Вашингтонда) тайинлангани тўғрисидаги ишонч ёрлиғи нусхасини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Бразилия элчиси сўнгги йилларда икки томонлама савдо айланмаси ошиб, январ-август ойларида 500 миллион долларга етганини, Ўзбекистон Бразилиянинг Марказий Осиё минтақасидаги асосий иқтисодий ҳамкорига айланганини қайд этди.

Учрашув давомида Бразилия ҳукумати томонидан Тошкентда элчихона очиш масаласи ўрганиб чиқилаётганлиги маълум қилинди.

Учрашув якунида томонлар ишонч ёрлиғининг асл нусхасини Бразилия президенти Луис да Силвага топшириш учун Ўзбекистон элчисининг ушбу мамлакатга ташрифини жорий йил охирига қадар уюштириш бўйича келишиб олди. 

Фурқат Сиддиқов жорий йил май ойи бошида президент Жо Байденга Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси сифатидаги ишонч ёрлиқларини топширган эди.

Мавзуга оид