Жамият | 15:23 / 13.10.2023
40605
15 дақиқада ўқилади

Ҳар йили 25 декабр тонгида АҚШнинг 911 қутқарув рақамига қўнғироқлар сони ошиб кетади. Нега? – “Заковат”нинг кузги мавсуми иккинчи ўйинидан репортаж 

Гугурт чўплари нега шираси кўп дарахтлардан эмас, теракдан тайёрланади? Навоий - Мискин темирйўли қурилишида заҳарли илон, чаёнлар чиқиб қолаверганида, бу муаммо қандай ҳал қилинган? – “Заковат” телеўйини кузги мавсумининг иккинчи ўйинида Жобир Аҳмедов жамоаси иштирок этди.

Фото: Заковат

Жамоа аъзолари (суратда чапдан ўнгга):

Азамат Қобилов - тарихчи;

Ҳаётилла Раҳмонов - алоқачи;

Жобир Аҳмедов - шифокор (жамоа сардори);

Хушнуд Худойбердиев - ҳуқуқшунос;

Рушана Ражабова - филолог;

Муҳаммад Али Валихонов - ИНҲА университети талабаси.

Ўйинни суратга олиш жараёнидан лавҳалар 

Жобир Аҳмедов жамоаси 2023 йилнинг кузги мавсуми иккинчи ўйинида иштирок этади.

Ўйиннинг энг тажрибали жамоалардан бири Жобир Аҳмедов жамоаси ҳар доим томошабоп ва мухлислар эътиборида бўлиб келган. Бу сафар ҳам жамоа ижросида қизиқарли ўйин бўлиши аниқ.

1-раунд саволи: Навоий – Мискин темирйўл қурилишида заҳарли илон, чаёнлар чиқиб қолаверганида, бу муаммо қандай ҳал қилингани ҳақидаги савол ўйналди. Азамат Қобилов томонидан илгари сурилган вариантни жамоа сардори Жобир Аҳмедов қўллаб-қувватлади. Шу тариқа жамоа қийинчиликсиз ушбу раундни ўз фойдасига ҳал қилди – 1:0.

2-раундда Руминиянинг Клужнапока шаҳрида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи ўзига хос аппаратлар кўчанинг қаерига ўрнатилгани ҳақида савол ўйналди. Жамоа муҳокама давомида ҳар қанча уринмасин, савол мантиғига етиб бора олмади ва ҳисоб тенглашди. Ҳисоб – 1:1.

Жамоа аъзоси Хушнуд Худойбердиев 

3-раундда 1996 йилда Владимир Шелбин томонидан бир санага бағишлаб чиқарилган махсус алифбо ҳақидаги савол ўйналди. Муҳокама бошида жамоа Тошкент зилзиласи вариантига чалғиб кетаётганди, аммо Ҳаётилла Раҳмонов жамоани тўғри йўлга бошлай олди ва иккинчи очкони олиб келди. Ҳисоб – 2:1.

Жамоа аъзоси Ҳаётилла Раҳмонов 

4-раундда Ремарк асарида “мен ҳар доим ҳаммадан бир мавсум илгари яшайман” дея айтилган монолог эгасининг касби нима, деган саволда яна тўғри вариант Азамат Қобиловдан чиқди. Ўйиндаги иштирокини яхши бошлаган Ҳаётилла Раҳмонов ушбу вариантни қўллаб-қувватлади ва жамоа сардорига ортиқча иш қолдирмади. Натижада ҳисоб 3:1 кўринишига келди.

5-раундда бироз мураккаброқ савол ўйналди. Хива хонлигида тахтга ўтирган янги ҳукмдор ўз сурати билан танга чиқариши учун аввал солиқ миқдорига ўзгартириш киритиши, айрим қамоқдаги маҳбусларни афв этиши, айрим қатлларни бекор қилиши каби бир неча шартларни бажариш билан бирга яна қандай муҳим ишни бажариши керак, деган мазмундаги саволга жамоа тўғри жавоб бера олмади. Ҳисоб – 3:2.

Кейинги раунд саволи ҳам жамоа учун ноқулайлик қилди. Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ҳиндистондалигида уни кўргани бир гуруҳ самарқандлик донишманд олимлар ҳинд диёрига ташриф буюрганида Бобур уларга: “қани эди жами самарқандлик донишмандларни меҳмон қилолсам” деган ният билдирганида донишмандлардан бири уни нима ёрдамида амалга оширишни маслаҳат берган, деган саволга жамоа тўғри жавоб бера олмади ва ҳисоб тенглашди. Ҳисоб – 3:3.

Жамоа аъзоси Рушана Ражабова 

7-раундда Уругвайда қурилган ажабтовур кўприкнинг сурати кўрсатилиб, нега бу кўприкнинг ўртаси атайлаб айлана шаклда қурилгани сўралди. Бу раундда ҳам жамоанинг ишлари юришмади. Жамоа жавоб сифатида яхши вариант берган бўлса-да, тўғри жавоб бошқача бўлиб чиқди. Кетма-кет 3 очко олган томошабинлар жамоаси ҳисобда олдинга чиқиб олди. Ҳисоб – 3:4.

Жамоа аъзоси Азамат Қобилов 

Кейинги раундда гугуртнинг нега шираси кўп дарахтлардан эмас, теракдан тайёрланиши ҳақидаги савол ўйналди. Жамоа ушбу саволда матндаги “салбий” сўзини бошқача талқин қилиши натижасида нотўғри йўналишга кириб кетди ва навбатдаги очкони ҳам бой берди. Ҳисоб – 3:5.

Жамоа сардори Жобир Аҳмедов 

9-раунд саволида Эркин Самандарнинг “пишган олма”си, Муҳаммад Юсуфнинг “қизил олма”си, Эркин Хушвақтовнинг “қирмизи олма”си, Эркин Аъзамнинг “жайдари олма”си борлиги айтилиб, ёзувчи ва сценарист Дмитрий Халендрода қандай олма борлиги сўралди. Жамоанинг ёш ва иқтидорли билимдони Муҳаммад Али Валихонов илк сониялардан тўғри жавобни топди ва жамоасига муҳим очкони келтирди. Ҳисоб – 4:5.

Жамоа аъзоси Муҳаммад Али Валихонов 

10-раундда АҚШда кейинги йилларда 25 декабр тонгида 911 қутқарув телефон рақамига ёлғон қўнғироқлар сони нега ошиб бораётгани ҳақидаги савол ўйналди. Хушнуд Худойбердиев жамоанинг бахтига ушбу саволга муддатидан олдин тўғри жавоб берди ва ҳисобни тенглаштирди. Ҳисоб – 5:5.

Сўнгги раундда жамоа таваккал қилишни хоҳламади, яъни ва-банк раунди олишдан воз кечди.

Ўйиннинг сўнгги саволида чўл ўсимликлари, зайтун, саримсоқ, анор ва бошқа мева суратлари кўрсатилиб, яқинда Лондонда шу каби 25 хилдаги ўсимлик ва мевалар кўргазмаси намойиш этилган бўлиб, Янги Зеландиялик рассом Суе Виксон хоним томонидан тайёрланган ушбу кўргазмага қандай ном берилгани сўралди. Жамоа бир дақиқа ўйлаб, тайинли вариантга эга бўлмагани учун яна бир дақиқа олди. Иккинчи дақиқанинг илк онларида Рушана Ражабова тўғри вариантни айтган бўлса-да, афсуски, унинг бу вариантини ҳеч ким эшитмади ва якунда нотўғри вариант танланди.

Шу тариқа мавсумнинг иккинчи ўйини ҳам билимдонларнинг мағлубияти билан якунланди. 

Ўйин стенограммаси билан қуйида танишиб чиқишингиз мумкин. 

1-раунд. Савол муаллифи: Аҳмад Фузаилов, Жондор тумани, Бухоро

Бошловчи: Бир неча йил аввал Навоий – Мискин темирйўл қурилиши бошланган пайтлар эди. Қурилиш бошланиши билан айрим муаммолар пайдо бўла бошлади. Заҳарли илон, чаёнлар кўплиги билиниб қолди. Шунда бу муаммони маҳаллий оқсоқоллар осон ҳал қилишда ёрдам беришган. Қарияларнинг маслаҳатига биноан қурилиш бўлаётган ерни уларнинг ёрдамида тозалашган.

Диққат савол: Қурувчилар муаммони нима ёрдамида ёки қандай йўл билан бартараф этишган?

Жавобни Жобир Аҳмедов беради: Одамлар боқадиган қўй, эчки подасини каттароқ майдонда қўйиб юбориладиган бўлса, улар ўз йўлида қолган майда мавжудотларни босиб ўтиб кетаверади.

Тўғри жавоб: Қурилиш бўладиган майдон бўйлаб қўй подалари қўйиб юборилган

Ҳисоб: 1 - 0

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди. 

2-раунд. Савол муаллифи: Соҳиб Маҳмудов, Қўқон шаҳри

Бошловчи: Экранга диққатингизни қаратинг.

Руминиянинг Клужнапока шаҳрида кўчаларнинг маълум бир қисмида бу каби аппаратлар ўрнатилган экан, бу каби аппаратлар соғлом турмуш тарзини тарғиб қилади.

Диққат савол: Бу мосламалар кўчаларнинг айнан қаерига ўрнатилади?

Жавобни Ҳаётилла Раҳмонов беради: Пиёдалар ўтиш йўлаги олдига.

Тўғри жавоб: Экранга эътибор қаратамиз.

Автобус тўхташ жойларида. Хоҳловчилар аппарат рўпарасида 20 марта ўтириб туришгач, аппарат унга бепул йўл чиптаси чиқариб беради.

Ҳисоб: 1 - 1

Савол муаллифи Соҳиб Маҳмудов 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди. 

3-раунд. Савол муаллифи: Муҳаммадбобур Тўхтасинов, Марҳамат тумани, Андижон

Бошловчи: Экранга диққатни қаратамиз.

Бу кирилл алифбоси сурати. 1996 йилда Владимир Шелбин томонидан бир санага бағишлаб чиқарилган.

Диққат савол: Журналист Шелбин алифбосидаги ҳарфларни ўрганиб, қайси санага бағишлаб чиқарилганини айтинг.

Жавобни Ҳаётилла Раҳмонов беради: Бу ерда "ч" ҳарфи беркитилган. Фикримизча, бу Чернобил фожиасининг 10 йиллигига бағишланган иллустрацияси.

Тўғри жавоб: Жавоб тўғри

Ҳисоб 2 - 1

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди. 

4-раунд. Савол муаллифи: Нигора Райимбердиева, Гулистон шаҳри, Сирдарё

Бошловчи: Эрих Мария Ремарк "Жаннатдаги соялар" асари қаҳрамони ўзининг севимли иши ҳақида айтган монологини тингланг:

Мен ҳар доим ҳаммадан бир мавсум илгари яшайман, ҳамма ёздан завқланаётганда, мен аллақачон куз фасли ичида турган бўламан.

Диққат савол: Ўзини "фасллар жарчиси" деб атаган бу персонажнинг касби нима?

Жавобни Ҳаётилла Раҳманов беради: тикувчилар. Чунки фасллар келишидан олдин тикувчилар кейинги фасл учун кийимлар тайёрлаб сотишади.

Тўғри жавоб: Моделер. Ёзда у кузги кийимларни яратиш билан банд бўлишини назарда тутган. 

Ҳисоб: 3 - 1

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди. 

5-раунд.Савол муаллифи: Тўрақул Холмуродов, Термиз тумани, Сурхондарё

Бошловчи: Хива хонлигида Муҳаммад Оллоқулихон даврида тахтга ўтирган янги ҳукмдор ўз сурати билан танга чиқариши учун бир неча шартларни бажариши керак бўлган. Солиқ миқдорига ўзгартириш киритиши, айрим қамоқдаги маҳбусларни афв этиши, айрим қатлларни бекор қилиши керак бўлган. У халқи учун яна бир муҳим ишни бажариши керак эди. Ана шундан кейин у ўз номидан танга чиқаришга тўлақонли ҳақли бўлган. Бу ишдан халқ ҳам моддий, ҳам маънавий фойда кўрган.

Диққат савол: Ҳукмдор ўз номидан танга чиқариш учун яна қандай иш қилиши керак бўлган?

Жавобни Хушнуд Худойбердиев беради: Масжид қурдириш

Тўғри жавоб: Ҳарбий юришлар қилиши керак. Ҳарбий юришларда ғалаба қозониши керак.

Ҳисоб 3 - 2

Савол муаллифи Тўрақул Холмуродов 2 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди. 

6-раунд. Савол муаллифи: Ўткир Ортиқов, Ғузор тумани, Қашқадарё

Бошловчи: Марҳамат, "Заковат" сандиқчаси олиб чиқилсин. Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ҳиндистондалигида уни кўргани бир гуруҳ самарқандлик донишманд олимлар ҳинд диёрига ташриф буюришади. Бобур уларни зиёфатга таклиф этади. Зиёфат пайтида у: "қани эди жами самарқандлик уламо-ю донишмандларни меҳмон қилолсам", деган бир ният билдиради. Шунда донишмандлардан бири: "сизга Самарқанддан бир нарса олиб келдим, сизнинг хоҳишингизни амалга оширади", дейди.

Диққат савол: Сандиқчада нима бор?

Жавобни Хушнуд Худойбердиев беради: қовун.

Тўғри жавоб: Туз

Ҳисоб 3 - 3

Савол муаллифи Ўткир Ортиқов 3 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди. 

7-раунд. Блиц саволлари.

1-савол муаллифи: Гулрух Бобоева, Бухоро шаҳри

Бошловчи: Экранга эътиборингизни қаратинг.

Бу Уругвайда қурилган ажабтовур кўприкнинг сурати.

Диққат савол: Нега бу кўприкнинг ўртаси атайлаб айлана шаклда қурилган?

Жавобни Ҳаётилла Раҳмонов беради: Узун ва текис йўлда ҳайдовчилар ухлаб қолмаслиги учун.

Тўғри жавоб: Бундан мақсад автомобиллар тезлигини камайтириш.

Ҳисоб 3 - 4

Савол муаллифи Гулрух Бобоева 4 миллон сўм пул мукофотини қўлга киритди. 

8-раунд. Савол муаллифи: Зебо Маҳатова, Ангор тумани, Сурхондарё

Бошловчи: Гугурт Ўзбекистонда асосан терак тахтасидан олинаркан. Бунга бир нечта сабаблар бор экан. Фақат теракнинг тахтаси зич ва ёпишқоқ эмаслиги учун экан. Ёпишқоқ, шираси кўп дарахтлардан ясалган гугуртлар жуда тез ёниб кетар экан. Теракдан бошқа дарахтлардан гугурт олиб бўлмаслигига яна бир салбий сабаб бор экан. Шунинг учун ҳам хонадонларга бундай гугуртларни олиб келишни хоҳламайди одамлар.

Диққат савол: Яна қандай сабаб туфайли шираси кўп дарахтлардан гугурт олиб бўлмайди?

Жавобни Хушнуд Худойбердиев беради: Салбий дейилганига биз хавфли деб ўйладик. Шу хавф нуқтаи назардан шираси кўп ёғочдан қилинган гугуртларнинг ўчиши қийин бўлади.

Тўғри жавоб: Ширали ва ёғли дарахтлардан ясалган гугуртлар ёнса, биринчидан, улар тез ёнади, иккинчидан, қўланса ҳид чиқаради.

Ҳисоб 3 - 5

Савол муаллифи Зебо Маҳатова 5 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди. 

9-раунд. Савол муаллифи: Сардор Сафаров, Мирзо Улуғбек тумани, Тошкент

Бошловчи: Эркин Самандарнинг "пишган олма"си бор, Муҳаммад Юсуфнинг "қизил олма"си бор, Эркин Хушвақтовнинг "қирмизи олма"си бор, Эркин Аъзамнинг "жайдари олма"си бор.

Диққат савол: Ёзувчи ва сценарист Дмитрий Халендрода қандай олма бор?

Жавобни Муҳаммад Али Валихонов беради: Бизнинг фикримизча, Дмитрий Халендрода "41-йил олмаси" бор

Тўғри жавоб: Жавоб тўғри

Ҳисоб: 4 - 5

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди. 

10-раунд. Савол муаллифи: Равшанбек Мамажонов, Тўрақўрғон тумани, Наманган

Бошловчи: АҚШда кейинги йилларда 25 декабр тонгида 911 қутқарув телефон рақамига қўнғироқлар сони ошиб бормоқда экан. Айнан 25 декабр куни тонгда мурожаатлар рекорд даражада ошиб бормоқдалиги қайд этилади оммавий нашрларда. Уларнинг жуда кўпи ёлғон телефонлар бўлар экан.

Диққат савол: Нима учун 25 декабр куни ёлғончи қўнғироқлар ошиб бормоқда?

Жамоа муддатидан олдин жавоб беради.

Жавобни Хушнуд Худойбердиев беради: Чунки уларда Рождество байрами. Бу байрамда одамлар бир-бирига янги телефон совға қилишади. Янги телефонда фақатгина 911га телефон қилиш имконияти бор. Янги телефон олган инсонлар беихтиёр 911га телефон қилиб юборишади.

Тўғри жавоб: Жавоб тўғри

Ҳисоб 5 - 5

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди. 

11-раунд. Савол муаллифи: Алишер Бобоқулов, Пайариқ тумани, Самарқанд

Бошловчи: Диққатингизни экранга қаратинг.

Яқинда Лондонда шу каби 25 хилдаги ўсимлик ва мевалар кўргазмаси бўлиб ўтади. Янги Зеландиялик рассом Суе Виксон хоним томонидан 6 йил давомида чизилган кўргазмага чўл ўсимликларининг зайтун, саримсоқ, анор ва бошқа мева суратлари ҳам қўйилган. Виксон хонимда бу расмларни чизиш ғояси Абу Дабида саёҳат давомида пайдо бўлган экан.

Диққат савол: Сиз бир дақиқа ўйлаб, бу кўргазманинг қандай номланганлигини 2 сўзда айтинг.

Жамоа қўшимча вақтдан фойдаланади.

Жавобни Ҳаётилла Раҳмонов беради: Чўл атиргуллари

Тўғри жавоб: Қуръон ўсимликлари

Ҳисоб: 5 - 6

Савол муаллифи Алишер Бобоқулов 6 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Энг яхши савол муаллифи - Ўткир Ортиқов, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақидаги савол билан

Ўткир Ортиқов 10 млн сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Ўйиннинг энг фаол билимдони - Ҳаётилла Раҳмонов

Ҳаётилла Раҳмонов 10 млн сўм пул мукофотини қўлга киритди. 

Ўйиннинг тўлиқ видеосини ушбу ҳаволада томоша қилишингиз мумкин.

Дилшод Абдуқодиров
Тайёрлаган Дилшод Абдуқодиров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид