“Нархни ошириш – тизимли муаммонинг ягона ечими эмас” — мутахассислар темирйўл соҳаси ҳақида
Темирйўл мутахассиси Озод Танбаевнинг фикрича, соҳадаги муаммолар фақатгина нарх масаласига боғлиқ эмас, асосий эътибор самарадорликка қаратилиши керак. Иқтисодчи Отабек Бакиров эса темирйўл соҳаси тизимли ислоҳотларга муҳтожлигини айтади. “Охирги 30 йил ичида соҳанинг бошқаруви, иш юритиши, таркиби, тузилмасида эскича маъмурий бошқарув ва тақсимотдан ҳанузгача фойдаланиб келинади”, – дейди у.
20 октябрдан бошлаб маҳаллий йўналишлардаги йўловчи поездлари чипта нархлари 1,5 баробарга, “Афросиёб”ники эса 2 баробарга оширилади. “Ўзбекистон темирйўллари” буни бир неча йилдан бери нархлар ўзгаришсиз қолаётгани, лекин бу вақт давомида харажатлар ошгани билан изоҳламоқда.
Куни кеча қабул қилинган қарор билан, 2024 йил 1 январдан йўловчиларни ташиш хизматлари тарифларини давлат томонидан тартибга солиш тўхтатилади ва соҳага бозор механизмлари жорий этилади.
Хўш, нархлар оширилишининг соҳага таъсири қандай бўлади? Бу борада кейинги қадамлар нималардан иборат бўлиши лозим? Kun.uz мухбири бу мавзуда Прогрессив ислоҳотлар маркази мутахассиси Озод Танбаев ва иқтисодчи Отабек Бакиров билан суҳбатлашди.
“Нархлар ошса-да, муаммолар ечилмай қолаверишидан қўрқаман”
Озод Танбаев: Ўйлашимча, нархларнинг оширилиши, шунда ҳам 2 баробарга оширилиши соҳада сифатнинг яхшиланиши ёки инфрзатузилманинг янгиланишига ижобий таъсир кўрсатади деб ўйламайман. Ҳозирги кунда “Ўзбекистон темирйўллари” АЖнинг олиб бораётган сиёсати бир неча йил аввал UzAuto Motors олиб борган сиёсатга ўхшайди. Эсингизда бўлса, улар ҳам “Ўзбекистон темирйўллари” сингари бир хил иддао билан чиққан эди. Яъни бир неча йиллардан бери соҳада автомобил нархлари оширилмасдан келяпти, бу вақтларда нарх-наво ўзгариши ҳамда инфляцияни сабаб сифатида кўрсатган эди. Шу билан нархлар жуда қимматлаб кетди, бу орада сифат ёмонлашса, ёмонлашдики, лекин яхшиланмади. Темирйўлларда ҳам шундай бўлишидан қўрқаман.
Нархларнинг оширилиши қачон ижобий бўлиши мумкин, қачонки, соҳада шаффофлик таъминлансагина. Яъни бу самарали корпоратив бошқарувига боғлиқ. Агар шу нарса тўғри йўлга қўйилса, ижобий ўзгаришлар кузатилиши мумкин. Лекин ҳозирги вақтда фақатгина аҳолининг норозилигига эришилади деб ўйлайман. Соҳадаги муаммо тизимли, фақат нархлар билан боғлиқ эмас. Биз нархларни ўзгартириб, муаммога ечим топа олмаслигимиздан қўрқаман.
“Нархлар оширилиши – тўғри қарор, лекин у мўлжиза яратмайди”
Отабек Бакиров: Нархларнинг оширилиши тўғри қарор, қанчалик қулоққа ёқмаса-да. Аммо нархларнинг оширилиши мўъжиза яратмайди. Чунки айтиб ўтилди, йиллар давомида, яъни охирги 7 йил эмас, умуман охирги 30 йил ичида соҳанинг бошқарувида, иш юритиши, таркибида, тузилмасида эскича маъмурий бошқарув ва тақсимотдан ҳанузгача фойдаланиб келинади. Бунга фақатгина нарх орқали сигнал берилиши чора бўлмайди.
Қисқароқ қилиб айтганда, менежментда ва шу ислоҳотларнинг бошида турганларни бозор тарафдорлари, бозорни тушунадиган шахслар деб қабул қилишимиз жуда ҳам қийин. Ўз-ўзидан совет бошқаруви ва буйруқбозлик системасини яратган одамлар бирдан ислоҳотчига айланиб қолишини кутмаслигимиз керак. Бошланган охирги жараёнлар фақатгина нарх оширилиши билан тўхтаб қолади деган пессимистик қараш йўқ эмас. Шу қарашни юмшатишга қаратилган қадамларни сезганимиз йўқ.
Балки биз эълон қилинган ислоҳотларни фақатгина биринчи босқичдаги фазасини кўраётгандирмиз, кейинги қадамларни кўрмаяпмиз. Худди шу нарсани бир неча йил аввал энергетика соҳасида ислоҳотлар бошланганида ҳам кўрган эдик. Яъни ўша вақтда бошланган қадамлар фақатгина тармоқда компанияларни алоҳидалаштириш, бизнеснинг турли сегментларида алоҳида бошқарувни таъминлаш билан якунланиб қолган эди. Ундан уёғига ўтилгани йўқ эди. Яъни тизимда рақобатни, шаффофликни таъминлаш, корпоратив бошқарув сифатини яхшилаш бўлмади. Нарх шаклланишини бозорга етказиш эмас, у бозор принципларига амал қилиш жараёнларига кириб улгурмаган эди. Шунинг учун ҳам қарашлар турлича, бу қарашларнинг кўпи ижобий эмас, афсуски.
Аҳолига қандай тушунтиришимиз керак деган масалада, мен айтаманки, биринчидан тўғрисини айтиш керак доим, вазиятни тўғри етказиш керак. Ахборотнинг ярмини етказиб, ярмини ўзимизда олиб қоладиган бўлсак, аҳолида тушунча пайдо бўлмайди. Шунинг учун бизда ҳозир темирйўл соҳасида юк ташиш билан боғлиқ бўладими, логистика масаласи ёки йўловчи ташиш билан боғлиқ бўладими, қандай муаммолар йиғилиб қолган бўлса, уларнинг ҳаммаси очиқ-ойдин айтилиши керак. Ва чала ечимлар, ярим қадамли қарорлар билан буларни ечиб бўлмаслигини билишимиз, 1 январдан кейин темирйўл соҳасида муаммо қолмайди деган фикрни сингдиришга ҳаракат қилмаслигимиз керак. Бу оғир ва узоқ давом этадиган жараён эканини мутлақ кўпчилик тушуниши керак.
“Кредитга олинган техникалардан максимал самарали фойдаланиш лозим”
Отабек Бакиров: Бизда йўловчи ташиш билан шуғулланадиган таркибни кўрадиган бўлсангиз, вагонлардан тортиб, локомотивларигача – умуман ҳаммаси чет элдан келтирилган техникалар ҳисобланади. Албатта, уларнинг ҳаммаси кредитга келтирилган, уларнинг тўловлари мавжуд. Давлат корхоналари, давлат ташкилотларида шундай нарса шаклланганки, харажатларнинг оширилиши уларни ташвишга солмайди. Бу нарса фақатгина давлатни ташвишга соладиган муаммога айланиб қолган. Уларнинг назарида таннархни оптималлаштириш, мақбуллаштириш ҳақида умуман гап-сўз бўлиши мумкин эмас.
Мисол учун, бизда ҳозир жуда катта миқдорда қийматга эга бўлган, кредитга олинган ва доимий равишда бу кредит мажбуриятларини тўлашга мажбур бўлган “Афросиёб” поездлари мавжуд. Кузатган бўлсангиз, бу поездлар суткасига камида 10-12 соат вокзалларда қимирламасдан туради. Бу дегани биз ўзимиз хоҳлаб-хоҳламасдан туриб, максимал равишда кунига маълум бир вақтда йўловчи ташишни устувор деб билмаган ҳолатда таннархни 50-60 фоизга ошираётган бўлишимиз мумкин. Мен кузатувчи сифатида айтяпман. Чунки кредит бўйича мажбуриятлар тўхтаб турмайди, агар сиз ўша транспорт воситасидан максимал фойдаланмайдиган бўлсангиз, бир бирлик йўловчини ташиш таннархи ўз-ўзидан ошиб бораверади.
Эски вақтларда “Ўзбекистон ҳаво йўллари”да шундай принцип бор эди, самолётларимиз учмас эди, аэропортларда қўниб турарди. Суткасига 2 та рейс амалга ошириларди, қолган вақт ерда тураверарди. Бу – умуман техникадан, транспорт воситасидан самарасиз фойдаланишнинг яққол кўриниши. Чунки уларнинг ортида доимий равишда давлат бўлган ва давлат барча харажатларни қоплаб бериши мумкин бўлган.
Ёки яна бир мисол, биз юқори тезликда ҳаракатланадиган “Афросиёб” поездидан мисол келтирамиз. Айтайлик, юқори тезликда ҳаракатланадиган поездларнинг бир принципи бор, имкон қадар улар камроқ жойда тўхташи керак. Биз “Афросиёб” поездларини тезюрар поездларининг тўхташ даражасигача келтириб қўйдик-да. Айрим туман марказларида ҳам тўхтаб турибди. Ҳар битта тўхташ, 4 ёки 2 нафаргина пассажир учун тўхтаб ўтиш таннархнинг оширилиши сабаб бўлади.
Агар биз бозор нуқтайи назаридан қарайдиган бўлсак, бу нарсалардан воз кечишимиз керак. “Афросиёб”нинг кечқурунги, тонгги рейслари ҳам пайдо бўлиши керак. Эрталаб борганда поездлар ҳаракатсиз туриши керак эмас, тинимсиз ҳаракатда бўлиши лозим.
Бу нарсани нима учун айтяпман, кеча бош вазиримиз Чехияга бориб туриб, электрпоездлар бўйича арзон кредит нархларда шартномаларга келишилди. Хўп, биз шу техникаларни олиб келамиз, лекин уларни самарали ишлатадиган менежментимиз, инфратузилмамиз мавжудми? Бизда совет давридан бери қолиб кетган бир устуворлик бор, яъни йўловчи эмас, юк муҳим. Приоритет юк ташиш учун инобатга олинган, пассажир ташишга нисбатан қолдиқ методи амал қилади. Яъни йўллар юкдан ортсагина йўловчи юраётган поездлар ўтказиб юборилади.
· Интервюнинг тўлиқ қисмини юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
· Эртага, 14 октябр куни темирйўл соҳаси масъуллари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилиши маълум қилинган.
Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.
Тасвирчи: Мирвоҳид Мирраҳимов.
Монтаж устаси: Нуриддин Нурсаидов.
Мавзуга оид
10:12 / 22.11.2024
Метро учун яна 26 та поезд харид қилинади
07:54 / 18.11.2024
Тошкент - Бухоро - Тошкент йўналишида янги поезд қатнови йўлга қўйилади
23:28 / 14.11.2024
«Миллий боғ» метро бекатида поезд техник носозлик сабаб тўхтатилди
17:18 / 14.11.2024