Саудия Арабистони ва Миср – энг катта араб давлатлари. Улар Фаластин-Исроил низосида муҳим ва таъсир этувчи кучга эга. Kun.uz мухбири низонинг жорий кескинлашувига бу икки мамлакатнинг муносабати ҳақида Яқин Шарқ масалалари бўйича эксперт, Саудия Арабистони ва Мисрда фаолият юритган дипломат Лутфиддин Хўжаев билан суҳбатлашди.

— Минтақадаги асосий давлатлар бўлмиш Саудия Арабистони  ва Мисрнинг ҳозирги тўқнашувларга бўлган муносабати қандай?

— Саудия ва Миср ташқи сиёсатда Яқин Шарқ муаммоси, жумладан, Фаластин Исроил низосини тинч воситалар билан ҳал қилишга устувор эътибор беради. 1948 йил май ойида БМТ томонидан Фаластин ҳудудида икки мустақил давлат – Фаластин ва Исроил давлатларини ташкил қилиш бўйича қарор қабул қилинган. Бундан араб дунёси давлатлари норози бўлади, 1948-1952 йилларда низолар юзага келади. 1967 йилда Исроил Фаластин ерлари, Мисрнинг Синай яримороли, Суриянинг Жўлан тепаликлари, Ливаннинг бир қисмини босиб олади. Бу вазиятда Саудия араб давлатларига сиёсий, моддий ва инсонпарварлик ёрдамлар кўрсатиб келади. Муаммоларни ҳал қилиш бўйича кўп ташаббусларни илгари сурган. 1982 йилда подшоҳ Фаҳд бин Абдулазиз Ол Сауд  Араб-Исроил можаросини БМТ Хавфсизлик Кенгаши ва Бош Ассамблеяси тегишли қарорлари асосида сиёсий воситалар билан ҳал этиш, хусусан, Исроил  босиб олган араб ерларини қайтариш ҳисобига Тел-Авив билан дипломатик алаоқаларни ўрнатишга оид ўз ташаббусини илгари суради.

[2023 йил] 7 октябрдан кейинги воқеаларга Саудия томони эҳтиёткорлик билан ёндашяпти. Биринчи ўринда зулм ва зўравонликни тўхтатиб, тинч музокаралар ўтказиш кераклигини таъкидламоқда. Жумладан, тинч аҳоли қурбон бўляпти. Ғазода ижтимоий ва гуманитар вазият жуда оғирлашиб кетаяпти.  Шунинг учун Подшоҳлик ҳар иккала томонни ҳарбий ҳаракатларни дарҳол тўхтатиб, муаммони музокаралар йўли билан, жумладан БМТ Хавфсизлик Кенгаши ва Бош Ассамблеясининг тегишли резолюциялари доирасида ҳал қилишга чақиряпти.

— Нима учун Саудия жиддий қадамлар ташламаяпти?

— Чунки вазият жуда мураккаб. Ҳам минтақавий, ҳам глобал даражадаги ўйинчилар бор бунда. Шунинг учун ягона тўғри йўл – музокаралар, тинч воситалар. 2020 йилда АҚШ иштироки билан араб давлатлари ва Исроил ўртасида келишув ҳам бўлганди шу доирада.

— Дейлик, Саудия ва БАА каби давлатларнинг ҲАМАСга муносабати бу ташкилотнинг, айтайлик, Эрон билан ҳамкорлик қилишига боғлиқми? Минтақавий ва глобал ўйинчиларга кенгроқ қарасак.