Исроил пайшанбага ўтар кечаси Ғазо сектори бўйлаб йўллаган авиазарбалар оқибатида Ҳамас ташкил этган полиция бошлиғи Маҳмуд Салоҳ ҳамда унинг ўринбосари Ҳусам Шоҳвон ҳалок бўлди.
Зарба анклав жанубидаги Хон Юнус шаҳри ғарбидаги Ал-Мавасий ҳудудидаги палатали лагер бўйлаб йўлланган.
Фаластинлик шифокорлар зарба оқибатида 12 киши, жумладан, аёллар ва болалар ҳалок бўлганини маълум қилишган, Исроилнинг бошқа нуқталарни ўққа тутиши оқибатида ҳам ўнлаб кишилар ҳалок бўлган.
Исроиллик ҳарбийлар Ҳамаснинг ҳарбий қанотига Ғазодаги исроиллик ҳарбийларга ҳужумларни режалаштиришда ёрдам берган Шоҳвонни нишонга олганини тасдиқлаган.
Ҳамас назорати остидаги Ғазо ИИВ Салоҳ ва Шоҳвон ўлдирилганини қоралаб, улар «ўзининг гуманитар ва миллий бурчини бажариш билан шуғуллангани»ни қайд этган.
Исроил мудофаа армияси Хон Юнусдаги гуманитар зонага зарба йўллаганини тасдиқлаган. ЦАҲАЛ хабарида Ҳусам Шоҳвон Ҳамаснинг ички хавфсизлик аппарати раҳбари бўлгани айтилган.
Исроиллик ҳарбийлар Ҳамас полицияси «Ғазо аҳолиси вакилларини шафқатсиз йўллар билан сўроқ қилиб, инсон ҳуқуқларини бузгани ва ўзгача фикрдагиларни бостиргани»ни қайд этган.
«Шоҳвон Ғазодаги Исроил мудофаа армиясига ҳужумларда Ҳамас ҳарбий қаноти элементлари билан мувофиқлаштирган ҳолда разведка маълумотлари ишлаб чиқишга масъул бўлган», — дейилган баёнотда.
Исроил ҳарбийлар Шоҳвонни йўқ қилиш чоғида улар тинч аҳоли учун хавфларни минималлаштириш, жумладан, қўшимча разведка ўтказиш, ҳудудни ҳаводан кузатиш ва аниқ бошқариладиган ўқ-дорилардан фойдаланиш чораларини кўрганини таъкидлаган.
ЦАҲАЛ хабарида Салоҳ номи тилга олинмаган.

Ғазо секторига ҳужумлар ҳақида яна нималар маълум?
Ғазодаги тез ёрдам хизмати машинаси ҳайдовчиси Салим Абу Субҳа журналистларга Ал-Мавасийдаги зарба жойида қутқарувчилар ерда ётган ярадорларни топишганини айтиб берган. Унинг сўзларига кўра, жабрланганлардан кўпчилиги — болалар, бундан ташқари, икки аёл ҳам яраланган.
«10 га яқин палатка шикастланган, алоҳида жойларда ёнғин ўчоқлари ҳосил бўлган», — деган у Қатарнинг Al Jazeera телеканалига.


















