Блинкеннинг Яқин Шарқ бўйлаб турнеси. У Исроилнинг қўшнилари билан нималарни муҳокама қилди?
У Исроилдан ташқари, Иордания, Қатар, Баҳрайн, Саудия Арабистони, БАА ва Мисрда бўлди.
Аввалига Энтони Блинкеннинг Яқин Шарққа сафари атиги икки кун бўлиши кутилганди: 12 октябр куни АҚШ давлат котиби Исроилга, кейинги куни Иорданияга ташриф буюриши режалаштирганди. Аммо Блинкен ҳали Исроилда эканида АҚШ Давлат департаменти унинг сафари давом эттирилиши ҳақида анонс берди. У 16 октябрга қадар Қатар, Баҳрайн, Саудия Арабистони, БАА ва Мисрда ҳам бўлди — яъни минтақадаги деярли барча муҳим мамлакатларни айланиб чиқди. «Медуза» америкалик дипломатнинг катта турнеси Яқин Шарқдаги урушнинг кейинги кечишига қандай таъсир кўрсатиши мумкинлигини таҳлил қилди.
Исроилга ташриф вақтида Блинкен мамлакат учун ҳарбий ёрдам ваъда қилди — ва конгресс буни қўллашига ишонтирди
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Исроилга ҲАМАСнинг ушбу мамлакатга ҳужумини қоралаш ва террорчилик ҳужуми қурбонларига ҳамдардлик билдириш, АҚШнинг Исроил халқи ва ҳукумати билан «бирдамлигини тасдиқлаш» ҳамда «Исроилнинг ўзини ўзи ҳимоя қилиш ҳуқуқини сўзсиз қўллаб-қувватлашини қайд этиш» учун келганди. Бу ҳақда Давлат департаментининг 10 октябр куни эълон қилинган пресс-релизида айтилган.
12 октябр куни дипломат Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу, президент Ицхак Герцог, ҳукумат аъзолари ҳамда Америка дипломатик миссияси ходимлари билан учрашувлар ўтказди. Нетаняҳу билан бирга Тел-Авивда матбуот учун берилган баёнотда давлат котиби ўзи ҳам асли яҳудий сифатида мамлакатда бўлган воқеалардан қаттиқ таъсирланганини таъкидлаганди (расмий маълумотларга кўра, ҲАМАС ҳужуми оқибатида Американинг 25 фуқароси ҳалок бўлган, яна 17 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда).
Исроил АҚШ томонидан қўллаб-қувватланиши ҳақида гапираркан, Блинкен ҳарбий ёрдам етказиб бериш аллақачон бошланганини хабар қилган: хусусан, мамлакатга «Темир қубба» ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ишлаши учун зарур жиҳозлар, шунингдек ҳарбий кемалар флотилияси (Пентагон Исроил соҳиллари яқинига «Жералд Форд» атом авиаташувчиси етакчилигидаги зарбдор гуруҳни олиб келди, «Дуайт Эйзенҳауэр» авиаташувчи кемаси ҳам яқин вақтлар ичида Ўрта Ер денгизининг шарқий қисмига етиб бориши кутилмоқда).
Агар Исроилга қўшимча ёрдам талаб этилса, Жо Байден маъмурияти буни конгресс билан келишишини ваъда қилган. У Нетаняҳуни икки партиянинг ҳам конгрессменлари Исроилни қўллашига ишонтирган. Мамлакат бунгача ҳам Америка ҳарбий ёрдамини энг кўп миқдорда оладиган давлатлар қаторида эди: АҚШ унга йилига уч миллиард доллардан ортиқ миқдордаги қурол-яроғ етказиб беради.
Кейинги куни, 13 октябрда АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин ҳам Исроилнинг ҳарбий эҳтиёжларини баҳолаш учун Тел-Авивга келди. Time журнали манбаси хабар қилишича, Байден маъмурияти ва конгресснинг етакчи аъзолари аллақачон ушбу мамлакатга икки миллиард долларлик молиявий ёрдам кўрсатиш имкониятини муҳокама қилмоқда. Бу пуллар «Темир гумбаз»да ишлатиш учун тутиб олувчи ракеталар, артиллерия снарядлари ва бошқа ўқ-дориларга сарфланиши кўзда тутилган.
Аммо қўшимча ёрдам ажратиш учун аввал Вакиллар палатаси тегишли қонун лойиҳасига овоз беришлари керак. Лекин ўтган октябр ойи бошида конгресснинг қуйи палатаси спикери Кевин Маккарти АҚШ тарихида истеъфога чиқарилган илк спикерга айланганди. Унинг вазифасини вақтинча бажариб турган Патрик Макгенрининг ваколатлари эса аниқ белгиланмаган, деб хабар беради The New York Times вакиллар палатаси аппарати ходимига таяниб. Шунинг учун Макгерн бюджетга алоқадор масалаларни овозга қўйиш имконига эгалиги ёки йўқлиги борасида конгрессменларнинг ишончи комил эмас.
Блинкеннинг Яқин Шарқ бўйлаб турнеси мақсадларидан бири — Миср ҳукуматини Ғазо аҳолисини эвакуация қилиш учун чегарасини очишга кўндириш
Нетаняҳу билан бирга чиқиши вақтида Блинкен Исроил ҳукуматини тинч аҳолига зарар етмаслиги учун барча чораларни кўришга чақирганди — у бу билан Ғазо секторида яшовчи кишиларни назарда тутганди. «Исроил ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга, ҳатто шундай мажбуриятга эга. Исроил буни қандай қилиши муҳим аҳамиятга эга. Биз, демократик давлатлар, террорчилардан инсон ҳаётини қадрлашимиз билан фарқ қиламиз <…> Шунинг учун тинч аҳолига зарар етказмаслик учун барча эҳтиёт чораларини кўриш муҳимдир. Биз ҳар бир қурбон ҳақида қайғурамиз», — деганди давлат котиби.
Нетаняҳу бунга жавобан ҲАМАСни ИШИДга тенглаштирган ва «„Ислом давлати“ қандай яксон этилган бўлса, ҲАМАС ҳам шундай яксон этилиши»ни айтганди. Блинкен унинг бу тезисига қўшилганди.
13 октябр тонгида Исроил мудофаа армияси Ғазо аҳолисига мурожаат қилиб, сектор жанубига кўчиб ўтишга чақирди. «Ғазо шаҳри — ҳарбий ҳаракатлар олиб бориладиган ҳудуд. Бу эвакуация сизнинг хавфсизлигингиз учун ўтказилади», — дейилган фаластинликларга қаратилган хабарда. Шу билан бир вақтда, Исроил Ғазо сектори билан чегара ҳудудларига танк ва оғир артиллерияларини жойлаштирди, бу эса 2014 йилдан буён илк бор қуруқликда ҳарбий амалиёт бошлаш нияти жиддий эканини кўрсатади, дея ёзади Reuters (Ғазода қуруқлик амалиёти ўтказиш зарурлиги Исроилда ўтган ҳафта давомида муҳокама қилинди; аммо унинг контурлари - ҳарбий ҳаракатлар олиб бориладиган ҳудудлар ҳамон аниқ эмас).
Ғазо секторида 2,3 миллион атрофида одам яшайди, Исроил ҳукуматининг эвакуация бўйича чақириғи 1,1 миллиондан ортиқ одамга тааллуқли. Бундай миқдордаги одамни эвакуация қилиш амалда имконсиз, дея огоҳлантирган БМТ бош котибининг минтақа бўйича вакили Стефан Дюжаррик. Эвакуация Ғазодаги шифохоналарда бўлганларнинг кўпчилиги учун «ўлим ҳукми» бўлади, деган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакили Тарик Язаревич. БМТнинг фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги (UNRWA) маълумотига кўра, сектор аҳолисининг ярим миллиондан ортиқ қисми аллақачон ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган; 270 мингдан ортиқ киши UNRWA томонидан барпо этилган бошпаналарга жойлашган — аммо ташкилот имкониятлари чекланган.
Ғазонинг Миср билан чегараси Миср томондан ёпиқ қолаётгани туфайли (Исроил билан ҳам), тинч аҳоли қопқонда қолган, дея қайд этади Reuters. Шунинг учун сўнгги кунларда Америка дипломатиясидаги йўналишлардан бири Миср ҳукуматини чегарани қочқинлар учун очишга кўндиришга уриниш бўлмоқда. Шу мақсадда музокаралар ўтказилиши ҳақида АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан 10 октябр куниёқ гапирганди, 11 октябр куни эса — Энтони Блинкеннинг ўзи ҳам. Reuters агентлигининг Мисрдаги манбаларига кўра, Қоҳира ҳамон фаластинлик қочқинларни ўз ҳудудига ўтказишга рози бўлмаяпти: мамлакат ҳукумати можаро уруш томонлари чегараларидан ташқарига чиқиб кетишини истамаяпти.
Можарога бошқа иштирокчилар қўшилишининг олдини олиш учун Блинкен Фаластин президенти (у ҲАМАСни назорат қилмайди) билан ҳам музокара олиб борди
ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумидан кейин Энтони Блинкен бир неча бор ўзининг биринчи галдаги вазифаси — можарога янги иштирокчилар қўшилишига йўл қўймаслик ҳисобланишини айтганди. Бу Иордан дарёси ғарбий соҳилидаги маъмуриятга ҳам тааллуқли эди, бу Фаластиннинг уч миллион атрофида одам яшовчи иккинчи ҳудудидир. Бунгача ОАВда бу ҳудуд иккинчи фронтга айланиши мумкинлиги борасида хавотирлар янграганди.
Блинкен ва Фаластин маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос илк бор 7 октябр кунги ҳужумдан кейиноқ ҲАМАС ҳаракатини телефон орқали муҳокама қилишганди. Аббоснинг маъмурияти 2007 йилдан буён ҲАМАС вакиллари билан можаро ҳолатида. Ўша суҳбат чоғида давлат котиби суҳбатдошини террорчиларни қоралаш ва Ғарбий соҳил ҳудудида барқарорликни таъминлашга чақирган. Аммо Аббос ўшанда ҳамасчилар манзилига ёмон сўз айтмади. Ҳужум куни у юқори мартабали фаластинлик мулозимларни Рамаллоҳда тўплади ва «Фаластин халқи ўзини оккупация кучлар ва [исроиллик] кўчиб келувчилар терроризмидан ҳимоя қилишга ҳақли экани»ни билдирди.
Ўтган вақт ичида Ғарбий соҳилда исроиллик ҳарбийлар ва фаластинликлар ўртасида бир неча кичик тўқнашувлар бўлиб ўтди. Ўнлаб кишилар ҳалок бўлган.
Кейин, 12 октябр куни Иордания қироли Абдуллоҳ II билан ўтказилган музокаралардан кейин Аббос «тинч аҳолини ўлдириш ёки уларга нисбатан шафқатсизларча муносабатда бўлиш амалиёти»ни қоралашини айтди, шу билан бирга «Ғазо секторига қарши тажовузни зудлик билан тўхтатиш»га чақирди.
13 октябр куни Блинкен Иордания пойтахти Оман шаҳрида Аббос билан учрашди. Бу музокаралар мазмуни ҳақида деярли ҳеч нарса маълум эмас. Al Jazeera хабарига кўра, фаластинликлар президенти Исроилнинг Ғазо аҳолисини эвакуация қилиш бўйича талабини қоралаган.
16 октябр куни эса Фаластиннинг WAFA ахборот агентлигида Аббос Венесуэла раҳбари Николас Мадуро билан телефон орқали мулоқоти чоғида «Ғазо секторини назорат қилаётган ҲАМАС гуруҳининг ҳаракатлари ва сиёсати Фаластин халқи манфаатларини акс эттирмаслиги» ҳақида айтгани хабар қилинди.
Аббос ҳам фаластинликлар, ҳам исроилликлар ўртасида тинч аҳолининг ўлдирилишига қарши эканини билдирди, шунингдек, «ҳар икки томондан тинч аҳоли, асирлар ва қўлга олинганларни озод қилиш»га чақирди, деб ёзади WAFA. Икки давлат раҳбарлари Фаластин—Исроил можароси сиёсий ечим билан якунланиши кераклиги, бунга эса зўравонликларсиз эришилишини таъкидлашган.
АҚШнинг минтақадаги иттифоқчилари мураккаб қарорлар қабул қилишга мажбур. Исроилнинг рақиблари бир-бири билан маслаҳатлашувлар ўтказмоқда
ҲАМАСнинг ҳужумидан кейин америкалик дипломатлар турли каналлар орқали араб ҳамкорлар билан музокаралар ўтказишни бошлади. Улар ҲАМАС билан алоқаларга эга бўлган ҳамкорларни ҳаракатга таъсир кўрсатишга чақирган: ҳужум қилишни тўхтатиш ва гаровдагиларни озод этишга ундашга. Ливандаги шиаларнинг «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи ёки Эрон билан алоқа қилувчилардан эса уларнинг можарога қўшилишига йўл қўймасликка эришиш сўралган, дея америкалик юқори мартабали мулозим сўзларини келтирган Reuters агентлиги.
Блинкен Иорданиядан кейин борган араб мамлакатлари расмийлари ўз аҳолиси манфаатлари (улар Фаластин билан ҳамдард), Исроил билан муносабатларни ривожлантириш режалари ҳамда АҚШ позицияси ўртасида балансни сақлаши талаб этиларди. Баҳрайн ва Бирлашган Араб Амирликлари (бу икки мамлакат Қўшма Штатлар воситачилигида 2020 йили Исроил билан муносабатларни нормаллаштириш ҳақидаги келишувни имзолаганди) ҲАМАСнинг ҳаракатларини қоралаб баёнот берди. Иордания, Миср ва Саудия Арабистони можарони кескинлаштирмасликка чақирганди. Саудия Арабистони тахти валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон 11 октябр куни Эрон президенти Иброҳим Раисий билан телефон орқали гаплашганди — бу икки мамлакат ўртасидаги дипломатик муносабатлар тикланганидан буён илк мулоқот бўлди. Ибн Салмон подшоҳлик ҳарбий ҳаракатлар авж олишини тўхтатиш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга ошираётганини таъкидлади.
Блинкен Яқин Шарқ бўйлаб турнеси доирасида ташриф буюрган давлатлар орасида 7 октябр кунги воқеаларда расман Исроилни айбдор деб топган давлат Қатар ҳам бор эди. Мамлакат ташқи ишлар вазирлиги «Фаластин халқи ҳуқуқлари доимий равишда бузилиши, жумладан, яқинда Исроил полицияси ҳимояси остида Ал-Ақсога бостириб кириш каби такрорий ҳаракатлар билан эскалацияни кучайтиришга фақат Исроил жавобгарлиги»ни таъкидлади.
Исроилнинг душманлари лагерида ҳам фаол музокаралар кетмоқда. Эрон ташқи ишлар вазири Амир Абдуллоҳиён пайшанба куни Ироқ бош вазири Муҳаммад Шиа ал-Суданий билан, жума куни эса — Ливан етакчилари ҳамда «Ҳизбуллоҳ» вакиллари билан учрашган. Абдуллоҳиён Сурияга ҳам ташриф буюрган. «Улар (Исроил ҳарбийлари) Ғазони тўлиқ қамал қилиб, тинч аҳолини бомбардимон қилиб, бу ҳарбий жиноятлари учун жавобсиз қолмайди», — деган вазир 12 октябр куни Ироқдалигида.
Ливандаги учрашувдан кейин журналистлар қаршисида чиқиш қилган Абдуллоҳиён ўз таҳдидини давом эттирган: «Агар сионистик режимнинг ҳарбий жиноятлари ҳозир тўхтатилмаса, биз [ҳаракат учун] ҳар қандай имкониятни назарда тутишимиз мумкин».
* * *
Жума куни Блинкен Қатарга учиб келди. Мамлакат бош вазири Муҳаммад ибн Абдул Раҳмон Ал Тони билан матбуот анжуманида давлат котиби АҚШ БМТ вакиллари, Исроил ҳукумати ва минтақадаги ҳамкорлар билан Ғазо секторида «хавфсизлик зонаси» ташкил этиш масаласини муҳокама қилаётганини айтган. Бу ҳудудда тинч аҳоли хавфсизликда бўлиши ва зарур ёрдамларни олиши мумкинлиги айтилган. «Биз Ғазо секторидаги кўплаб фаластинлик оилалар ўз айби бўлмаган ҳолатда жабрланаётгани ва фаластинлик тинч аҳоли ҳалок бўлаётганини тан оламиз», — деган Блинкен.
Ўзининг сўзларига кўра, якунланган ҳафта давомида у ҳамкорларни ҲАМАС билан аввалгидек муомала қилиш энди иш бермаслигига ишонтиришга ҳаракат қилган. 10 йилдан ортиқ вақтдан буён ҲАМАС сиёсий қаноти ваколатхонаси жойлашган Қатар бош вазири журналистнинг ушбу ваколатхона тақдири бўйича берган саволига жавобан у қолишини айтди. Бу органдан «минтақада алоқа ва тинчлик воситаси сифатида фойдаланилади», деган қатарликлар раҳбари.
Қатардан кейин Блинкен Баҳрайн, Саудия Арабистони ва Мисрда ҳам бўлди ва сўнгги йилларда Исроил билан яқинлашув томон йўл танлаган Яқин Шарқ мамлакатлари бўйлаб турнесини якунлаб, 16 октябр куни яна Тел-Авивга қайтиб келди.
Мавзуга оид
22:56 / 15.11.2024
Ҳамас корпуси Қатардан кетадими? Қайси давлатга?
16:08 / 14.11.2024
Блинкен: АҚШ Трамп келишидан олдин Украинага ёрдамни кучайтиради
17:46 / 10.11.2024
Қатар Исроил ва Ҳамас ўртасидаги воситачиликни тўхтатди
13:31 / 03.11.2024