Энди Исроилнинг 140 дан ортиқ қирувчи самолётлари Сурия ва Ироқ узра 1600 км масофани босиб ўтиб, уч соат давомида Эрон объектларини бомбалагани, гарчи 40 йилдан буён Исроилни йўқ қилишга тайёргарлик кўрган бўлса-да, Эрон айтарли жавоб бера олмагани даъво қилинмоқда.

Исроилнинг аҳолиси 10 миллиондан камроқ. Эронда эса 80 млн одам яшайди. Исроилда одам жон бошига ЯИМ 52 минг доллар, Эронда эса 7,5 минг доллар.

Бир пайтлар бу мамлакатда яшаган шарқшунос ва эроншунос Михаил Крутихин 1979 йилги ислом инқилобини кузатган. «Новая газета» билан суҳбатда у Эрон қандай қилиб ислом республикасига айлангани ва нега жанговар режим «Исроил ҳарбий машинаси»га қарши тура олмаганини тушунтирди.

— Эрон Исроил ўз ҳужуми билан унга «минимал талафот» етказганини таъкидламоқда. Сиз бунга ишонасизми?

— Албатта, бунга ишониб бўлмайди. Шак-шубҳасиз, улар ёлғон гапиришмоқда. Фикримча, бир неча кундан сўнг мустақил манбалар ва Исроил сунъий йўлдошдан олинган суратларни кўрсатса, талафот жиддий бўлгани ойдинлашади. Кўплаб шарҳловчилар айтганидек, Эронни ечинтиришди: энди унда мамлакатни қўриқлаши мумкин бўлган адекват ҳаво ва ракета ҳужумига қарши мудофаа тизими йўқ. Уларда Россияда ишлаб чиқарилган машҳур С-400 тизимлари бўлган, бироқ исроиллик учувчилар шу қадар безбетлашиб кетишганки, бу қурилмалардан иккитасини ракета ишлатмасдан, самолётдаги пулемётдан ўт очиб, йўқ қилишган.

Эронликлар ҳеч қандай қаршилик кўрсата олмаган. Сўнгги хабарларга кўра, исроилликлар радиоэлектрон кураш воситаларидан фойдаланишган ва Эрон ракеталари сохта нишонларга қараб учишган. Бошқача қилиб айтганда, Эрон ўзининг тўлиқ ҳимоясизлигини намойиш этган, энди эса унинг барча ҲҲМ тизими йўқ қилинди. Исроил эса исталган дақиқада осмондан туриб Эронда хоҳлаган ишни қила олишини эълон қилиб бўлди. Эрон ҳаводан мудофаа тизимидан айрилди.

— Сиз сўзлаётган ва Исроил матбуоти ёзаётган гапларга қарасак, бундай мудофаанинг ўзи аввалдан бўлмаган.

— Чиндан ҳам, Эроннинг бирор самолёти ҳавога кўтарилмаган. Лекин Эрон узра Исроилнинг 140 та самолёти парвоз қилган. Исроилликлар Эрон самолётларини ҳарбий экспонатлар деб аташади. Бу машиналар Исроил авиациясига бас кела олмайди.

Бундан ташқари, ракета ва пилотсиз парвоз қурилмалари ясалаётган заводлар, учириш қурилмалари ва ракета омборларига жиддий талафот етказилган. Зарба нафақат ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимига, шунингдек, Эрон ҳарбий саноати юрагига ҳам берилган. Талафот жуда улкан. Бундан икки-уч кун аввал Эрон раҳбарияти баёнотлари ҳаддан ташқари жанговар эди.