Жаҳон | 16:09 / 17.10.2023
24019
24 дақиқада ўқилади

Байденнинг Марказий Осиёга эҳтимолий ташрифи, грин-карта можароси, ноқонуний миграция – АҚШ элчиси билан суҳбат

Kun.uz АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник билан интервю ташкил қилди. Суҳбат давомида элчи Ню-Йоркда бўлиб ўтган «C5+1» саммити натижалари, президент Байденнинг Марказий Осиё давлатларидан бирига эҳтимолий ташрифи, Ўзбекистоннинг сармоявий имкониятлари, Жексон-Веник ҳужжати бекор қилиниши, АҚШ-Хитой муносабатлари, Афғонистоннинг Ғарб мамлакатлари банкларида тутиб турилган маблағлари қайтарилиши ҳамда Ўзбекистон фуқаролари учун АҚШ визасини олишдаги муаммолар ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди. У ноқонуний муҳожирларни йўлда юзага келиши мумкин бўлган хавфлардан огоҳлантириб, одамларни АҚШга ноқонуний боришдан қайтарди.

— Жаноб элчи, сизни кўриб турганимиздан мамнунмиз, интервюга розилик берганингиз учун катта раҳмат.

— Таклиф қилганингиз учун сизга раҳмат.

— Суҳбатни президент Мирзиёевнинг АҚШга сентябр ойидаги ташрифидан бошласак. Сизнингча, ташриф қай даражада самарали бўлди?

— Фикримча, президентнинг Ню-Йоркка ташрифи жуда самарали кечди. Ташриф жараёнини тўлиқ кузатмаган бўлсам-да, ижтимоий тармоқлар орқали Ўзбекистон етакчиси АҚШнинг кўплаб компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказганидан, БМТ Бош ассамблеясида қатнашиб, нутқ сўзлаганидан хабардор бўлиб турдим. Шунингдек, у президент Байден билан учрашди ва Марказий Осиёнинг бошқа етакчилари билан бирга «C5+1» форматидаги саммитда иштирок этди.

— «C5+1» саммити чоғида президент Байден АҚШ Марказий Осиёга хавфсизликни таъминлаш учун ажратиладиган маблағ миқдорини ошираётганини айтди. Бунинг сабаблари нимада? АҚШ ҳали ҳам минтақада эҳтимолий таҳдидлар бор деб ҳисоблайдими?

— Президент Байден ва давлат котиби Блинкен учрашув давомида Марказий Осиё раҳбарларини диққат билан тинглади. Айтишим мумкинки, минтақа давлатларида ҳали ҳам хавфсизлик ва барқарорлик билан боғлиқ хавотирлар бор. Бу айниқса, Афғонистон томонидан келиши мумкин бўлган хавфлар билан боғлиқ. Шундан келиб чиқиб, биз минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш учун қўшимча сармоя киритиш керак, деб ҳисоблаймиз. Бу борадаги ҳамкорлик масалалари асосан чегаралар дахлсизлигини таъминлаш ва терроризмга қарши биргаликда курашишдан иборат.

— Президент Байден Марказий Осиё давлатларидан бирига ташриф буюриши мумкинлигини айтди. Бунинг эҳтимоли қандай? Агар ташриф амалга ошса, у қайси давлатга келиши мумкин?

— Очиғини айтсам, президент Байденнинг Марказий Осиёга келиши ҳақидаги гапи мен учун ҳам кутилмаган янгилик бўлди. Биламизки, шу кунга қадар АҚШнинг бирор президенти минтақага келмаган. Президент Байденнинг режаларини билмайман, лекин агар унинг шундай истаги бўлса, демак бу амалга ошиши мумкин. Ташриф қачон ва қайси давлатга бўлиши ҳақида эса аниқ бир нима дея олмайман.

— Ню-Йоркдаги саммит натижалари ҳақида тўхталиб ўтсангиз. Учрашув давомида айнан қайси соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди?

— Биринчи навбатда ушбу учрашув формати ҳақида айтиб ўтсам. Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ўртасидаги «C5+1» дипломатик платформаси 2015 йил Самарқандда ташкил этилган ва ўшандан бери мунтазам учрашувлар ўтказиб келинмоқда. АҚШда Байден маъмурияти раҳбарликка келиши билан эса икки ўртадаги ҳамкорлик янада фаоллашди. Биз ўтган йилларда вазирлар даражасидаги бешта учрашувга ва энди эса президентлик даражасидаги илк учрашувга гувоҳ бўлдик. Бу Марказий Осиё ва АҚШ муносабатлари сезиларли даражада ўсганидан далолат.

Платформа ташкил этилган дастлабки даврда у асосан икки ўртада мулоқот воситаси сифатида кўрилган. Орадан бир оз вақт ўтиб эса биз уни кенгайтиришга қарор қилдик, чунки алоқалар ўсиб бориши шуни талаб қиларди. Натижада унинг таркибида учта ишчи гуруҳ тузилди. Улардан биринчиси иқтисод, иккинчиси энергетика ва атроф-муҳит, учинчиси эса хавфсизлик масалаларини муҳокама қилади. Бу ишчи гуруҳлар турли дастурларни амалга оширишда фаол бўлиб келмоқда.

Бундан ташқари, АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари «C5+1» платформаси котибиятини ҳам тузган. У олти давлат вакиллари мунтазам равишда виртуал учрашиб, ривожланиш масалаларини кўриб чиқиши ҳамда янги режаларни амалда татбиқ этиши учун муҳокама майдони сифатида хизмат қилади.

Бевосита Ню-Йоркдаги саммит ҳақида гапирадиган бўлсак, шуни айтиш мумкинки, йиғилишда томонлар кўплаб масалаларни, хусусан, хавфсизлик билан боғлиқ муаммоларни кўриб чиқишди ва президент Байден сиз олдинги саволда эслаб ўтган қўшимча ёрдам ажратиш ҳақидаги қарорини эълон қилди.

Олти давлат раҳбарлари энергетика, қайта тикланувчи энергия ресурслари, минтақа энергия тизимини такомиллаштириш ҳамда уни бошқа минтақаларнинг энергия тизимлари билан боғлаш зарурати бўйича фикр алмашишди. Томонлар иқтисодий ҳамкорлик, Марказий Осиёга инвестиция кўламини ошириш учун бизнес муҳитни яхшилаш каби масалаларни ҳам муҳокама қилишди. Шу мақсадда президент Байденнинг таклифи билан «C5+1» платформасини қўллаб-қувватловчи янги хусусий сектор фаолияти йўлга қўйилиши кутиляпти. Унинг асосий вазифаси хорижий инвестицияларни, хусусан, АҚШ сармоясини минтақага жалб қилиш ва бизнес учун шароитларни яхшилашдан иборат бўлади.

Давлат раҳбарлари Марказий Осиёнинг жаҳон бозорлари билан алоқаларини мустаҳкамлаш зарурати ҳақида ҳам гапириб ўтишди. Бу аслида узоқ йиллардан бери муҳокама қилинади, лекин айни дамда гап транзит ва транспорт йўлаклари, жумладан, Каспий денгизи орқали Европа бозорига бориш ҳақида кетмоқда. Бу йўналишда ҳам бир қатор режалар ва дастурлар мавжуд.

Президент Байден Ню-Йоркдаги саммит давомида яна шуни ҳам айтдики, келгуси ойда Ўзбекистон «C5+1» форматидаги учрашувга мезбонлик қилади. У АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги раҳбари Саманта Пауэр бошчилигида Марказий Осиё давлатлари вакиллари иштирокида бўлиб ўтади. Унда эътибор қаратиладиган мавзулардан бири – айнан транспорт йўлаги масаласи бўлади.

Шунингдек, саммит иштирокчилари инсон ҳуқуқлари масаласида ҳам фикр алмашди. Президент Байден фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш ишлари давом эттирилиши ва бутун минтақада аёллар ҳуқуқларини кенгайтириш бўйича иш олиб борилиши зарурлигини таъкидлади. У ногиронлиги бор шахсларнинг жамиятга интеграциялашуви осон кечиши учун «C5+1» платформасида қўшимча ишлар амалга оширилиши фойдали бўлишини айтиб ўтди.

Ню-Йоркдаги учрашувнинг яна бир натижаси президент Байден «муҳим минераллар бўйича диалог» деб атаган йўналиш бўлди. Барча мамлакатларнинг иқтисодий ривожланиш йўлига, келажагига назар ташлар эканмиз, фойдали қазилмалар аҳамияти қанчалик юқори эканини кўрамиз. Минералларга бой ҳудуд сифатида Марказий Осиё АҚШ билан ҳамкорлик қилиш учун катта имкониятларга эга ва биз ушбу минералларни қазиб чиқаришда зарур техникаларни тақдим этиш орқали кўмаклашишга тайёрмиз. Умид қиламизки, ушбу фойдали қазилмалар минтақа давлатлари аҳолиси, хорижий мамлакатлар ва хусусан Америка Қўшма Штатларига фойда келтиради.

Саммит давомида шу ва шу каби бошқа масалалар кўриб чиқилди. Эндиликда уларнинг ижросига киришилади.

— Сиз Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистоннинг сармоявий имкониятлари ҳақида гапирдингиз. Айтинг-чи, АҚШ Ўзбекистонда иқтисодиётнинг қайси соҳаларига инвестиция киритиш фойдалироқ деб ҳисоблайди?

— Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида иқтисоди энг кенг қамровли ва кўп тармоқлиси ҳисобланади. Шундай экан, мамлакатингизда Ғарб учун, хусусан, Америка Қўшма Штатлари учун иқтисодиётнинг кўплаб жозибадор тармоқлари мавжуд.

Сўнгги пайтларда биз АҚШнинг Air Products энергетика компанияси Ўзбекистонга катта сармоя киритганини кўрдик. Улар мамлакатингизга қарийб 2 миллиард доллар инвестиция киритган. Адашмасам, президент Мирзиёев Ню-Йоркда ушбу компания раиси билан учрашди ва энергетика соҳасига янада кўпроқ сармоя киритиш режалари маълум қилинди.

Биз қишлоқ хўжалиги, жумладан, пахтачилик, қурилиш ва тоғ-кон саноатига ҳам сармоя киритганмиз. Бундан ташқари, IT соҳасида инвестиция киритишга қизиқиш билдирган компанияларимиз ҳам бор. Улар юртингиздаги фаолиятини мунтазам кенгайтириб бормоқда. Шу ўринда айтишим керакки, Ўзбекистон ҳам АҚШга IT хизматлари экспортини анча оширган.

Шундай экан, ҳамкорликнинг айнан бир йўналишини алоҳида эътироф этиш қийин, менимча. Сармоя киритиш мумкин бўлган кўплаб тармоқлар мавжуд.

— Сентябр ойи бошида АҚШ сенаторлари Крис Мёрфи ва Тод Янг Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон учун Жексон-Веник ҳужжатини бекор қилиш ва улар билан одатий савдо муносабатларини йўлга қўйиш бўйича Конгрессга таклиф киритганди. Бу борада бирор ўзгариш бўлиши кутиляптими?

— Президент Байден маъмурияти бу ҳужжат аллақачон бекор қилиниши керак деб ҳисоблайди. Чунки Ўзбекистон бир неча йилдан буён ушбу ҳужжат талабларига оғишмай амал қилиб келмоқда. У асосан ҳаракат эркинлигини тартибга солади ва Ўзбекистон фуқароларига эркин саёҳат қилиш имконини беради.

Ҳужжатни бекор қилиш ҳуқуқи АҚШ Конгресси тасарруфида. Бу каби масалалар фақатгина Конгресс томонидан ҳал қилиниши мумкин.

Мен бу борада таклифлар билдирилиб, олдинга силжиш бўлаётганини кўришдан хурсандман, албатта, лекин ҳужжат қачон ва қай кўринишда бекор бўлиши ёки ўзгариши ҳақида бирор нима дея олмайман.

— Ўзбекистон фуқароларининг АҚШда эркин ҳаракатланиш имкони ҳақида гапирдингиз. Мендаги маълумотларга кўра, аксарият ўзбекистонликларнинг АҚШга бориш учун топширган виза аризалари элчихона томонидан рад этилмоқда. Бунинг сабаблари нимада? Вазият ўзгаришини кутиш мумкинми?

— Бу йил биз Ўзбекистон фуқароларидан рекорд даражада кўп виза аризалари қабул қилдик, виза суҳбатлари ташкил этдик ва рекорд даражада кўп визалар бердик. Шундай экан, бу борадаги фикрингизга қўшилолмайман. Охирги пайтларда АҚШга саёҳат қилиш истагини билдираётган ўзбеклар сони кескин ортиб бормоқда.

Тўғри, айрим фуқаролар виза ололмаган бўлиши мумкин. Бунинг сабаблари турлича ва бу сабаблар ҳар доим ҳам элчихонага боғлиқ бўлавермайди. Конгресс барча элчихоналарга бир хил талаблар қўяди. Бу талаблардан мақсад – АҚШга кирувчиларнинг қонунларни ҳурмат қиладиган фуқаролар бўлиши ва саёҳат мақсадлари қонун доирасида эканига ишонч ҳосил қилиш.

Айтиб ўтганимдек, сўнгги пайтларда кўплаб ўзбеклар туризм, бизнес, таълим ва ҳаттоки иш учун АҚШга сафар қилишмоқда. Бироқ ноқонуний саёҳат қилувчилар сони ҳам анча ортган. Улар Марказий Америка орқали жуда хавфли йўллардан ўтиб, Мексика ва АҚШ чегарасини ноқонуний тарзда кесиб ўтмоқда. Мен уларни бундай қилишдан қатъий қайтарган бўлардим, чунки бу жуда хавфли. Йўлда одам савдоси билан шуғулланувчилар қўлига тушиб қолиш эҳтимоли бор. Улар ўзлари уддасидан чиқа олмайдиган ишларни ваъда қилиб, ноқонуний мигрантлардан катта пул талаб қилишади. Бу каби ҳолатлар айниқса сўнгги вақтларда жуда кўпайган. Ўзбеклар ҳудудини кесиб ўтаётган мамлакатлар уларга чегараларни ёпмоқда. Бу эса уй-жойини сотиб, бор пулини сарфлаб йўлга чиққанларни қийин аҳволга солиб қўймоқда.

АҚШ чегарасигача етиб боришни уддалаганлар эса ўша ерда қўлга тушяпти. Олдинлари уларни қўйиб юборишарди, бироқ ҳозирда тартиб-қоида анча ўзгарган. Чегарани бузиб ўтганлар қўлга олиниб, ўз юртларига депорт қилиняпти. Шундай экан, мен яна бир бор одамларни АҚШга ноқонуний йўллар билан бориш фикридан қайтарган бўлардим.

АҚШга боришнинг кўплаб қонуний йўллари бор. Мен юқорида санаб ўтганлардан ташқари, грин-карта лотереяси ҳам шулар жумласидан. Биз ҳар йили дунё бўйлаб 55 мингта грин-карта лотереяларини таклиф қиламиз. Шу ўринда айтиб ўтишим керакки, Ўзбекистон фуқаролари грин-карта ўйновчилар сони бўйича дунёда энг юқори ўринларда туради.

Ноқонуний саёҳатчилар бир нарсани билиши зарур: улар бу ишлари орқали АҚШ ҳудудидан бутунлай қувилиши мумкин, яъни уларга мамлакат ҳудудига кириш, грин-карта ўйнаш, визанинг ҳар қандай турига топшириш тақиқланади. Бу ҳам одамларни АҚШга ноқонуний миграциядан қайтаришимизга асосий сабаблардан.

— Айрим грин-карта лотереяси ғолиблари элчихона томонидан интервюга таклиф этилмади. Уларга жойлар сони тугагани маълум қилинди. Хўш, уларнинг виза олиш имкониятлари энди нима бўлади?

— Гапингиз тўғри. Шу ўринда бу тизим қандай ишлашини қисқача тушунтириб берсам. Айтиб ўтганимдек, биз ҳар йили дунё бўйича 55 мингта лотерея таклиф қиламиз, унда иштирок этиш мутлақо бепул. Агар сиз грин-карта ютиб олсангиз кейинги босқичга ўтасиз ва керакли ҳужжатларни топширишингиз керак бўлади. Уларни топшириб бўлгач, элчихонага суҳбат учун таклиф этиласиз. Интервюга таклиф этиш учун шартлардан бири – 55 мингта жойнинг барчаси тўлиб қолмаган бўлиши, яъни сиз учун бўш ўрин мавжудлиги. Биз ушбу жойлар айрим сабабларга кўра бўш қолиб кетмаслиги учун мавжуд ўринлар сонидан кўпроқ одамга лотереялар тақдим этамиз.

Айрим йилларда грин-карта ютган ўзбекларнинг барчаси суҳбатга чақирилган, баъзида эса дунё бўйлаб 55 мингта ўриннинг барчаси учун суҳбат ташкил этилиб, жойлар сони тугагани сабабидан Тошкентдаги элчихона ҳам интервюларни тўхтатишга мажбур бўлган. Бу шуни англатадики, агар сиз суҳбатга чақирилмаган бўлсангиз, сизнинг имкониятингиз, минг афсуски, куйиб кетган бўлади. Лотереяда яна иштирок этиш истагингиз бўлса, кейинги йилда уни қайтадан ўйнашингиз мумкин.

Унутмаслик керакки, ҳатто суҳбат босқичига етиб борсангиз ҳам бу грин-карта берилишини кафолатламайди. Чунки ҳужжатлардаги маълумотлар яхшилаб текширилади ва агар уларда камчиликларга йўл қўйилган ёки хато маълумот киритилган бўлса, бу ҳам сўзсиз ўз таъсирини кўрсатади. Мисол келтираман, олдинги йилларда шундай ҳолатлар бўлганки, айрим номзодлар исмлари ёзилиш шаклини, ундаги бир-иккита ҳарфни ўзгартириб лотерея учун бир нечта ҳужжат топширган. Бундан мақсад – ютиш имкониятини ошириш. Агар шу каби ҳолатларни аниқласак, интервю босқичида бўлса ҳам уларни четлаштирамиз.

— Грин-карта ютганларнинг баъзилари интервюга таклиф этилмагани сабабини Россия фуқаролари Ўзбекистонга келиб, элчихонадаги суҳбат жойларини банд қилиб олгани билан изоҳлади. Бу қанчалик тўғри? Чиндан ҳам бунинг таъсири бўлдими?

— Мутлақо йўқ. АҚШда бу бўйича махсус марказ бор. У кимни қачон интервю қилиш ҳақида элчихонага керакли кўрсатмалар беради. Бизда суҳбатларни ташкил этиш учун имконият етарли эди, бироқ дунё бўйлаб мавжуд 55 мингта жой тўлиб қолиши натижасида улгурмай қолдик. Шундай экан, Россия фуқаролари Тошкентдаги АҚШ элчихонасига келиши бу жараёнга ҳеч қандай таъсир кўрсатгани йўқ.

— АҚШ элчихонаси Ўзбекистонда инглиз тилини ўқитиш тизимини яхшилашга алоҳида эътибор беряпти. Яқиндагина Америкадан келган 25 нафар ўқитувчи 10 ойлик дастур асосида иш бошлади. Шу ва шу каби бошқа лойиҳалардан кўзланган мақсад ва натижалар ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

— Тўғри айтдингиз. Биз Ўзбекистонда инглиз тили ўқитиш тизимини такомиллаштиришга катта сармоя киритганмиз. Бу аслида президент Мирзиёевнинг бир неча йил олдин илгари сурган мактабларда тил ўрганиш тизимини яхшилаш ташаббуси билан боғлиқ. Бизнинг асосий лойиҳаларимиздан бири – инглиз тили дарсликларини ишлаб чиқишда кўмаклашишдан иборат бўлди. Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда янги дарсликлар, ўқув қўлланмалари тайёрладик ва уларни Ўзбекистондаги деярли барча мактабларга етказиб бердик.

Бундан ташқари, мактаб ўқитувчилари учун махсус курслар ташкил этиб, уларнинг малакасини оширишга ўз ҳиссамизни қўшдик. Бир неча йил давомида вазирлик билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу курсларимизда 15 минг ўқитувчи иштирок этди.

Сиз айтиб ўтган лойиҳа ҳам аслида кўп йилдан бери давом этиб келяпти. Фикримча, мактаблар ва бошқа ўқув даргоҳларида фақат яхши дарслик ёки ўқитувчи бўлишининг ўзи етарли эмас, ўқувчиларда ўзлари ўрганаётган тил эгалари билан мулоқот қилиш имкони ҳам бўлиши керак. Шунинг учун биз АҚШдан малакали ўқитувчиларни жалб қилиб, Ўзбекистондаги таълим даргоҳлари, хусусан, университетларга жойлаштирдик. Бунда америкалик ўқитувчиларнинг нафақат пойтахтда, балки чекка ҳудудларда ҳам ишлашига алоҳида эътибор қаратдик. Улар бутун Ўзбекистон бўйлаб турли институт ва мактабларда ўқитувчилар, профессорлар ҳамда талабалар билан мунтазам ҳамкорликда ишлаб келмоқда.

Натижалар ҳақида гапирадиган бўлсак, биз кўплаб ижобий фикрлар эшитяпмиз. Талабалар америкалик ўқитувчилар билан юзма-юз мулоқот қилиш имкони пайдо бўлганидан жуда хурсанд ва АҚШдан янада кўпроқ ўқитувчи жалб қилишни сўрашмоқда.

Афсуски, 25 нафар ўқитувчи унчалик ҳам кўп эмас. Умид қиламизки, бизда аста-секинлик билан уларнинг сонини ошириш имкони бўлади ва балки кейинчалик Peace Corps’ни ҳам Ўзбекистонга қайтаришга эришармиз. Бу ҳам ўқитувчилар сони ортишига хизмат қилади.

— Ўзбекистон Афғонистоннинг иқтисодий жиҳатдан тикланишини қўллаб-қувватлайди ҳамда етишмовчилик туфайли азият чекаётган афғонларга кўмак бўлиши учун мамлакатнинг Ғарб давлатлари банкларида музлатиб қўйилган активлари қайтарилиши керак, деб ҳисоблайди. АҚШнинг бу борадаги фикри қандай?

— Ўйлайманки, АҚШ ҳукуматининг ҳам, Ўзбекистон ҳукуматининг ҳам Афғонистон борасидаги қарашлари жуда ўхшаш. Икки давлат ҳам афғон иқтисодиёти ўсиши, у ерда аҳолига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган инқирозлар рўй бермаслиги, тинчлик ва барқарорлик ҳукм суришини кўришни хоҳлайди. Чунки бу минтақа хавфсизлиги ва ривожланиши учун жуда муҳим.

Муаммо Кобулдаги ҳукумат ўз мажбуриятларини эътиборсиз қолдираётганида. Улар қизлар ўқишини, аёллар ишлашини тақиқлаб, уларнинг ҳуқуқларини чекламоқда ва халқаро ҳамжамият билан ҳамкорлик қилишдан бош тортмоқда. Бу мажбуриятлар амалга оширилсагина музлатилган активлар ҳақида гаплашиш мумкин. Унга қадар эса биз БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар орқали афғон халқига инсонпарварлик ёрдамини юборишда давом этамиз. Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда Афғонистон раҳбарияти билан мулоқотлар ўтказиб, у ердаги вазиятни яхшилаш, минтақада хавфсизликни таъминлаш бўйича ҳаракатларни давом эттирамиз.

— АҚШ Афғонистоннинг амалдаги ҳукуматидан халқаро миқёсда тан олиниши учун қандай мажбуриятларни бажаришини кутяпти?

— Очиғини айтсам, мен бу борада мутахассис эмасман. Амалдаги ҳукумат бошқарувни қўлга олган вақтда АҚШнинг олдинги маъмурияти билан маълум келишувларга имзо чеккан; мен бу келишувлар тафсилотларини тўлиқ билмайман. Бироқ кузатувчи сифатида айтишим мумкинки, улар тўғри йўл қолиб нотўғри йўлдан кетмоқда. Бироз олдин айтганим – қизлар мактабдан четлатилиши, аёлларнинг ишлаш имкониятлари чекланиши гапимнинг мисоли дейиш мумкин. Бу икки масала биз Афғонистонда ўзгаришини хоҳлайдиган ҳолатлардан.

— АҚШ ва Хитой ўртасидаги зиддият кучайиши Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда. Бу муаммо қаерга қараб кетаётгани, келажакда нималар кутишимиз мумкинлиги ҳақида айтиб ўтсангиз.

— Президент Байден бу масалани Ню-Йоркда Марказий Осиё етакчилари билан қисман муҳокама қилди. Минтақа ўз географик жойлашуви сабаб қийин вазиятни бошдан кечирмоқда. Бунда нафақат АҚШ ва Хитой ўртасидаги зиддият, балки Россиянинг Украинага ҳужуми ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда. Биз бундай вазиятда Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистон билан мулоқот олиб бориб, ушбу жараёнларнинг иқтисодиётга таъсирини камайтиришга ҳаракат қиляпмиз.

АҚШ ва Хитой ўртасидаги муносабатлар ҳақида шуни айтиш мумкинки, айни дамда АҚШ томонидан Хитой билан зиддиятга сабаб бўлган муаммоларни бартараф этиш бўйича ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

Иқтисодий масалалар бўйича ҳам шундай дейиш мумкин. Биламизки, Ўзбекистоннинг Хитой билан иқтисодий алоқалари жуда яхши, ўз ўрнида АҚШнинг ҳам. Шундай экан, орадаги зиддият бу муносабатларга таъсир қилмайди, деб умид қиламан.

— Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни қандай баҳолайсиз?

— Сўнгги йилларда юртингизда бу борада катта ишлар амалга оширилди, айниқса, президент Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг. Билмадим, агар ушбу ўзгаришлар бўлмаганида бу суҳбат ҳам амалга ошармиди, йўқми. Масалан, олти-етти йил олдин. Шундай экан, фикримча, сўз эркинлиги, матбуот эркинлиги, инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича олиб борилган ишларни ижобий баҳолаш мумкин.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига чек қўйилди, айниқса, пахта ҳосилини йиғиш даврида. Виждон эркинлигига йўл очилди ҳамда тергов жараёнида қийноқларга барҳам берилди.

Аммо шунга қарамасдан, ҳали қилиниши керак бўлган ишлар жуда кўп. Ўрни келганда шуни ҳам айтиш керакки, охирги бир-икки йил ичида биз ислоҳотларда ортга чекиниш ҳолатларини ҳам кўрмоқдамиз, масалан, матбуот эркинлигини таъминлаш борасида. Бунинг сабаблари нимада эканини очиғи билолмадим. Президент Мирзиёев ўз нутқларида матбуот эркинлигини қўллаб-қувватлаши, уни демократик жамият қуриш ва шу билан бирга коррупцияга қарши курашишдаги роли ҳақида ўз фикрларини аниқ-равшан баён қилган.

Унинг бу ёндашувига қарамасдан, биз ҳалигача журналистларга турли босимлар бўлаётганини кўряпмиз. Бу босим ҳар доим ҳам очиқ бўлавермайди. Баъзан у ўз-ўзини цензура қилиш шаклида намоён бўлади, яъни журналист у ёки бу мавзуда ёзишдан тийилади.

Яқинда баъзи блогер ва журналистларга қарши суд ишлари ҳам бўлиб ўтди. Мен уларнинг шахсиятига тўхталиб ўтирмайман, қилган ишларини оқлаб бирор нима деёлмайман ҳам. Шунчаки айтмоқчи бўлганим, бу каби ҳолатлар бошқа журналистларга сигнал жўнатиб, уларни ўз-ўзини чеклашга мажбур қилмоқда.

Мен Ўзбекистонда матбуотга кенгроқ йўл очилиши, кўпроқ имконият берилишини хоҳлаган бўлардим.

— Яқинда ижтимоий тармоқларда элчихона сизнинг ишга метрода кетаётганингиз тасвирланган қизиқарли видеони жойлади. Бу ташаббусни барча илиқ кутиб олди. Жамоат транспортидан доимий равишда фойдаланасизми? Ўзбекистон транспорт тизими ҳақида қандай фикрдасиз?

— Афсуски, жамоат транспортидан доимий равишда фойдаланмайман. Метро бекати элчихонага ҳам, уйимга ҳам бироз узоқ масофада жойлашган, лекин ҳаво яхши бўлган пайтларда баъзан ундан фойдаланиб тураман. Тошкент метроси жуда гўзал. Ундаги баъзи бекатлар санъат асарига ўхшайди ва музейларни эслатади.

Автобуслар ҳақида бирор нима дейишим қийин. Гарчи улар ҳақида ижобий фикрлар эшитган бўлсам ҳам, фойдаланиб кўрмаганман. Йўллардаги тирбандлик уларга ҳам таъсир қилади, менимча.

Ҳаётининг асосий қисмини шаҳарларда яшаб ўтказаётган одам сифатида айтишим мумкинки, биз жамоат транспортларидан фойдаланишни қўллаб-қувватлашимиз зарур, чунки у тирбандликларни камайтиришга, ҳаво сифатини ёмонлашишдан бироз бўлса-да асрашга ёрдам беради.

Мен иш жадвалим тиғизлиги, хавфсизлик билан боғлиқ сабабларга кўра машинадан кўпроқ фойдаланаман, бироқ имкон бўлганда жамоат транспортларидан фойдаланишни канда қилмайман.

Мавзуга оид