Хусусий мулкни «E-auksion shop» платформаси орқали сотиш тартиби тасдиқланди
Ҳукумат қарори билан хусусий мулкдорлар буюртмаси асосида мулкни соддалаштирилган тартиб ва муддатда «E-auksion shop» электрон савдо дўкони орқали сотиш ва ижарага бериш бўйича савдолар ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Қайд қилинишича, хусусий мулкдорлар буюртмасига асосан мулк ушбу савдо дўконида нархни ошириб бориш тамойили асосида ёки эълон қилинган нарх асосида сотилади.
Савдода иштирок этиш учун савдо платформасида рўйхатдан ўтиш зарур.
Савдога қўйилган буюртмани иштирокчи томонидан нарх тасдиқлангунгача савдо платформасидан 2 мартагача бепул қайтариб олиш мумкин.
Савдога қўйилган буюртмани қайтариб олишда:
- 3-мартадан бошлаб БҲМ 1 баравари;
- 5-мартадан БҲМ 3 баравари;
- 7-мартадан БҲМ 10 баравари миқдорида тўлов ундирилади.
Нархни ошириб бориш усули орқали савдолар камида 2 та иштирокчи бўлганда ўтказилади.
Бошланғич нарх буюртмачининг буюртмасига асосан белгиланади. Савдо биринчи тўртта қадамда – бошланғич нархнинг 5 фоизи миқдорида, бешинчи ва ундан кейинги қадамларда – бошланғич нархнинг 3 фоизи миқдорида белгиланади.
Мулкка берилган ҳар бир таклиф савдони ўтказиш вақтини 10 дақиқадан узайтириб боради. Агар охирги тасдиқланган таклифдан сўнг 10 дақиқа давомида кейинги оширилган лот нархи бўйича таклиф иштирокчиларнинг биронтаси томонидан тасдиқланмаса, савдолар якунланади. Охирги таклифни тасдиқлаган иштирокчи савдо ғолиби деб топилади.
Мулк учун тўлов бирйўла ёки бўлиб тўлаш орқали амалга оширилади. Бўлиб тўлаш буюртмачи ва савдо ғолиби ўртасида ўзаро келишув бўйича белгиланади.
Савдо ғолибидан бир қадам паст нарх таклифини тасдиқлаган иштирокчи салоҳиятли ғолиб деб эътироф этилади.
Савдолар қуйидаги ҳолларда ўтказилмаган деб топилади:
- савдоларда қатнашиш учун биронта ҳам талабгордан ариза келиб тушмаган бўлса;
- савдолар куни иштирокчилар томонидан биронта ҳам таклиф тасдиқланмаса;
- тўловлар ўз вақтида тўланмаган бўлса.
Эълон қилинган нарх бўйича сотишда эълон буюртмачининг ихтиёрига кўра белгиланган муддат ёки сотилгунгача электрон дўконга жойлаштирилади.