Ўзбекистон | 17:50 / 24.10.2023
10925
2 дақиқада ўқилади

“Ўғлининг келин билан ёлғиз қолишига йўл қўймайдиган қайноналар бор” — психолог

Расмий маълумотларга кўра, эр ва хотин муносабатларига учинчи шахсларнинг аралашуви ажримларнинг энг кўп учраётган сабабларидан бири ҳисобланади. Kun.uz'нинг “Борича” подкасти меҳмони бўлган руҳшунослар бу учинчи шахс кўп ҳолатларда қайноналар бўлаётгани ҳақида сўз юритди.

Психолог Шоира Исоқованинг айтишича, келин ва қайнонанинг келишмовчилиги улардаги жисмоний-гормонал ҳолатлар билан ҳам боғлиқ. Аксарият қайноналар ўғлини уйлантираётганида ўрта ёш инқирози ёки климакс даврини бошдан кечираётган бўлади. Қиз эса йигирма ёшлар атрофида. Табиийки, икки хил психология тўқнашуви юз беради.

“Келин – ёш, мутлақо бошқа оила, бошқа қадриятлар тизимидан бу хонадонга тушганда, климакс даврини бошдан кечираётган қайнона уни ўзига ўхшатишга ҳаракат қилади. Уни шундайлигича қабул қилиш керак. Келин ота-онасидан тарбияни олиб, шахс сифатида шаклланиб бўлган, нимагадир эришган, нимагадир эришолмаган”, – дейди у.

Психиатр Дилмурод Анваров бу гормонал ҳолатлар даврида қайнона ўзи хоҳлаб-хоҳламаган ҳолда келинга нисбатан агрессив муносабатда бўлиши мумкинлигини айтади. Масалан, жаҳл билан гапириш, овоз тони ўзгариши каби ҳоллар ҳам оилавий низоларга сабаб бўлади.

“Шундай мижозларимиз бўладики, ўзлари бу нотўғри эканини билиб туришади, бундан қийналишади. Лекин қутулолмайди. Ўғли билан келинни битта хонада ухлагани қўйишмайди. Рашк васвасаси – бу касаллик ҳисобланади”, – дейди мутахассис.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 2023 йилнинг 8 ойида қарийб 34 мингта оила ажрашиб кетди, бу оилалардаги 25 минг бола кундалик ҳаётини отаси ёки онасисиз давом эттирмоқда.

Мавзуга оид