20 октябр куни Шавкат Мирзиёев раислигида 2024 йил учун давлат бюджетининг асосий йўналишлари ҳамда тармоқ ва ҳудудларда амалга ошириладиган вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда давлат бюджети даромадларини кўпайтириш, харажатларини оптималлаштириш бўйича ҳар бир соҳа, тармоқ ва ҳудудлар кесимида мавжуд захира ва имкониятлар таҳлил қилинган.

“Биз таҳликали замонда яшаяпмиз, рақобат кучайиб кетяпти. Бундай оғир пайтда фақатгина ўзимизнинг барқарор иқтисодиётимизга ишонишимиз керак. Йил якунига қадар бюджет тушумлари прогноз ижроси ва 2024 йил учун вазифаларни жиддий, танқидий муҳокама қиламиз”, деган президент МТКТ томонидан ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган видеолавҳада.

Давлат раҳбари ўтган 9 ой ичида саноат 5,7 фоизга, қишлоқ хўжалиги 4,1 фоизга, хизматлар 12,1 фоизга, умумий ҳисобда ялпи ички маҳсулот 5,8 фоизга ошганини, экспорт 23,5 фоизга кўпайиб, 17,7 миллиард долларга етганини айтиб ўтди.

“Кўрсаткичларимиз яхши бўлгани билан айрим тармоқ ва ҳудудлардаги ишлар аҳволи мени ташвишга солмоқда. Барқарор иқтисодий ўсишни изчил давом эттириш учун фақат ички имкониятларни ишга солишимиз зарур. Ўзимизга ишонишимиз керак. Миллатимизни ўйласак, ҳар биримиз, ҳар битта вазир, ҳар битта ҳоким ўзгариши керак. Шунинг учун иқтисодий ўсишга зарур шароит яратиб, даромад базасини кенгайтириш ҳукумат ва ҳокимларнинг асосий вазифаларидан бири бўлади.

Энди давлат бюджетининг ҳар бир сатрига аниқ масъуллар бириктирилади. Агар вилоят, туман ва шаҳар ҳокими дунёқарашини ўзгартириб, маҳаллий корхоналарнинг ишини ривожлантириб, маҳаллий бюджетга қўшимча тушумни кўпайтирмас экан, иқтисодиёт барқарор бўлмайди. Мана шуни тушуниш керак”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ҳисоб-китобларга кўра, биргина жорий йилнинг IV чорагида 349 та йирик саноат корхонасида 2,1 триллион сўм харажатларни камайтириш кўзда тутилган. Бу борада таннархни камайтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Ҳукумат вакилларига келгуси йилда ҳам йирик тармоқлардаги таннархни 15−20 фоиз камайтириш бўйича дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.