Ўзбекистон | 21:35 / 27.10.2023
37025
7 дақиқада ўқилади

«Бу лойиҳа бошга ташланган сиртмоқ» — Самарқанд кўчаларидаги туннел қурилиши ҳақида урбанист фикри

Самарқандда яхши ниятлар билан улкан зарар келтирувчи лойиҳа амалга оширилмоқда ва бўйинга қарз сиртмоғи ташланмоқда, деб ёзади россиялик таниқли урбанист Аркадий Гершман.

Гершман Самарқанд шаҳрининг Гагарин ва Рўдакий кўчалари кесишмаларида қурилиши назарда тутилган лойиҳани танқид остига олган. Қайд этиш лозимки, Гагарин-Мирзо Улуғбек чорраҳаларидан фарқли ўлароқ, ҳали бу манзилда ишлар тўлақонли бошланмаган, ҳали ҳам зарарли лойиҳани тўхтатиш мумкин.

«Иккита кенг тарқалган янглиш фикр бор: ҳар қандай янги қурилиш бу — яхшиликка, кўчалардаги автомобил тирбандлигини йўқотиш учун светофорлардан воз кечиб, йўлайиргич (развязка) қуриш. Принцип жиҳатдан олиб қаралса, шаҳар четидаги йўлларда йўлайиргичларнинг чиндан ҳам фойдаси тегади, лекин шаҳар кўчалари ҳақида сўз борганда йўлайиргичлар тирбандликни фақат 100 метр нарига кўчириб беришини, атрофдаги қулай муҳитни барча учун ўлдиришини англашимиз лозим. Инсон фақат йўлнинг чеккасида яшашга мажбур бўлади.

Математиклар ва транспортчилар ўтган асрдаёқ оддий чорраҳаларнинг ўрнига қуриладиган янги йўллар ва ўша йўлайиргичлар кўчада машиналар сони ошиши ва янги тирбандликларга олиб келишини исботлаб бўлишган. Шунинг учун ақлли шаҳарлар анчадан буён бу усуллардан воз кечиб борган — бунинг ўрнига жамоат транспорти, пиёдалар ва велосипед йўлакларини кўпайтиришга пулни аяшмаяпти. Бу — асосий масала.

Самарқандда эса жонли турар жой массиви ичидан шаҳар четида қад ростлаган янги турар жой массивига йўл солишга ва шаҳар марказидаги кўчани йўлайиргичли трассага айлантиришга қарор қилишди. Бунинг йўлида янги полосалар учун кўп йиллик дарахтлардан ҳам воз кечилмоқда, туннеллар қурилиши учун коммуникациялар кўчирилмоқда.

Бу ерда шаҳарни режалаштириш ва дизайн соҳасидаги классик хатолар такрорланмоқда: аввал тақир далада массив қурилади, кейин ундан одамлар қандай чиқиши ўйлай бошланади, бирйўла кенг, серсоя тротуарларга эга кўча асфалтли трассага айлантирилади.

Деталлар бўйича синчиклаб қаралса, вазият янада ёмон: туннеллар чорраҳаларнинг ўтказиш қобилиятини оширмайди, юқорида бурилиш учун мавжуд фазали светофорлар қолаверади, бу вақтда аввалгидан кўпроқ машиналар чорраҳага ёпирилиб кела бошлайди. Чунки чорраҳаларгача полосалар сони кам — бундай ёпирилма оқим чорраҳаларга ва кўчанинг бошқа тармоқларига юкламани оширади. Соддароқ қилиб айтганда, туннел ва унга кириш жойи унинг устидаги чорраҳага ўтиш учун навбат билан тўлиб қолади — йўл тирбандликдан халос қила олмайди, шунчаки янгиларини яратади.

Туннелли йўлайиргич тирбандликдан қутқара олмаслиги, уни 100 метр нарига кўчириб бериши бўйича Самарқандда тирик мисол бор — Олимпия захиралари коллежи олдидаги Бўстонсарой ва Рўдакий кўчаларида қурилган туннел сабаб барча тиқилинч Рўдакий-Даҳбед кўчалари кесишмасига кўчган.

Кошки ҳаммаси шу билан тугаса экан, бемаъни қурилиш кредит қарзлари эвазига амалга оширилмоқда. Республика маъмурияти Абу-Даби ривожланиш фондидан 17 йилга 300 млн доллар кредит олган, маҳаллий чиновликлар буни жон-жон деб қабул қилишган. Буларнинг барчаси ўша бюджет пулларига ишлаб чиқилган транспорт мастер-планида кўрсатиб ўтилган, шаҳар ичида трассалар ва йўлайиргичлар қурмаслик тўғрисидаги эслатмаларга зид тарзда амалга оширилмоқда. Боз устига, транспорт экспертлари мастер-планда ўша Қорасув массивигача трамвай линиясини тортишни мустаҳкамлаб қўйишган бўлса-да, бу қурилиш... пул йўқлиги сабабли кейинга қолдирилди.

Пировард оқибатда биз тиғиз соатларда автомобилчиларнинг ҳаётини ўнгламайдиган, тунлари шаҳар кўчасини пойга трассасига айлантирадиган, автобус ва трамвайларни қулай алмашиш имконини бермайдиган, ўша чорраҳа атрофида яшовчилар учун қулай муҳитни ўлдирадиган ва ўша кўчалар бўйлаб бизнесни касод қилиш эҳтимоли катта бўлган лойиҳага эга бўляпмиз. Ҳали буларнинг барчасига фоизи билан қарзни тўлаб қўйиш керак!

Бу қурилишлар бериши мумкин бўлган ягона плюс — туннел қуриш мумкин бўлиши учун кўча остидаги коммуникацияларнинг янгиланаётгани. Лекин аҳоли бир кўчанинг айрим жойида ўрнатилган янги қувурлар сабаб яхшиланишни сезмаса ҳам керак. Чунки коммуникация комплекс янгиланиши керак, нуқтали эмас.

Шу ўринда масалани қандай қилиб оқилона йўл билан ечиш мумкинлиги ҳақида.

Ҳамкасбим Александр Девяткин тиғиз вақтларда оқимларни ўлчаб кўриб, Рўдакий – Гагарин кўчалари кесишмасида энг самарали дизайнда чорраҳа лойиҳалаган эди.

Аниқланишича, бу ерда туннелнинг мутлақо кераги ҳам йўқ экан: полосаларнинг йўналишини ва светофорларнинг циклини ўзгартириш билан машиналар ҳаракатини яхшилаш, энг асосийси — ўша шаҳар четидаги Қорасув массивига тезюрар автобус линияси учун жой ҳам ажратиш мумкин. Ҳаттоки янги дарахтлар ўтқазиш учун жой ҳам қолади. Бу мавжуд чорраҳанинг мавжуд қатнов қисми ҳисобига ҳеч қандай йўл айиргичсиз барча учун қулай ва яхши натижа қилиш мумкин бўлган камёб ҳолат. Лекин афтидан, Самарқанддаги чиновликлар учун аҳолига яхшилик қилишдан кўра қурилишдан пул ишлаш афзалроқ кўринган», — деб ёзади Гершман.

Бу ҳақида аввал ҳам ёзгандим. Булар ҳозир шаҳарда «мендан кетгунча эгасига етгунча» қабилида юмалоқ ёстиқ қилиб туннел қуриб топширишади. Азобини биз тортамиз, бизнинг болаларимиз ва невараларимиз тортишади.

Ҳозир вилоятда бу қарорни ёқлаб, курсида ўтирган мансабдорлар 4-5 йилда лавозимини тарк этиши мумкин, қарзни 17 йил давомида биз ва авлодларимиз тўлаймиз. Гершман бўйинни сиртмоққа тиқиш деганда шуни назарда тутган. Вилоятдаги ҳозирги раҳбарларни ҳозирча бунга асло ишонтириб бўлмайди. Нимадир уларнинг кўзларини «кўр» қилиб қўйган.

Мен, албатта, бу пуллар беҳудага сарфланаётгани, куни келиб шаҳарга ўқиган, шаҳар ва унинг аҳолиси учун жон куйдирадиган ақлли-фаросатли раҳбарлар сайланиши (!), бу хато куни келиб бартараф қилиниши ва қурилаётган туннеллар бузиб ташланишига аниқ ишонаман.

Шуҳрат Шокиржонов тайёрлади.

Мавзуга оид