Жаҳон | 21:59 / 27.10.2023
15179
8 дақиқада ўқилади

Исроилнинг Ғазодаги қуруқлик амалиёти ортга сурилди. Бу АҚШнинг истаги билан бўлдими?

Исроил бош вазирининг Ғазодаги қуруқлик амалиёти бўйича мужмал баёноти Қўшма Штатларга тўла маъқул келади. Шу билан бирга, бу деярли уларнинг таъсирисиз рўй берди.

Фото: Reuters

Бинямин Нетаняҳу ўз баёнотида муддатни аниқ айтмаган, аммо Америкадаги CBS телекомпанияси аниқлашича, амалиёт бошланиши кейинроққа қолдирилган. BBC’нинг АҚШ Давлат департаментидаги мухбири Барбара Плетт Ашер бу масалани таҳлил қилди.

Вашингтон ўз роли ҳақида жуда мавҳум гапирмоқда, шу билан биргаликда бу амалиёт кечиктирилишининг афзалликларини яширмаяпти. 

Чоршанба куни АҚШ президенти Жо Байден Нетаняҳуга ҲАМАС гаровдагиларни озод этмагунича кутиб туришни таклиф қилгани, аммо ундан буни талаб қилмаганини айтганди.

Бу шарҳ АҚШнинг Исроилнинг фаластинликларга қарши уруши ҳақидаги қарашларини акс эттиради: Исроилнинг шу ой бошида тинч аҳолига қилинган бемисл ҳужумга жавобан ҲАМАСни тугатиш қатъиятини тўлиқ қўллаб-қувватлаш, шу билан бирга, Исроилнинг жавоби оқибатлари бўйича хавотирланиш.

Қўшма Штатлар маъмурияти, албатта, Исроил қўшини Ғазо секторига кирган заҳоти бунинг имкони бўлмаслигини билган ҳолда, ҲАМАС асирларини озод этиш учун ҳар қандай имкониятдан унумли фойдаланмоқчи.

Гаровдагилар сони 220 нафардан ортиқ, улар орасида Америка фуқаролари ҳам бор. Фаластинликлар улардан тўрт нафарини қўйиб юборгани эса бошқаларни ҳам қўйиб юбориши мумкинлиги ҳақида умид уйғотади.

Бу — президент администрациясининг вазифаси бўлса, Пентагоннинг асосий вазифаси — минтақага кўпроқ мудофаа қуроллари тизимларини олиб келиш ҳисобланади, айниқса Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган гуруҳлар Ироқ ва Суриядаги америкалик ҳарбийларга ҳужум қилишни бошлаганидан кейин.

Бу Исроил қўшинлари Ғазога кирганидан сўнг минтақада кескинлик янада кучайишидан хавотирларни кучайтирди. АҚШ юзага келган муҳлатдан ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун фойдаланмоқда.

Масалан, Давлат департаменти аллақачон Ироқ ва Ливандаги элчихоналарининг иккинчи даражали ходимларига мамлакатни тарк этишга рухсат берган. Ливан ай    ни вақтда чегара орқали исроиллик ҳарбийлар билан ракета зарбалари алмашаётган «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи базаси ҳисобланади.

Бундан ташқари, Давлат департаменти агар зарурат юзага келса, Америка фуқароларини минтақадан тўлиқроқ ҳажмда эвакуация қилиш учун фавқулодда вазиятлар режасини ишлаб чиқмоқда.

Шу билан бирга, Америка дипломатияси Байден Оқ уйга келганидан буён энг узоқ муддатли бўлаётган, давлат котиби Энтони Блинкеннинг Яқин Шарқ бўйлаб шиддатли сафари билан бошланган музокараларга жалб этилган. Бундан мақсад — можаро бутун минтақа бўйлаб ёйилишининг олдини олишга ҳаракат қилишдир.

Ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақириқлар

АҚШ томонидан тайёрланган БМТ резолюцияси унинг можарога ўзгарувчан ёндашувини умумлаштиради.

Исроил Ғазо секторини блокада қилиши оқибатида юзага келган гуманитар фалокат маъмуриятнинг Исроил ҲАМАСга жазо зарбаси бериши «шартлиги» борасидаги риторикасини юмшатди.

«Биз маълумот сўрадик, — деган АҚШнинг БМТдаги элчиси Линда Томас-Гринфилд. — Биз эшитдик. Биз [Хавфсизлик] кенгашининг барча аъзолари билан боғланиб, ўзгартиришлар киритдик, жумладан, гуманитар танаффуслар ва можародан қочган тинч аҳоли вакилларини ҳимоя қилиш бўйича формулировкани».

Бироқ, ўзгартиришлар киритилиши ҳам ёрдам бермади: Россия ва Хитой резолюцияга вето қўйишди, чунки, уларнинг фикрича, у ўт очишни тўхтатишга чақирмайди.

Американинг араб иттифоқчилари — Миср, Саудия Арабистони, Ливан, Иордания, БАА ва Фаластин мухторияти — Хавфсизлик кенгашининг бир кунлик йиғилишидан кейин бирин-кетин ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақира бошлади.

Уларнинг аксар қисми ҲАМАСни ёқтирмайди, айримлари эса гуруҳнинг мағлубиятини кўришни исташи ҳам мумкин, аммо уларнинг реакциясига Исроилнинг тўлиқ блокадаси ва Ғазо сектори бомбардимон қилиши ўз таъсирини кўрсатди.

Оқ уй вакили Жон Кирби агар ўт очишни тўхтатиш ҳозирнинг ўзида рўй берса, бу «фақатгина ҲАМАСнинг фойдасига ишлаши»ни билдирди.

Резолюцияда халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилиш зарурлиги ҳақидаги кескин формулировка мавжуд бўлса-да, Давлат департаменти ҲАМАС инфратузилмасини йўқ қилиш даъвоси билан Ғазо секторини интенсив ўққа тутиш орқали Исроил ҳам халқаро ҳуқуққа риоя этаётгани ёки йўқлиги борасида расмий қарорга келмаган.

Авиазарбалар оқибатида Ғазо шаҳрида бутун кварталлар вайронага айланиб, тинч аҳоли вакилларидан 7000 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, уларнинг учдан бир қисми болалар экани айтилган. Лекин бу рақамлар фақат ҲАМАС назорати остидаги Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан келтирилган.

Президент Байден бу рақамларга «ишонмаслиги»ни маълум қилган.

Давлат департаменти вакили Мэтю Миллер Исроил «фуқаролик инфратузилмаларида жойлаштирилган қонуний ҳарбий нишонлар»га зарба йўллаётганини айтиб, АҚШ Ғазо сектори ичкарисидаги тинч аҳоли учун хавфсиз ҳудуд ташкил этишга ҳаракат қилишини қўшимча қилган.

Ҳозирча хавфсиз ҳудудлар яратиш масаласида ҳеч қандай ўзгаришлар бўлмади, аммо америкаликлар Миср чегараси орқали Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами йўлини очишга муваффақ бўлди ва унинг оқимини ошириш устида иш олиб боришда давом этмоқда.

«Бу бошқотирма каби»

Жо Байден бу масала билан шуғулланишни тажрибали дипломат Дэвид Саттерфилдга топширган. У чет эл давлати паспортига, жумладан АҚШ фуқаролигига эга бўлган фаластинликларни ҳам Ғазодан олиб чиқишни ташкиллаш этишга ҳаракат қилмоқда.

«Бу қанчалик қийинлигини тасаввур қилиш мумкин, — дейди Давлат департаменти вакили. — Биз тўғридан тўғри ҲАМАС билан эмас, Исроил, Миср ва ҲАМАС билан биргаликда ишлашимиз керак бўлади».

«Бу бошқотирмага ўхшайди: сиз бир кичик бўлакни бирлаштирасиз, аммо кейин навбатдаги муаммо юзага келади ва бу қисмни бирлаштириш учун яна ўша масалани барча томонлар билан муҳокама қилиш керак бўлади», — деган у.

Асосий муаммо шундаки, қуруқлик орқали босқин бошлангач, янги юзага келган гуманитар йўлак билан нима бўлиши мутлақо номаълум. Шу билан бирга, Вашингтон Исроилга стратегияси ва тактикаси борасида босим ўтказишда давом этмоқда.

АҚШ ЦАҲАЛ [Исроил мудофаа кучлари] турли сценарийларни режалаштиришда инобатга олиши керак бўлган баъзи мураккаб масалаларда, жумладан тинч аҳоли орасида қурбонларни минималлаштириш бўйича маслаҳатлар бериши учун Ироқдаги кўча жангларида иштирок этган америкалик зобитларни юборган, деган Пентагон расмий вакили, бригада генерали Патрик Райдер.

Ҳарвард университетининг халқаро муносабатлар бўйича профессори Стивен Уолтга кўра, АҚШ ўз позициясини ўзгартиришга уринаётганига можаронинг кучайиб бораётгани билан бир қаторда дастлаб Исроилни қўллаб-қувватлашда «бир томонлама» реакция кўрсатгани кўплаб танқидларга учрагани ҳам сабаб бўлиши мумки.

«Катта эҳтимол билан, улар бу можаро Қўшма Штатларга ҳам, Исроилга ҳам ҳеч қандай яхшилик олиб келмаслигини тушунаётган бўлса керак, — деган у. — Глобал Жанубнинг катта қисмида бизни барча асосли сабаблар билан Россиянинг Украинани босиб олишига фаол қарши турган ҳолда 50-60 йил мобайнида Исроилнинг [Фаластинни] оккупация қилишига қарши туришда жуда кам иш қилаётган иккиюзламачи одамлар деб ҳисоблашади».

Америка маъмурияти ҲАМАСнинг 1400 дан ортиқ одам ўлимига сабаб бўлган ҳужуми кўлами ва шафқатсизлиги уни Исроил-Фаластин можаросидаги бошқа ҳужумлардан ажратиб туришига урғу қаратган.

Аммо Вашингтоннинг жадал аралашуви, катта эҳтимол билан, АҚШ Исроил ҲАМАСга қарши урушда ғалаба қозонган тақдирда ҳам жамоатчилик фикри ва минтақадаги мавқейи нуқтайи назардан ютқазиши мумкинлигидан жиддий ташвишда эканини англатади.

Мавзуга оид