Ўзбекистон | 20:39 / 30.10.2023
9943
2 дақиқада ўқилади

Президент Тошкент аэропорти, унга олиб борувчи йўлларни кўздан кечирди

Шунингдек, мутасаддиларнинг Тошкент шаҳридаги иқтисодий ва ижтимоий соҳа объектларининг куз-қишга тайёргарлик ҳолати юзасидан ҳисоботини тинглади. 

Президент Шавкат Мирзиёев 30 октябр куни Тошкент шаҳрида куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш, транспорт инфратузилмасини яхшилаш бўйича олиб борилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш мақсадида қатор объектларга ташриф буюрди. 

Давлат раҳбари мазкур йўналишлардаги ишларнинг бориши ҳамда бунёдкорлик жараёнлари билан танишувни Тошкент халқаро аэропортига олиб борувчи йўл ўтказгичдан бошлади. 

Қайд қилинишича, Бобур кўчаси бўйлаб Кичик ҳалқа йўли ва темир йўл устидан ўтган кўприкка ёндош яна бир эстакада қурилмоқда. У йиғма монолит услубида. Қурилиш битгач, кўприкнинг эни 46 метрга етади. Бир кеча-кундузда 20 минг транспортни ўтказиш қобилиятига эга бўлади. Илгари бу кўрсаткич 9-10 минг атрофида эди. 

Кўприк ёнида 2 та айлана, 4 та ёйсимон шаклдаги чиқиш-тушиш йўли барпо этилмоқда. Бу қайрилиб олиш хавфини йўқотиб, бошқа йўллардаги ҳаракатга қўшилишни осонлаштиради. Шунингдек, кўприк устида пиёдалар ва велосипедлар йўлаклари ҳам кенгайтирилди. 

Президент бу ердаги қурилиш жараёни билан танишди. Туташ йўлларда ҳам пиёдалар ва автомобиллар ҳаракатига қулайликларни ошириш, атрофни кўкаламзорлаштириш бўйича кўрсатмалар берди. 

Айни кунларда Тошкент халқаро аэропортининг яна бир терминали реконструкция қилинмоқда. Лойиҳага кўра, бинонинг ташқи ва ички кўриниши миллий тусда пардозланади, кириш-чиқиш йўлаклари кенгайтирилади. Меҳмонларни кутиб олиш ва уларга хизмат кўрсатиш учун қулайликлар оширилади. Шунингдек, терминалга ёндош ҳудудлар ободонлаштирилади. 

Давлат раҳбари ушбу қурилиш ва ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди. Йўловчиларга хизмат кўрсатишни яхшилаш ва тезкорлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Шунингдек, мутасаддиларнинг иқтисодий ва ижтимоий соҳа объектларининг куз-қишга тайёргарлик ҳолати юзасидан ҳисоботи тингланди. Бу борадаги ишларни жадаллаштириш ва сифатли якунлаш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.

Мавзуга оид