22:04 / 01.11.2023
8469

Германия суди Алишер Усмоновнинг ҳибсга олинган мулкини қайтаришни буюрди 

Шу билан бирга, унинг Германиядаги мулкларида тинтув ўтказиш мақсадида берилган ордерлар ноқонуний деб топилди. 

Фото: Reuters

Германиянинг Франкфурт-Майн шаҳри суди мамлакат Бош прокуратураси томонидан россиялик тадбиркор, USM ҳолдинги асосчиси Алишер Усмоновга қарши тергов ҳаракатлари доирасида ҳужжатлар ва мол-мулкининг олиб қўйилишини ноқонуний деб топди ва эгасига қайтаришни буюрди. Бу ҳақда РБК хабар берди. 

Тадбиркор вакилларининг тушунтиришича, гап 2022 йил кузида Германия прокуратураси ва полицияси томонидан Бавариянинг Роттах-Эггерн шаҳарчасида, Ҳамбургдаги «Дилбар» яхтасида, шунингдек, Алишер Усмоновнинг дўстига тегишли кичкина квартирада ўтказилган тинтувлар пайтида олиб қўйилган нарсалар ҳақида кетмоқда. 

2023 йил май ойида Франкфурт-Майн суди «пул ювиш» иши бўйича тергов доирасида берилган тўртта ордерни ноқонуний деб топди, деб таъкидлади Усмонов матбуот хизмати. 

Шунингдек, тадбиркорнинг адвокатлари судга мурожаат қилиб, прокуратура томонидан тинтув чоғида олиб қўйилган ҳужжатлар ва мол-мулкдан фойдаланишни тўхтатишни талаб қилишган. 26 октябр куни Германия суди бу талабни қондирди, дейилади хабарда. 

Усмоновнинг ҳимоячилари тадбиркорнинг таъқиб қилинишини «асоссиз ва сиёсий мотивлаштирилган» деб атамоқда, ҳамда «Германия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан кўплаб қонунбузарликлар содир этилганига» ишора қилмоқда. 

Алишер Усмонов 2022 йилдан бери Европа Иттифоқининг санкциялари остида. У санкцияларни олиб ташлаш талаби билан судга мурожаат қилган. Германия тергов органлари Усмоновни пул ювиш ва солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда гумон қилмоқда. Spiegel ёзганидек, терговчилар тадбиркор 2014-2022 йиллар оралиғида 555 миллион евро миқдоридаги солиқларни тўламаган деб ҳисоблашмоқда. Усмонов барча айбловларни қатъиян рад этяпти. 

2023 йил ёзида Франкфурт-Майн суди Усмоновнинг мюнхенлик адвокатлари идораларида ўтказилган тинтувларни ноқонуний деб топган эди. Тадбиркор вакилининг айтишича, немис судининг қарори миллиардерга қўйилган айбларнинг «асоссизлиги»ни тасдиқлайди.

Top