Эксперт баҳолашларига кўра, фармацевтика секторида яширин айланма нисбатан арзимас бўлиб, умумий фармацевтика маҳсулоти айланмасининг 5-12% доирасида ўзгариб туради.

Алкоголь маҳсулоти бозорларида яширин айланма этил спирти ва кучли спиртли ичимликлар ишлаб чиқариш ва сотиш сегментида кенг тарқалган. Эксперт баҳолашларига кўра, бу сегментларда яширин айланма 15 дан 35%гача диапазонда ўзгариб туради. Бунда кейинги пайтларда яширин айланма улушининг ўсиши кузатилмоқда.

Сигаретлар бозорида эса, аксинча, репрезентатив миқдорий тадқиқотлар мунтазам ўтказилади, 2021 йилдан бошлаб ноқонуний сигарет айланмаси улуши узлуксиз ва жадал ўсиб бормоқда. Агар 2020 йил сентябр ойида у умумий бозор ҳажмининг 4,3% ни ташкил қилган бўлса, 2022 июлда – 14,9%, 2023 йил июль ойига келиб эса, нақ 24,8% ни ташкил қилган. Эътиборлиси, яширин айланма амалда мутлақо контрабандадан иборатдир.

 Ўзбекистонда қонуний ва ноқонуний сигарет савдосининг нисбати, табиий сотувлар ҳажмидан фоизларда, %да, 2013-2023 йиллар.

Яширин айланма туфайли юзага келадиган таҳдидлар ва йўқотишлар

Мазкур бозорларда яширин айланманинг мавжудлиги ва кенгайиши истеъмолчилар, иқтисодиёт ва давлат учун салмоқли таҳдидлар ва йўқотишларга эга:

  • Сифатсиз, айрим ҳолларда саломатлик ва ҳаёт учун хавфли маҳсулотларни ишлатишдан истеъмолчилар саломатлигига ва ҳаётига таҳдидлар. Биринчи навбатда бу фармацевтик маҳсулотларга тааллуқли, лекин алкоголли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари ҳам бундан холи эмас.
  • Контрабанда бозордан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларини сиқиб чиқаради, бу тегишли ва ёндош иқтисодиёт тармоқларида ишлаб чиқариш ва бандлик даражасига; маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ишлаб чиқариш қувватлари тўлақонли ишлашига ва маҳсулот таннархига; ноқонуний импорт улуши юқори бўлган тармоқларнинг инвестицион жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатади.
  • Контрабанда ва яширин айланма – жиноятлар, жумладан коррупция кучайишининг энг муҳим сабаби ва омилидир, чунки кўп ҳолларда улар жиноий гуруҳлар томонидан, давлат амалдорларининг ё ҳомийлигида ёки индамай розилиги остида амалга оширилади.
  • Давлат бюджети яширин айланмадан яққол йўқотишларга учрайди. Маъруза муаллифлари баҳолашларига кўра, 2023 йилда биргина сигарет бозорида акциз ва ҚҚС бўйича бюджет йўқотишлари 1 трлн сўм – режалаштирилган бюджетнинг 0,43% ни ташкил қилди. Кучли спиртли ичимликларга белгиланган акциз ва ҚҚС тўлиқ олинмаганлигидан бундай йўқотиш (яширин бозор ҳажми юзасидан энг консерватив баҳолашларга кўра) – 550 млрд сўм ёки бюджетга режалаштирилган тушумнинг 0,24 фоизи.