Қатар суди Исроил фойдасига жосуслик қилгани Ҳиндистон фуқароларини ўлимга хукм қилди. Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлиги бу ҳукмдан лол қолгани, бу борада Доҳа билан музокара ўтказилишини билдирган.
Собиқ ҳинд ҳарбийлари
Ўлимга ҳукм қилинганларнинг барчаси Қатардаги хусусий компанияда ишлаётган ҳиндлар бўлган. Улар ўтган йил август ойида қўлга олинган, шу вақтгача тергов ва суд жараёни давом этган. Ҳар икки томон ҳам айблов ҳукмини эълон қилмаган. Reuters'га кўра, ўлимга ҳукм қилинганларнинг барчаси Ҳиндистон ҳарбий-денгиз флоти – Navy собиқ офицерлари бўлган.
«Биз [ўлимга ҳукм қилинганларнинг] оила аъзолари билан алоқада бўлиб турибмиз. Ҳуқуқшунослар вазиятдан чиқишнинг қонуний чораларини қидирмоқда. Бу ишга жиддий эътибор қаратамиз. Ҳукм Қатар томони билан ҳам муҳокама қилинади», дейилади Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида. Вазирлик иш бўйича суд ҳукмини кутаётганини қўшимча қилган. Ҳиндистон томони берган хабарда ишнинг махфийлиги сабаб у ҳақда қўшимча маълумот тақдим этилмаслиги айтилган.
Ўлимга ҳукм қилинган ҳиндлар Қатар махсус хизматлари томонидан 2022 йил август ойида қўлга олинганди. Уларга нисбатан 2023 йил март ойида айблов эълон қилинган. «Жосуслар» Қатар қонунлари бўйича суд қилинган. Маҳбусларни гаров эвазига қўйиб юбориш бўйича сўровлар бир неча марта рад этилган. Қатардаги биринчи инстанция суди 26 октябр куни улар устидан ҳукм чиқарди. Ҳозирча ҳиндлар Исроил фойдасига жосуслик қилишда айбланаётгани маълум холос. 8 «агент» орасида ўз вақтида Ҳиндистон ҳарбий кемаларини бошқарган командирлар ҳам бўлган.
Моссад раҳбари Қатарга борди
Қатар Исроилга жосуслик қилган ҳиндларни ўлимга ҳукм қилиши Яқин Шарқда XXI асрдаги энг қонли урушлардан бири давом этаётган вақтга тўғри келди. Араб давлатлари билан илиқ муносабатда бўлмаган Исроил Қатарга нисбатан бошқача қарашда бўлишга мажбур. Чунки айнан Қатар ҲАМАС қўлида бўлиб турган исроиллик асирлар борасида асосий воситачи давлат бўлиб турибди. Нетаняҳу ҳукумати эса асирлар сабаб исроилликларнинг жиддий босими остида қолмоқда.
30 октябр куни Исроил махсус вазифалар бўйича разведка ташкилоти Моссад директори Давид Барнеа Қатарда бўлиб араб давлатининг юқори мартабали мулозимлари билан ҲАМАС қўлида қолаётган 235 нафар исроиллик асирлар борасида музокара ўтказган. Учрашув давомида Қатарда айнан Исроил фойдасига жосуслик қилгани учун ўлимга ҳукм қилинган ҳиндлар масаласи ҳам кўтарилгани аниқ эмас. Чунки айни дамда асирликда қолаётган исроилликлар масаласи асосий муҳокама мавзуси бўлиб турибди.














